...

...

AGROBLOGER

Ушбу ой республикамизнинг барча ҳудудларидаги деҳқонлар учун жуда масъулиятли палла. Эрта баҳорда экилган эртаги сабзавотлар, картошка ҳамда бошоқли дон экинлари ҳосили пишиб, етилиши билан нест-нобуд қилмай қисқа муддатда йиғиб олиб, бўшаган майдонларни сифатли тайёрлаш, лозим. Такроран кечки картошка, карам, бодринг, сабзи, ош лавлаги, шолғом, турп ҳамда кўкат сабзавотлар ўз вақтида экиб олиниши, парвариш чора-тадбирларини кечиктирмай, сифатли бажарилиши мўл ҳосил етиштириш омилидир.

Юқорида қайд этилганидек, июнь ойида эртаги сабзавот ва картошка пишиб етилади, шунинг учун аввало ишни ушбу экинларнинг ҳосилини йиғиб олишдан бошлаш зарур. Эртаги картошка палаги сарғаймайди. Тупроқ ҳарорати 20–22°С дан ошганда туганаклар йириклашмайди. Шунинг учун ҳосилни кечи билан 15–20 июнгача йиғиштириб олиш зарур.

Эртаги карамни йиғиштириб олишда ўсимликни ташқи белгилари: карам бошининг зичлиги, қаттиқ бўлганлиги ва шаклига, вазнига алоҳида аҳамият берилади. Эрта баҳорда эртапишар 40–45 кунлик карам кўчатлари плёнка остига экилган бўлса, ҳосили май ойининг бошларида танлаб териб олинади. Кейин уларни етилишига қараб 3–4 марта узилади. Эртаги карам ҳосилини йиғиштириш 10–15 июнгача тугалланиши керак.

Баҳордаги бодринг тез-тез ва доимий равишда ҳар 3–4 кунда териб олиниши ва енгил (200–250 куб.м/га) суғорилиши керак.

Помидор меваларини териш кечиктирилса, таркибидаги витаминлар кескин пасаяди, чирийди ва ҳосили камаяди. Шунинг учун уларни тезда истеъмолчиларига етказиб бериш керак.

Республикамизнинг жанубий туманларида қовун ва тарвузни плёнка остида етиштирилган эртапишар навларини 40–50% етилган мевалари йиғиштириб олинади.

Катта майдонларга эрта баҳорда асосий экин сифатида экилган сабзавотлардан – помидор, сабзи, ширин қалампир, бақлажон ҳамда полиз экинларидан – қовун, тарвуз, бодринг, қовоқ майдонларида ҳам шу кунларда бажарилиши лозим бўлган асосий парвариш чора, тадбирларини ҳам, яъни ўсимликлар қатор оралари КРН-2,8А ёки КОН-2,8 русумли юмшаткичлар билан, ўсимлик оралиқларини эса қўлда чопиб юмшатиш, бегона ўтларни йўқотиш, маданий ҳамда маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, ўз вақтида суғориш, экинларда пайдо бўлган касаллик ва зараркунандаларни тезда йўқ қилиш чораларини амалга оширилиши ўсимликлар ўсиб-ривожланиши ҳамда ҳосил тўплаш жараёнларига ижобий имкониятлар яратади.

Асосий экин майдонларидан мўл ҳосил етиштиришни таъминлашда ҳал қилувчи муҳим омиллардан бири ҳар бир экин тури талабига мувофиқ майдонларни 7–12 кун оралатиб 480–500 куб.м/га меъёрда суғориб, ҳар 2–3 маротаба сув қуйилгач ўсимликлар қатор ораларини КРН-2,8А русумли техника билан 12–14 см чуқурликда юмшатиш тавсия этилади.

Эртаги сабзавот, картошка ва ғалла экинлари ҳосили йиғиб олинган майдонларни такрорий экинга тайёрлашда аввало ишни экинлардан қолган ўсимлик қолдиқларини тозалашдан бошлаш зарур. Бунда механизмлар ёрдамида барча ўсимлик қолдиқларини майдон чеккасига чиқариб, майдонларни қондириб суғориш лозим.

Тупроқ ишлов учун тайёр бўлганда экиш режалаштирилган экин турига қараб маъдан ўғитларни бир қисми сепилади ва плуг ёрдамида 25–28 см чуқурликда ҳайдалади. Даладаги намлик буғланиб кетмасдан кетма-кет 10–12 см чуқурликда борона билан юмшатиб чиқилади ва суғориш эгатлари олинади.

Республикамизнинг марказий минтақасида жойлашган вилоятлардаги деҳқон, фермер ва томорқа хўжаликларида июнь ойининг иккинчи ярмида бодринг, оқбош карам, ош лавлаги, картошканинг Давлат реестрига киритилган ўртапишар ва ўрта-кечпишар навларини экиш тавсия этилади.

Такрорий экиш муддатларида кўчат билан экиладиган кечки сабзавот экинлари ҳамда картошка туганакларини экишга тайёрланган майдонлар экиш олдидан қондилиб суғорилади.

Ёзги сабзи экишнинг энг қулай муддати 10 июндан 10 июлгача бўлиб, бу муддат минтақаларга қараб 10–15 кунга фарқ қилади. Сабзи уруғларини СОН-2,8, СКОН-4,2, СММ-4 сеялкаларида 1,5–2 см чуқурликка экилади. Экиш оралиғи 52х8, 62х8 см. Сабзи уруғи экиб олингач, майдонлар қондириб суғорилиши керак. Экилган уруғлар тўлиқ униб чиққач, улар билан унган бегона ўтларни ўтаб йўқотилиши шу билан бирга ўсимлик қалин униб чиққан қисмидаги ортиқча ўсимликларни ҳам юлиб ташлаб, ягана қилиш лозим. Орадан 20–30 кун ўтгач ушбу майдонлардаги ўсимликларни 2-маротаба ўтаб, ягана қилиш тадбирлари такрорланади. Ёзги муддатларда экилган сабзи ўсимликлари ўсув даври давомида ер ости сувлари жойлашишига қараб 10–14 марта суғорилади, суғориш меъёри 400–500 м3/га. Экиш учун сабзининг Мирзойи сариқ–304, Мирзойи қизил–228, Мушак–95, Нурли–70 навлари тавсия этилади.

Ғалладан бўшаган ерларга такрорий уруғлар экилган майдонлар қондирилиб суғорилиши керак. Сабзи, пиёз, ош лавлаги экилган уруғларни ердан тўлиқ ундириб олингунча майдон қондирилиб суғорилиши, уруғ билан бирга барча турдаги бегона ўтларни униб чиқишини таъминлайди. Ушбу ҳолатни ҳисобга олиб, уруғ тўлиқ униб чиққан давридан кечиктирмай гербицид солинмаган майдонларда бегона ўтларни ўташ лозим. Ўтларни йўқотиш билан бирга қалин униб чиққан ортиқча ниҳолларни ягана қилиш керак. Орадан 20–25 кун ўтгач эса майдондаги бегона ўтларни иккинчи марта ўтаб, ўсимликларни ягана қилиб, кейин режаланган маъдан ўғитларнинг бир қисмини солиб, суғориш даркор.

Кечки карам кўчатларини экиш ишлари июнь-июль ойларида ўтказилади. Кечки (оқбош) карам СКНБ-4 экиш механизми ёрдами билан 70х40 ёки 90х30 см схемада экилади. Кечки карам ўсув даврида 13–14 марта суғорилади. Экиш учун оқбош карамнинг Тошкент–10, Термиз–2500, Ўзбекистон судьяси, Ўзбекистон–133 навлари тавсия этилади.

Сабзи, пиёз, ош лавлаги ҳамда майда уруғли сабзавотлар экиладиган майдонлардаги бир йиллик икки паллали ва бошоқли бегона ўтларни йўқотиш учун уруғни экишгача ёки униб чиққунига қадар 50 фоизли Гезогард гербициди (2–3 кг/га) ёки 30 фоизли Нитран (3,3–6 л/га) ёки 33 фоизли Стомп (1–2 л/га) препаратлари 400 литр сувга аралаштириб сепилади. Сабзи ниҳолларида 3–4 тадан чинбарги чиққан даврида майдондаги бегона ўтларга қарши 12,5 фоизли Фюзилад супер гербициди (1–2 л/га) ёки 20 фоизли Набу (1,5 л/га) сепилади. Кўп йиллик бошоқли бегона ўтларга қарши эса Зеллек супер (1 л/га) ёки 12,5 фоизли Фюзилад супер (2,4–4 л/га) препаратлари бегона ўтларнинг бўйи 5–10 см. га етганда сепиш керак.

Экинларга бериладиган минерал ўғитлар меъёри ва муддатлари агротехнология тавсияларига биноан бажарилади. Экинларни ўз вақтида сифатли экиб олиниши ҳамда касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш олиб бориш ҳар бир гектар майдон ҳисобидан юқори ҳосил етиштириш ва суғориладиган майдонлардан самарали фойдаланишни таъминлайди.


AGROBLOGER канали

agro.uz

Report Page