...

...

FERMER

Навоий вилояти ғаллакорлари жорий йил ҳосили учун 38 минг 39 гектар майдонга бошоқли дон экиб, парваришлади. Гарчи об-ҳаво шароити ноқулай кечган бўлса-да, фермерлар ҳар бир кундан унумли фойдаланган ҳолда мўл ҳосил етиштирди.

Вилоятда жорий йил ғалла ҳосилини ўз вақтида сифатли ўриб-йиғиб олиш мақсадида 920 та фермер хўжалигида 101 та отряд ташкил қилиниб, 909 нафар масъул жалб қилинди. Отрядларга 101 дона юқори унумли комбайн, шундан 35 дона “Кейс”, 66 дона “Доминатор”, дон ташиш ишларида қатнашадиган 672 дона юк автомобили, 112 дона трактор тиркама, 16 дона кўчма устахона ва 45 дона ёқилғи ташиш воситалари бириктирилди.

– Жорий йилда барча дон қабул қилиш масканлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, мавсумга шай ҳолатга келтирилди, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Зулфия Бобоева. – Ғалла парвариши билан боғлиқ барча агротехник тадбирлар, жумладан, маҳаллий ва минерал ўғит билан озиқлантириш, суғориш ишлари белгиланган талаблар асосида олиб борилди. Ушбу агротехник тадбирлар инспекция ходимлари томонидан мунтазам назорат қилиб борилди.

Ўрим мавсуми бошланиш аввалида Қизилтепа туманидаги “Валиобод” фермер хўжалиги даласида семинар ташкил этилди.

Унда вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Нормат Турсунов, фермерлар ва соҳага дахлдор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, бу йилги янги тизим асосида 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилмоқда. Давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилги 1,5 миллион сўмдан бу йил 3 миллион сўмга оширилди. Шу нархда харид қилинган буғдой ойма-ой биржага чиқарилади, агар нархлар ошса, фермерларга ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади. Бу эса фермерларимиз ва ғаллачилик кластерлар учун жуда катта имкониятдир.

Жорий йилда Қизилтепа туманида 251 та фермер хўжалигининг 10 минг 224 гектар майдонида ғалла етиштирилди. Мавсумни ўз вақтида якунлаш мақсадида 30 та отряд ташкил қилинган.

– Ҳар йили вилоятда Қизилтепа туманининг Ўрта чўл ҳудудида биринчилардан бўлиб ғалла ўрим-йиғимига киришилади, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Қизилтепа туман бўлими бошлиғи Эркин Азимов. – “Ўртачўл” ҳудудида 83 та фермер хўжалигининг 3 минг 534 гектар майдонига ғалла экилган. Туман бўйича ғалла ўрими ишларига 30 та комбайн жалб этилган бўлиб, ходимлар томонидан комбайнлар техник созлиги текширилиб, сертификатлар берилди. Дон қабул қилиш шохобчаларининг мавсумга шайлиги ўрганилди. Ғалла ўрим-йиғими билан боғлиқ барча тадбирлар инспекторлар томонидан назорат қилиб борилмоқда.

“Валиобод” фермер хўжалиги нафақат туман ва вилоятда, балки республикада ҳам илғор хўжаликлардан бири саналади. Унга “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Раъно Валиева раҳбарлик қилади. Мазкур фермер хўжалиги ҳар йили ғалла ва пахтачиликда биринчилардан бўлиб белгиланган режани ортиғи билан бажаради.

– Жорий йил ҳосили учун 52 гектар майдонга буғдойнинг “Аср” навини экиб парваришладик, – дейди Р.Валиева. – Белгиланган режамиз гектарига 25 центнер. Лекин далада етиштирилган ҳосилимиз чўғига қараганда камида 70 центнердан ҳосил олиш олиш ниятидамиз. Даромадимиз ҳам шунга яраша бўлади. Омборимизга тўкилган доннинг бир қисмини ишчиларимизга тарқатамиз.

Ризқ-рўзимиз бўлган буғдойни исроф қилмасдан йиғиштириб олишда далаларда меҳнат қилаётган деҳқонлар, фермерлар, комбайнчилар ва бу жараёнга масъул бўлган бошқа мутасаддиларнинг фидойилиги таҳсинга лойиқ. Зеро, уларнинг бугунги машаққатли меҳнати эртанги фаровон турмушимиз ва дастурхонимиз тўкинлигини таъминлайди.


FERMER канали

Абдували Бўриев, ЎзА

Report Page