...

...

AGROBLOGER

Ўзбекистонда помидор ва бодринг кузги-қишки, қишки-баҳорги ва ўтувчан айланиш мавсумларида қишки иссиқхоналарда етиштирилади. Бу айланишларнинг бошланишидаги ҳарорат шароитлари ва ёритилганлик даражаси билан сезиларли фарқ қилади. Шу сабабли кўчат етиштиришнинг давомийлиги турли айланишларда бир хил эмас. Кузги-қишки ва ўтувчан айланишларда бодринг доимий жойига тўғридан-тўғри уруғ билан экилади, бу айланишларда кўчат тайёрланмайди. Бодринг кўчати фақат қишки-баҳорги айланишда экиш учун тайёрланади, бунда кўчатлар 10 январдан 10 февралгача экилади ва кўчат 30-35 кун мобайнида тайёрланади. Помидор барча айланишларда албатта кўчатдан экилади. Ёруғликни етарли бўлиши сабабли кузги-қишки айланиш учун кўчат етиштиришни давом этиши 30-35 кунни, ўтувчан мавсум учун эса 35-40 кунни ташкил этади. Қишки-баҳорги айланиш, ёруғлик шароитининг энг ёмон даврига тўғри келиб, у декабр-январ ойларининг ярмидан бошланади. Бу айланиш учун помидор кўчати ойнаванд иссиқхоналарда 60-70 ва плёнкалиларда – 5060 кун мобайнида тайёрланади. Баҳорги иситилмайдиган иссиқхоналар ва вақтинчали плёнкали тоннел қурилмалар учун помидор, бодринг ва бошқа экинларнинг кўчатлари худди очиқ ер учун тайёрлангандек етиштирилади, аммо 2-3 ҳафта эртароқ. Ўзбекистонда кўкат сабзавотлар кўчатидан фойдаланмаган ҳолда, уруғини тўғридан-тўғри иншоотларнинг тупроғига экиб етиштирилади. Қишки-баҳорги айланиш учун кўчатлар иситиладиган ойнаванд ёки плёнкали кўчат ўстириладиган иссиқхоналарда ёки уларнинг кўчат бўлимида етиштирилади. Кузги-қишки ва ўтувчан айланиш мавсумлари учун помидор кўчатлари бўш турган ойнаванд иссиқхоналарда етиштирилади, бунда вирус ташувчи айрим ҳашаротлар учиб киришини олдини олиш мақсадида дарчалари зич тўр билан қопланади. Айрим ҳолларда кўчат етиштириш учун катта ҳажмли тоннеллар устига ўша мақсадда зич тўқилган тўр қопланиб жиҳозланади. Ҳимояланган ер учун кўчат етиштирилаётганда карантин ва профилактика қоидаларига қатъий амал қилинади. Кўчат етиштириладиган иссиқхона ва уни бўлими фумигантлар ёки формалин билан ишланиши керак. Идишлар, инвентар ва уруғлар дезинфекция қилинади. Кўчат етиштириш бўлимига сабзавот етиштириладиган иссиқхоналар томонидан кириш беркитилиб, кўча томондан вақтинча ўрнатилган эшик орқали кирилади. Кириш эшиги олдига оёқ кийимларни дезинфекция қилиш учун дорили идиш қўйилади. Ишчилар махсус оёқ кийими ва халат оладилар, бегоналарни кўчат бўлимига кириши тақиқланади. Ўсимликларни ҳимоя қилиш ходимлари профилактик чора-тадбирларга амал қилишни кузатиш билан бирга, текширувлар ва ишлов беришларни амалга оширадилар. Кўчатларни етиштиришда экишга яроқлиги юқори сифатли бўлган олдиндан текширилган ва экиш олдидан ишлов берилган уруғлардан фойдаланилади. Уруғни юқори сифатли бўлиши ва улар учун қулай шароитни яратиб берилиши сарфланадиган уруғ миқдорини маълум даражада камайтиришга имконият беради. 1 га иссиқхона майдонига кўчат тайёрлаш учун 150-180 г помидор уруғи ва 0,8-1,0 кг бодринг уруғи етарлидир. Уруғларни зарарсизлантириш учун уларга икки босқичда термик ишлов бериш энг самарали ҳисобланади. Помидор ва бодринг уруғлари термостатда олдин уч сутка мобайнида 50°С да, сўнг 76-78°С да бир сутка мобайнида қиздирилади. Помидор дурагайларининг уруғлари, тамаки мозаика вирусига ген жиҳатидан чидамли бўлса қиздирилмайди. Уруғ экиш олдидан кўздан кечирилади ва пуч ҳамда эзилганлари қўлда териб ташланади. Уруғ айнан экиш олдидан 15-20 минут давомида 0,5-1,0% калий перманганат эритмаси билан ишлов берилади, сўнг тоза сувда ювилади. Бодринг ва помидор уруғлари 0,005% натрий гумат эритмасида 24 соат мобайнида ивитилса, шунингдек уларни микроэлементлар эритмасида ивитиш ҳам уларда модда алмашувини ва ўсимликни ўсишини тезлаштиради. Микроэлементлар идишида илова қилинган тавсияларга асосан қўлланиши керак. Кўчат ҳимояланган ерларга барча айланишлар учун албатта тувакча ёки кубикларда етиштирилиши керак. Помидор бодринг, чучук қалампир, қовун кўчатлари учун тувакчалар, қишки-баҳорги айланиш учун 10×10×10 см, қолган айланишлар учун эса 8×8×8 см ли катталикда тайёрланади. Заводда тайёрланган торфли тувакчалардан фойдаланиш энг қулайдир. Бундайлари бўлмаса бошқа материалдан тайёрланганларидан фойдаланилади. Уни қаттиқ қоғозлар ва полиэтилен енглардан тайёрлаш мумкин. Озиқа кубикчаларини ҳам тайёрлаш мумкин. Тувакчаларни тўлдириш ва кубикларни тайёрлаш учун тоза торфдан ёки тупроқ-чиринди қоришмаси қўшиб тайёрланган аралашма энг яхши компонент (таркиби қисм) ҳисобланади. Ўзбекистон шароитида озиқа аралашмасининг асосий таркибий қисм чиринди бўлиб, уни аралашмани умумий ҳажмга нисбатан 1/2 дан 2/3 қисмгача олинади ва унга чим тупроқ, компостирланган ғоваклаштирувчи материаллар ёки қум қўшиб тайёрланади. Ғоваклаштирувчи материалларни дастлабки компостлаштиришда, тупроқ ва чиринди миқдорини камайтириб, уни 40% гача олиш мумкин. 1 м3 аралашмага қуйидаги миқдорда ўғитлар солинади (г): аммиакли селитра – 300, қўшсуперфосфат – 400, аммоний сульфат – 400, калий сульфат – 400500, мис купороси – 1,5, аммонийли молибден – 3, марганец сульфат – 2,25, натрий сульфат – 0,7, рух сульфати – 0,7. Бодринг кўчатини ўситиришда уруғ тувакчага экилиб пикировка қилмасдан етиштирилади. Помидор кўчати ҳам пикировка қилиниб ҳам пикировка қилмасдан етиштирилади. Пикировка қилмай етиштирилганда уруғ тувакча ёки кубикларга экилади. Пикировка қилиб етиштирилганда уруғ тупроққа экилади, сўнг майсалар тувакчаларга пикировка қилинади. Майсазор кўчат тупроғидан тайёрланган эни 1,5 м бўлган эгатларга жойлаштирилади. Уруғ, тупроқ устидаги маркер излари бўйлаб олинган эгатчаларга, 1 см чуқурликка экилади. 1 га ли иссиқхонага помидор кўчатини тайёрлаш учун 50 м2 майдонли майсазор зарур. Ҳимояланган ерга кўчат тайёрланганда уни доимий жойига кўчириб экишдан олдин чиниқтирилмайди, чунки у бир хил шароитда кўчириб ўтказилади. Экиш учун соғлом, ривожланиши бир хил бўлган кўчатлар танлаб олинади, касалланиш аломатлари бўлган ва сифатсизлари чиқитга чиқарилади. Кўчатлар яшикларга 10-12 тупдан жойлаштириб махсус этажеркаларни токчаларига қўйиб иссиқхоналарга ташилади. 


Телеграмда AGROBLOGER канали:

@agrobloger

Report Page