...

...

AGROBLOGER

Йирик жамоат бинолари олдидаги майдонларни кўкаламзорлаштиришда, ҳиёбонлар ташкил этишда, кўчаларни ободонлаштиришда катта ёшдаги дарахтларни кўчириб ўтқазиш энг самарали ва зарур тадбирлардан бўлиб саналади. Бунда қисқа вақт ичида лойиҳада режалаштирилган тўлиқ кўлам манзарасига (яшил композицияга) эришиш имкони яратилади.

Лекин катта ёшдаги дарахтларни кўчириб экиш кўп маблағ ва кўп меҳнат талаб қилади, шунингдек, кўчириб ўтқазиш ишларини юқори агротехник талабларга риоя қилган холда бажаришни ҳамда ўтқазилгандан кейин икки ва ундан кейинги йилларда синчковлик билан парвариш қилишни талаб этади. Шу сабабли, катта ёшдаги дарахтларни кўчириб ўтқазиш асосан, шаҳарнинг эътиборга лойиқ ва масъулиятли қисмида амалга оширилади.

Кўпгина дарахт турларини катта ёшида кўчириб ўтқазиш мумкин. Маълумки, илдиз тизими тупроқнинг юза қатламларида жойлашган дарахт турлари илдизи чуқур жойлашган экинларга нисбатан кўчириб ўтқазилганида тезроқ мослашиб кетади. Кўчириб ўтқазган япроқбаргли дарахтлар нинабарглиларга нисбатан яхши мослашади. Япроқбаргли дарахт турларидан ёғочи юмшоқроқ бўлганлари, ёғоч қаттиқ турларга нисбатан яхшироқ ўсиб кетади.

Кўчириб ўтқазилганидан сўнг яхши мослашадиган катта ёшдаги дарахтлар турларига: жўканинг барча ҳиллари; ўткир баргли заранг, явор, дала заранги, айлант, чинор, кўпгина тераклар, софора ва б. киради; нинабарглилардан эса –ғарб туяси, биота, гинкго, кумушсимон арча, тисс ва б. мансубдир.

Катта ёшдаги оқ қайин, бук, гледичия, каталпа, лола дарахти, тут, рябина, эман, илм, қарағай дарахтлари кўчириб ўтқазилганида ҳамма вақт ҳам яхши натижа бера олмайди. Қарағайлар ичида кўчириб ўтқазишда мослашадиган: веймут қарағайи, ундан кейинги ўринда турадиганлари –қрим ва қора қарағайлардир.

Бута турларини ҳам катта ёшида кўчириб ўтқазиш мумкин. Буталар ичида кўпчилиги: спирея, шамшод, ирғай, бирючина, настарин ва бошқалар яхши мослашади. Булардан кўра қийинроқ тутадиганлари – абелия, кизилник, крушина, лещина, жийда, магония, облепиха, тамарикс, шунингдек, дўлана ва ракитник.

Кўчириб ўтқазиладиган япроқбаргли дарахтлар ёши (эман, жўка, заранг, каштан, софора ва б.) 30-50 ёшдан ошмаган бўлиши, нинабарглилар ёши эса – 20-30 йилдан ортиқ бўлмаслиги лозим. Кўрсатилган вақт доирасида кўчириладиган дарахтлар бўйи 6-8 м га етади.

Кўчириб ўтқазиш учун соғлом дарахтлар танланиши тик ва шох-шаббаси тўғри шаклда бўлиши ҳамда манзараси жиҳатидан бир хил бўлган дарахтларнинг ёш нусхаларидан танлаб олиш мақсадга мувофиқ. Кўпчилик дарахтлар турларини кўчириб экиш учун қулай вақт – эрта баҳор бўлиб ҳисобланади. Эрта баҳорда, куртаклар ёрилмасидан олдин, кузда кўчирилганига нисбатан, тол, терак, магнолия, шафтоли, лола дарахти; буталардан эса – азолия, каликантус, дўлана, рододендрон; сумах ва тамарикслар тез мослашиб ўсади.

Нинабаргли дарахтларни эрта баҳорда, ўсиш бошланишидан олдин кўчириб ўтқазилгани маъқул.

Кўпчилик япроқбаргли турлар учун кўчириб ўтқазишнинг қулай вақти, шунингдек, кузги барг ташлаш давридир. Бу ишни совуқ бошланишидан олдин, айниқса, майин ёмғир даврда, булутли кунда бажариш мақсадга мувофиқ.

Совуққа чидамли дарахт турларини қишда ҳам кўчириб ўтқазиш мумкин. Бунда ҳаво ҳарорати –12-150 С дан паст бўлмаслиги лозим, шунингдек, дарахтларни олдиндан музлатиб, тайёрланган илдиз тупроғи билан бирга кўчириш керак бўлади.

Зарур бўлган шароитларда, истисно тариқасида, япроқбаргли дарахтларни ёз мавсумида ҳам кўчириб ўтқазиш мумкин. Бундай ҳолларда баргларнинг аксарият қисми олиб ташланади, шох-шаббаси соялатиб, дарахт танасини кичик бўз билан ўралади.

Ўзбекистон шароитида кўчириб ўтқазиладиган дарахтларнинг асосий турлари: баландлиги 8-10 м ва танаси диаметри 10-15 см бўлган эман, оддий шумтол, лола дарахти, гледичия, канада багрянниги, кумушсимон заранг, дала заранги, майда баргли қайрағоч, каштан, чинор, япон сафораси ва б. япроқбаргли дарахтлардир; нинабарглилардан –қрим қарағайи, можжевелник, биота. Кўчириб ўтқазиладиган дарахтларнинг илдиз тупроғини жойлаштириш учун ёғочдан тайёрланган махсус йиғма контейнерлар ишлаб чиқилган. Улар кесилган пирамидасимон шаклда бўлиб, юқори ва пастки сатҳи кесими 2:1 нисбатда. Контейнерларнинг тепа қисми – металлдан тайёрланган панжара бўлиб унинг мустаҳкамлигини ва қулайлигини таъминлайди. Амалиётда 3 та стандартдаги контейнерлар қўлланилади:

·    8-12 ёшдаги япроқбаргли дарахтларни кўчириб ўтқазиш учун: юқори кесимида 80×80 см, пастки қисмида 55×55см; баландлиги 100 см;

·    6-8 ёшдаги 60×60 см, пастки кесимида 45х45 см, баландлиги 60 см;

·    йирик ҳажмли япроқбаргли ва нинабаргли дарахтларни кўчириб ўтқазиш учун: юқори кесимида 110×110 см, пастки кесимида 75×75 см, баландлиги 100 см.

Контейнерлар қўлланганида дарахтларни кўчириб ўтқазиш ишлари енгиллашади ва тезлашади, чунки ўқ илдизларини кесиш усулидан фойдаланилмайди, шунингдек, контейнерлар бир неча марта қўллашга яроқлидир. Контейнерларда кўчириб ўтқазиш қуйидагича бажарилади: кран ёрдамида дарахт илдиз тупроғи пирамидасимон контейнерларда маҳкамланиб, кўтарилганида ўқ илдизлари ўзи узилади. Бундан ташқари, дарахтни автомобил кузовига солинганида ҳамда ташилганида дарахт танасининг машина ортидаги бортига тегиб шикастланишининг олди олинади.

Кўчириб ўтқазиладиган дарахтнинг илдизлари, биринчи ва учинчи стандарт контейнерларга жойлаштириш учун, илдиз тупроғининг атрофи бўйлаб 50 см энликда 120 см чуқурликда қазиб чиқилади. Шундай қилинганида дарахтни илдиз тупроғи билан контейнерларга жойлаштиришда ишчига қулайлик яратилади. Жойлаштиришдан аввал, контейнер икки бўлакка ажратилади, ҳар бир бўлаги дарахт илдиз тупроғи атрофининг қарама-қарши томонидан туширилади, бир-бирига қарата, томонлари яқинлаштирилади. Шундан сўнг, арматура боғичларининг эркин ҳолдаги учки қисми қарама-қарши жойлашган контейнер томонларидаги тешикчаларга тўғрилаб, тортиб, гайкалар ёрдамида маҳкамланади. Контейнер деворлари ва илдиз атрофидаги бўшлиқлар тупроқ билан тўлдириб, белкураклар билан имкон қадар зичланади. Дарахтлар автомобил ёки трактор кранлари ёрдамида юкланади. Бунда ишнинг хавсизлигини таъминлаш учун кранлар ва автомашиналарни тўғри ҳолатда жойлаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Контейнер махсус пўлат трослар ёрдамида шундай тортилади-ки, илдиз тупроғи вертикал равишда чиқарилмасдан, ён томонга қўзғатилади. Дарахт бир томонига тисарилиб, юқорига тортилади, бунда контейнердан тупроқ тўкилмайди ва дарахтни бешикаст автомашинага тик холатда юклаш имконияти яратилади. Агар биринчи уринишда дарахт қўпорилмаган бўлса, юқорига кўтарилаётган контейнер остидаги илдизларни болта билан чопиб, уни аста-секин, кўтариш керак бўлади. Олдин юкланган иккита контейнерни имкон қадар автомашина ортки бортига яқин жойлаштириш керак. Уларнинг олдида жойлашган контейнерлар дарахтларнинг танасига шикаст етмаслиги учун шундай қилиш мақсадга мувофиқ. Контейнерларни юклашнинг бошқача усуллари ҳам бор, лекин ҳар қандай ҳолатда дарахтларни, олдин автомашинанинг ортки борти ёнида, кейин эса-олдинги борти ёнига жойлаштириш зарур бўлади. Бундай қилинмаса, олдинги борт олдида жойлашган дарахт таналари, кейингиларини юклашга халақит беради. Автомашинага дарахтларни юклаб бўлинганидан сўнг, уларнинг шох-шаббалари тартибга келтирилади.

Катта ёшдаги дарахтларни кўчириб ўтқазишга мўлжалланган чуқурлар олдиндан тайёрлаб қўйилади. Экиш чуқурларининг ўлчамлари дарахт илдиз тупроғи ҳажмига боғлиқ бўлиб, сатҳида илдиз тупроғи ҳажмидан 1 метрдан кам бўлмаган масофада кенгроқ, чуқурлиги эса-илдиз тупроғи баландлигидан 0,5 метр ошган бўлмоғи лозим. Чуқурларнинг бундай ўлчамлари контейнерларни тушириб, жойлаштиришда қулайлик туғдиради ҳамда атрофига унумдор тупроқ солиш имкониятини беради.

Экиш олдидан олиб келинган тупроқни керакли миқдорда солинади, сўнг сув қуйилади (ҳар бир чуқурга 2 м3 кам бўлмаган миқдорда). Бу тадбир солинган тупроқ яхши, жойлашиши учун амалга оширилади, бунда экилгандан кейинги суғорилишларда дарахтлар бир томонга эгилиб, қолишининг олди олинади. Чуқурларни ё дарахтни ўрага жойлашдан олдин ёки чуқурдаги дарахт илдизини контейнердан озод этишдан олдин суғориш керак бўлади. Бунда контейнерларни озод этиш жараёнини бироз мураккаблаштиради, лекин дарахтни тупроқ “ўтиришганидан” сўнг қатор бўйлаб қоқ марказ қисмида жойлаштириш имконини беради. Чуқур тубига солинган тупроқ сатҳи 20 см дан кўпроқ бўлган барча ҳолатларда чуқурни экиш олдидан суғориш зарур бўлиб ҳисобланади. Экиб бўлингандан кейин ҳам суғориш керак бўлади.

Дарахтни тушириб, экилаётган пайтда автокран чуқурга нисбатан ёни билан жойлашади. Бунда автокран экиш қатори бўйлаб ҳаракатланиш учун, чуқурлар жойлашган чизиқ (қаторлаб экиш қўлланилганида) ёнига 2-3 метр узоқликда жойлаштирилади. Бу тадбир қатор бўйлаб экиладиган дарахтларни туширишда вақтини тежаш имконини беради. Автомашина, юкланган дарахтлари билан, автокранларга имкон қадар яқинроқ жойлашади. Бунда автомашинанинг олд борти автокраннинг орқа томони билан бир сатҳда, бўйлама ўқи эса – бўйлама ўқига нисбатан 45о бурчак сатҳида жойлаштирилади. Бундай тартибда жойлаштириш усулида дарахтларни тезроқ ва бехатар ўтказиш мумкин. Шунингдек, кранни жойлаштиришда осиғлик симлар, ёнидаги дарахтлар ва бошқа тўсиқлар бўлмаслигини назарда тутиш лозим. Кичик ҳажмли нинабаргли дарахтларни вертикал ҳолатда машинадан туширилади. Дарахтларни тушириш ва экишда қиялатиш, улар учун хавфли эмас.

Чуқурга дарахтни жойлаш вақтида, иложи борича унинг олдинги ўсган жойидаги холатини сақлашга ҳаракат қилинади (томонлари бўйича Ғарб, Шимол, Шарқ, Жануб). Агар дарахтларни механизмлар ёрдамида экиш имкони бўлмаса, унда қўлда экиш керак бўлади.

Дарахтни чуқурга яқинлаштириб, горизонтал ҳолатда қўйилади, уни тахтага жойлаб, қиялатиб, чуқурга туширилади. Чуқурга керакли ҳолатда ўрнатилганидан сўнг, контейнерлар бўшатилади. Чуқур унумдор тупроқ билан тўлдирилади.

Кўчириб ўтқазилган дарахтларни парваришлаш тадбирлари уларни мунтазам суғориш ва дарахт танаси атрофини юмшатишдан иборат. Булар дарахтлар тутиб кетишининг муҳим шартлари бўлиб ҳисобланади. Шу билан бирга, қуйидаги тадбирларни ҳам амалга ошириш фойдалидир:

1) дарахтни симлар, трос ёки иплар билан боғлаш, бунда уларнинг шамолда тебраниб қийшайишининг олди олинади; боғлаш ёки уч томондан (1200 бурчак остида), ёки бўлмаса, икки томонидан қозиққа боғланади;

2) дарахт танасини иссиқдан ва ортиқча буғланишдан сақлаш мақсадида бўз, брезент ёки чипта билан ўраш ёки икки маротаба, туз қўшилган оҳак суриб чиқиш лозим;

3) эрталабки ва кечки вақтларда дарахтлар шох-шаббасига сув пуркаш буғланиш жараёнини пасайтиради, бунда буғланиш вақтинча фақатгина барг юзасидан амалга ошади.

4) Баъзи ҳолларда катта ёшдаги дарахтлар қурилиш бўлган майдонларга, ифлосланган қумоқ сариқ тупроқларга кўчириб экилади.

1-расм. Катта дарахтларни кўчириб экиш босқичлари: а) дарахт атрофини ковлаш; б) илдиз тупроғини (контейнер) кўчиришга тайёрлаш; в) дарахтни илдиз тупроғи билан автомашинага ортиш; г) экиш жойини тайёрлаш.

Тупроқнинг юза қатлами механик таркибини яхшилаш, дарахтларнинг янгидан шаклланаётган илдиз тизими учун мўътадил ҳаво ўтказиш ва озиқланиш шароитини яратиш мақсадида, дарахтлар танасининг 1,5 м диаметр атрофи, тупроқ юзаси қуриши билан белкураклар ёрдамида ағдариб чиқилади. Юмшатилган доира юзасига 10 см қатламда қуйидаги таркибда органо-минерал озуқа аралашмаси солинади: чириган гўнг 10%, дарё қуми 20%; нинабаргли дарахтлар қириндиси 40%, шоли қипиғи 30%, соф модда ҳисобида тўлиқ минерал ўғитлар (N:P:K=22:22:1 нисбатда) 0,05%. Кўрсатилган таркибдаги аралашма намлатилган ҳолда, бир ҳил меъёрда тупроқнинг юмшоқ юзасига, дарахт атрофи бўйлаб солинади, бироз зичланади, шундан сўнг сув қуйилади.


AGROBLOGER канали

dehqon.uz

Report Page