...

...

@uzagroministry

Рашид Муҳаммадиев хотираси

2 iyun 2021

Инсон – ҳаётнинг гултожиси. Унинг қадри, ҳурмати ҳар доим эъзозга лойиқдир. Инсон хотираси оламдан ўтганларни эслашгина эмас, балки йиллар давомида садоқат билан меҳнат қилган устозлар хотирасини ҳурматлаш ҳамдир. Инчинун, ҳаётининг аксарият қисмини халқ фаровонлиги ва мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш ишларига бағишлаган Рашид Муҳаммадиев хотираси алоҳида ёд этишга лойиқ. Қашқадарё вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Рашид Уроқович Муҳаммадиев 57 ёшида вафот этди.

1964 йил Ғузор туманида туғилган Рашид Муҳаммадиев Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини тамомлагач, ўз иш фалиятини туман агросаноат бирлашмаси бош агрономлигидан бошлади. Соҳага бўлган қизиқиш ва меҳр туфайли у Қашқадарё вилоятининг қишлоқ ва сув хўжалиги тизимида турли йилларда турли масъул лавозим ва вазифаларни бажарди. Хусусан, Ғузор тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бошқаpмаси бошлиғи, Қашқадарё вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси деҳқончилик бўлими бошлиғи, Косон тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи, “Қашқадарё” Давлат ўрмон хўжалиги директори каби қатор лавозимларда вилоятнинг аграр соҳада ривожланиши йўлида самарали меҳнат қилган.

Шунингдек, Рашид Муҳаммадиев 2005-2017 йилларда Қамаши тумани ҳокими вазифасида ишлаган. 12 йиллик ҳокимлик даврида туманда олиб борилган ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар, аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш борасидаги тинимсиз ҳаракатлари билан алоҳида эътибор ва ҳурматга сазовор бўлди.


Албатта, юртимизда меҳнат қилган инсон ҳамиша эътироф ва эътиборга сазавор бўлган. 2014 йилда Рашид Муҳаммадиев “Дўстлик” ордени давлат мукофоти билан тақдирланган.


У нафақат яхши мутахассис, балки ўз инсонийлиги билан ҳам ҳар бир инсон кўнглидан жой ола олган танти Қашқадарё фарзанди эди.

5 фарзанднинг отаси бўлган Рашид Муҳаммадиев оилада талабчан ота, меҳрибон умр йўлдош ва сон-саноқсиз набираларига севимли бобожон ҳам эди.

Умрини қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишлаган Рашид Муҳаммадиев айни пайтга қадар Қашқадарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасида бўлим бошлиғи вазифасида ишлаб келмоқда эди.

Узоқ йиллар аграрнинг турли соҳаларида самарали меҳнат қилиб келган устоз, "Дўстлик" ордени соҳиби, камтарин инсон Рашид Муҳаммадиевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ўзбекистон Республикаси Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш мажмуаси жамоаси

Report Page