...

...

AGROBLOGER

Фарғона вилояти Қўштепа туманида “Grapes and Gardens Investment“ акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган интенсив боғларда ўрик пишди.

Мамлакатимизда интенсив боғлар кўпайиб, йилдан-йилга ҳосилдорлиги ортиб бораётгани сархил меваларни етиштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.Хусусан, ”Grapes and Gardens Investment» акциядорлик жамияти томонидан дастлаб 70 гектарда интенсив боғ яратилган бўлса, бугун келиб унинг майдони 150 гектарга етди. Бу ерда томчилатиб суғориш, сунъий соя қилиш ускуналари ўрнатилган. Давлатимиз раҳбари 2020 йил 5-6 июнь кунлари вилоятга ташрифи чоғида мазкур интенсив боғда бўлиб, уларни кўпайтириш борасида топшириқлар берган эди.

- Президент ташрифидан сўнг фаолиятимизни янада ривожлантиришга киришдик, - дейди “Grapes and Gardens Investment“ акциядорлик жамияти раиси Азизбек Казаков. - Ўрикнинг ҳосилдорлиги юқори бўлган “Рубиста” ва “Домино” навлари келтирилиб, ўтказилди. Ҳозир 53 гектар майдонда ўрикзор ташкил этилди. Боғ қатор ораларига қовун, тарвуз экиб, парваришланяпти. 20 нафардан зиёд боғ ишчилари томонидан тўқсонбости усулида экилган саримсоқпиёз, исмалоқ, пиёз сабзавотларидан ҳам мўл ҳосил олиниб, ердан фойдаланиш унуми ошди. Ҳозирда Самарқанднинг “СагАгро” фирмаси билан кўчатчиликни ривожлантириш борасида ҳамкорликни йўлга қўйдик.

Ўтган йили Туркия давлатидан келтирилган ўрик ва гилос кўчатлари бугун барқ уриб ўсмоқда. Ўрикнинг Испания ва Францияда яратилган “Цунами”, “Примая”, “Луна”, “Колорадо”, “Мамбо” ва “Космос” навлари, гилоснинг “свитария” нави юртимиз иқлимига мослиги билан бир қаторда ҳосилдорлиги, эртапишарлиги, айниқса, экспортбоплиги билан ажралиб туради. Паст бўйли кўчатлар 2-3 йилда ҳосилга киради. Бундай боғлар гектаридан 25-30 тоннагача ҳосил беради, бу маҳаллий боғлардан олинадиган ҳосилдан икки баробар кўп дегани. Хусусан, ўтган йилда экилган ўриклар ҳосилга кирган бўлиб, бу йил 5 тонна маҳсулот олиш режалаштирилган.

 

М. Сулаймонов, ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page