...

...

AGROBLOGER

Шафтоли Ўзбекистонда энг кўп етиштириладиган мевалардан бири ҳисобланади. У мевалар ичида етиштирилиш ҳажмининг кўплиги жиҳатидан 3-ўринда туради. Ўзбекистонда шафтолининг 50 дан ортиқ нави маданийлаштирилган бўлиб, улар навига қараб май ойидан то октябр ойига қадар пишиб етилади. Мамлакатимизда етиштирилган шафтоли меваларини нафақат юртимизда балки чет давлатларда ҳам севиб истеъмол қилишади. Ушбу мева қўшни давлатлар, айниқса Россия давлатига жуда кўп миқдорда экспорт қилинади.

Шафтоли меваси жуда тез бузилувчан ҳусусиятга эга. Шунинг учун олис масофаларга етказишда бир қатор қийинчиликлар туғилади. Шафтолининг аксарият навлари ёзнинг энг иссиқ кунларида пишиб етилади ва узоқ масофаларга юборишда махсус совитгичларга эга бўлган машиналар талаб қилинади. Экспортга юбориладиган шафтоли меваси ҳали тўлиқ пишиб етилмаган яъни юмшаб улгурмаган бўлиши зарур.

Экспорт учун ёки совитгичли омборларда сақлаш учун пишишга яқин келган, қаттиқ, уринмаган, касалланмаган, бир хил катталикдаги меваларгина сараланади ва яшикларга жойланади.

Бунинг учун дастлаб, шафтоли мевалари узилади ва боғнинг ўзида йиғилади. Сўнгра яшикларга махсус тешикчаларга эга бўлган қоғоз ёки дока солинади ва икки қатор қилиб шафтоли мевасини терилади.

Агарда меваларга касаллик тегиб ёки қурт еган жойлари бўлса, мева ўша жойидан юмшаб пишади ва тезда чириб, атрофидаги меваларни ҳам зарарлаши мумкин. Меваларни териш-йиғиш жараёнида ҳам анчагина ҳосил уриниб қолиши ёки пишиб юмшаганлари бўлиши мумкин. Уларни яқинроқ бозорларга юбориш мумкин. Чунки юмшаган ва уринган мевалар узоқ масофаларга етиб бормайди, лекин бемалол истеъмол қилишга яроқли ҳисобланади.

Юмшаб ғарқ пишган меваларни бозорларга олиб бориш учун шафтоли баргларидан фойдаланилади. Бунда юмшоқ меваларни идишларга жойлаш жараёнида шафтоли баргини аралаштириб терилса, мевалар эзилмайди.

Меваларни яшикларга теришда ҳар бир меванинг соғломлиги кўздан кечирилади ва биринма-кетин қилиб жойланади. Бунда меваларнинг учки қисми бир-бирига қаратиб терилмагани маъқул, чунки, меванинг учки қисми баъзи навларда учкирроқ бўлиб, бир-бирини зарарлаб қўйиши мумкин. Меваларни яшикларга жойлаб бўлингандан сўнг, яшикларнинг икки чети махкамланиб, беркитилади. Маҳсулот узоқ масофага яхши етиб бориши учун, меваларни зичроқ териш зарур. Шунда ташиш жараёнида мевалар зарар кўрмайди ва сифатли ҳолда манзилга етказилади.


AGROBLOGER канали

mirishkor.uz

Report Page