...

...

AGROBLOGER

Бухоро вилояти туманларида жорий йилги мавсум учун 197 та юқори унумли ғалла ўриш комбайни тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, мавсумга шай ҳолга келтирилди. Шундан 155 донаси “Кейс” русумли, 42 донаси “Класс доминатор –130” русумли ғалла ўриш комбайнларидир.

– Мазкур агрегатларни мавсумга техник жиҳатдан соз ҳолда таъмирлаш мақсадида ҳудудлардаги 11 та таъмирлаш масканига йиғилиб, тегишли мутахассислар ёрдамида хатловдан ўтказилди, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Шуҳрат Илёсов. –Зарур эҳтиёт қисмлари билан таъминланди. Аниқланган носозликларни бартараф этиш, хизмат кўрсатиш ишлари “ЎзКейссервис” ва “ЎзКлассервис” қўшма корхоналари ҳамда туманлардаги масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Агросервис МТП” ларининг муҳандис-техник ходимлари томонидан олиб борилди. Талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда хатлов жараёнида 6 миллиард 646 миллион сўмлик маблағ эҳтиёт қисм таъминотига, таъмир ишлари учун молиялаштирилди. Ўрим-йиғимда зарур бўладиган эҳтиёт қисмлар республика марказий таъминот базаларидан келтирилиб, захира яратилди.

Жорий йил ғалла ҳосили учун айни кунда вилоятда жами 60 минг 600 гектар ерда сара навли буғдой етиштирилган. Давлат шартнома режаси 135 минг 572 тоннани ташкил этади. Шундан 15 минг 100 тоннаси — уруғлик дон. 

Вилоятда бевосита ғаллачиликка ихтисослашган 2 минг 926 та фермер хўжалиги билан мавсум олдидан тузилган давлат шартнома режаларига мувофиқ агротехник тадбирлар талаб даражасида олиб борилди. Мутахассислар мўлжалига биноан мавсумда етиштириладиган ва қайта ишлашга йўналтириладиган ялпи хирмон салмоғи ҳам 363 минг 600 тоннага етказилиши белгиланган. Шунда ҳар бир фермер хўжалиги ҳисобига буғдой етиштириш бўйича гектарлар ҳосилдорлиги 60 центнердан оширилади. Давлат шартнома режасида кўрсатилганидан ортиқча етиштирилган дон хўжаликлар жамоалари моддий манфаатдорлигини таъминлашга сарфланади.

Мавсумда ўрим-йиғим ишларини самарали ташкил этиш мақсадида айни кунда 197 та отряд тузилган. Уларга дон ташишда кўмакдош бўладиган 960 та юк автомашинаси, 44 та кўчма таъмирлаш устахонаси, ёқилғи – мойлаш маҳсулотлари ташувчи транспорт воситалари жалб қилинган. Ҳар йилги анъанага мувофиқ, ғалла ўрим-йиғими Қоровулбозор туманидаги фермер хўжаликлари далаларидан бошлаш кўзда тутилган. 

 

Зариф Комилов, ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page