...

...

AGROBLOGER

Хабарингиз бор, бугун одамларни боқимандаликдан чиқариш. уларнинг ўз ташаббуслари ёрдамида оиласига даромад олиб киришга кўмаклашиш долзарб масалага айланган. Шу сабабли, давлат захирасига олинган ерлар аҳолининг ишсиз қатлами ҳамда ёшларга ажратиб берилган эди. Бугун ушбу майдонлар экинзорларга айланиб яшиллик касб этган. Эндиликда уларга субсидиялар ҳам тақдим этилмоқда.

Фарғона вилоятининг бепоён адирликлари бўйлаб токзорлар ташкил этилмоқда. Айниқса, жорий қишлоқ хўжалиги йили бошланишида вилоят бўйича 2300 гектар ер майдонларида токзорлар ташкил этилди. Уларнинг 1000 гектардан зиёди эса авваллари пахта ва ғалла экилган ерлар ҳиссасига тўри келади.

Олтиариқлик Хайрулло Бойматов фермер хўжалигида ҳам шу тартибда токзорлар барпо қилинди. Фермернинг айтишича, бу билан ердан самарали фойдаланиш ҳамда экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш механизми яратилди.

–Авваллари бир гектар буғдойдан ўртача 2-3 миллионга яқин даромад қилар эдик, –дейди Хайрулло Бойматов. – Ҳозирги кунда эса айнан ана шу экин майдонларидан 25-30 тонна картошка оляпмиз. Токзор қатор ораларидаги полиз маҳсулотлари йиғиштириб олингач, ерга иккинчи даромад манбаи - тарвуз кўчатларини жойлаштирамиз. Узумдан эса 30-40 тоннагача ҳосил олиб, килосини 1,5 доллардан экспортга йўналтириляпти. Бу эса барпо қилинган янги токзорлар эвазига яна уч йилдан сўнг Олтиариқ туманининг ўзидан 60-70 минг тонна узум маҳсулотлари хорижга экспортга йўналтирилади, дегани.

Бугун фермер эккан узум кўчатлари жойлашган далаларда бир неча турдаги сабзавот ва полиз экинлари ҳам парваришга олинган.Бир қарашда ердан омилкорлик билан фойдаланишга киришилганини кўриш мумкин. Масалан, биринчи токзорда картошка гуллади. Демак, илдиздаги ҳосил баравж ривожланмоқда. Қўшни далаларда эса пудратчи тариқасида фермер билан ишлаётган оилалар вакиллари помидор, қалампир, ерёнғоқ каби зироатларни,шунингдек, полиз экинларини қаровга олган.

Мазкур хўжаликка ҳам Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 1 млрд. 200 млн. сўм субсидия ажратилди.Айни кунларда фермер ушбу маблағлар ёрдамида токзорларга таянч мосламалар ва токни ушлаб турувчи тўр симлар тортишга сарфламоқда.

“Fergana Franc” масъулияти чекланган жамияти Фарғона тумани Мингдонобод қишлоғи яқинидаги 500 гектардан зиёд қир ва адирликларни ўзлаштириб томчилатиб суғориш технологияларини жорий этди. Мазкур хўжаликда ҳам узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан ажратилган субсидиялар кўмагида харажатлар камайтирилиб юқори ҳосил кўтаришга эришиляпти.

–Хўжалигимизга ҳам 1,5 млрд. сўм субсидия кўринишидаги кредит маблағлари ажратилди, –дейди жамият ҳосилоти Элёр Акбаров. – Ушбу маблағлар кўмагида қаровимиздаги 160 гектар токзорларда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилдик. Натижада суғориш ишларига кетаётган маблағлар 30 фоизга, ўғитлашга сарфланаётган харажатлар 10 фоизга, техника сарфини 7 фоизга камайтиришга эришдик. Ҳозирги кунда узумзорларимизда томчилатиб суғориш ташкил этилганидан сўнг ҳосилдорлик 25 фоизга ошди ҳамда тупроқнинг шўрланиши, эррозияга учраши ҳолатлари камайиб, физиологик хусусиятлари яхшиланиб боряпти.

Айни кунларда ушбу масъулияти чекланган жамиятида саноатбоп узум навлари қайта ишланади ва экспортга йўналтирилади. Бунинг учун илғор технологиялар келиб ўрнатилган. Яъни узумчилик соҳаси мазкур жамият фаолиятида тўлиқ занжирга эга. Узум кўчатлари етиштиришдан бошлаб олинган ҳосилни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот даражасига олиб чиқиш ташкил қилинган. Муҳими экспорт қилинаётган маҳсулот хорижда ўз харидорига эга.

xs.uz

@AGROBLOGER канали

Report Page