...

...

AGROBLOGER

Бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида уруғини экиш июнь ойининг ўрталарида амалга оширилади.

Экиш. Уруғи бир қаторлаб, қатор оралиғи 70-80-90 см қилиб экилади. Кўчат қалинлиги 70х20, 70х30, 70х40 см схемада бўлиб, мутаносиб равишда гектарига 28, 42, 56 минг дона унувчан уруғ ҳисобида экилади. Агар кўчат қалин жойлаштирилса, саватчалар майдалашиб, уруғнинг 40–50 фоизи пуч бўлиши мумкин.

Кунгабоқарни экиш билан биргаликда суғориш учун эгат ҳам олинади. Экишдан кейин тез кунда кичик меъёрда – 700-900 м3/га уруғ суви берилади. Шунда 5–6 кун ичида уруғлар бир текис униб чиқади.

Парваришлаш. Ниҳоллар ўсиб чиққандан кейин парваришлашга алоҳида аҳамият қаратиш лозим. Чунки 30–35 кун давомида кунгабоқар вегетатив органи жуда ҳам секин ўсади, бу вақтда асосан илдиз тизими ривожланади.

Биринчи культивация ниҳолларнинг бўйи 8–10 см бўлган даврда культиваторнинг ишчи органларини ўсимликдан 7–8 см узоқликда, ротацион мосламалар 5–6 см, пичоқлар 6–8 см, ўткир учли ғозпанжалар 10–12 см чуқурликда ўрнатилиши талаб этилади. Иккинчи культивация 2–3 та чинбарг чиқарган вақтда ўтказилади. Учинчи культивациядаврида ҳимоя зонаси 6–8 см узоқликда, ўткир учли ғозпанжалар 14–18 см чуқурликда жойлаштирилиши лозим. Қатор ораларига ишлов бериш ўсимликнинг ўсиш-ривожланиши ва тупроқ намлигига қараб белгиланади. Қатор ораларига ишлов бериш ўсимлик бўйи 80–100 см. га етганда тўхтатилади.

Ўғитлаш. Кунгабоқардан юқори ҳосил олиш йўлларидан бири ўз вақтида тўғри талаб қилинган миқдорда минерал ўғитларни солишга боғлиқ. Такрорий экилган кунгабоқарнинг ҳар гектарига соф ҳолда 200 кг азотли, 150–200 кг фосфор ва 200 кг калийли ўғитлар қўллашни тавсия қиламиз.  Кунгабоқар минерал ўғитларга ниҳоятда талабчан бўлиб, ўғитларни бир меъёрда текис тақсимлаш мақсадга мувофиқ. Изланишлар шуни кўрсатдики, ўсимликнинг ўсиш даврида минерал ўғитлар билан тўлиқ таъминлаб туриш юқори ҳосил гаровидир. Кунгабоқар ўсиш даврида, яъни гуллашгача энг тез ўсиб, асосий массасини йиққан даврида ўғитга талаби катта бўлади.  Гуллашгача кунгабоқар 60 % азот, 80 % фосфор ва 90 % калий ўғитини тупроқдан ўзлаштиради. Фосфор ва калийли ўғитларнинг йиллик меъёри агрегат ёрдамида сепилади ва шудгор қилинади. Ўсиш даврида азотли ўғитлар иккига бўлиб солинади.

Суғориш. Кунгабоқар сув билан етарли даражада таъминланмаса ўсимликда кечадиган физиологик жараёнлар бузилади, ривожланиши ва ўсиши секинлашади, натижада ҳосилдорлик паст бўлади. Аксинча, сув меёъридан ортиқча берилганда ўсимлик пояси кескин ўсиб саватчалар тугиш жараёни бузилади, булар ҳам ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади.

Суғориш миқдори 1-1-1 схемаси асосида, биринчи суғоришга 1000–1200, кейинги суғоришларга 1200–1400 м3/га сув кетганлиги аниқланган. Умуман, кунгабоқарни экишдан то ўриб-йиғиб олгунча гектарига 3500–4200 м3 сув сарфланади.  Кунгабоқарни суғориш биринчиси дастлабки ўсув даврига тўғри келса, иккинчиси гуллаш бошланиши олдидан, учинчиси ёппасига гуллаш ва мева тугиш даврига тўғри келади. Ер ости сизот сувлари чуқурлигига қараб суғориш миқдори аниқланади. Сизот сувлари чуқурлиги 2–3 м бўлганда 3 марта, ундан ҳам чуқурликда жойлашган ер ости сувларида эса 4–5 марта суғориш лозим.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш. Кунгабоқарга сохта ун-шудринг, чириш (склеротиниоз ёки оқ чириш, занг, қорамтир, кулранг чириш), вертициллез ва фузариоз сўлиш, фомоз, шумғия, фомопсис, саватчаларнинг қуруқ чириши, бактериоз, альтернариоз, септориоз ва бошқа касалликлар зарар келтиради.

Асосий зараркунандалари барча жойда тарқалган бўлиб, айрим йиллари ҳосилдорликка жиддий зарар етказади. Ўсимликка зарар етказишига қараб зараркунанда ҳашаротлар қуйидаги гуруҳларга бўлинади: уруғ униб чиқиш давридаги зараркунандалар (қарсилдоқ қўнғиз, қора лавлаги узунбуруни, чўлчирилдоғи, кузги тунлам), поя зараркунандалари (кунгабоқар узунмўйлови, вишилдоқ бурун), барг зараркунандалари (ўтлоқ капалаги, битлар, ўргимчаккана, гамма тунлами), саватча ва уруғ зараркунандаси (мева қандаласи, беда қандаласи, дала қандаласи, узунбурун қўнғизи, кунгабоқар куяси ёки парвонаси). Зараркунандаларга қарши курашда Багира (0,3 л/га), Каратэ (0,5 л/га), Энджео, Циперметрин, Циракс (0,3 л/га), Циперфос (1,5 л/га), Фуфанон (0,8-1 л/га) препаратлари 300 л сувда эритиб қўлланилади.

Айрим йиллари куз фаслининг эрта келиши, ёғингарчиликлар кўп бўлиши ўсимликнинг ўсиш-ривожланиши ва пишиб етилишига салбий таъсир кўрсатади. Бундай ноқулай шароитларда ўсимлик баргларини тўкиб, уни тезроқ етилишига қаратилган агротехник чора – дефолиацияни қўллаш талаб этилади.

Кунгабоқар гуллаганига 30–35 кун бўлганда 10 л хлорат магний дефолиантига 20–25 кг/га карбомид эритиб сепилса, 5–7 кундан сўнг ўсимлик барглари 100 фоиз қуриб тўкилади. Ўсимлик саватчалари касалликка чалинмай 10–15 кун вақтли пишиб етилиши натижасида ҳосилни кузги ёғингарчиликдан олдин комбайн ёрдамида тезда ва сифатли йиғиб олиш имкони яратилади.

Такрорий кунгабоқар етиштириш деҳқончилигида суғориладиган экин вегетация даврининг давомийлиги, ҳароратнинг юқорилиги бегона ўтларнинг тез ўсиб-ривожланишига ва тарқалишига қулай шароит яратади. Бегона ўтлар нафақат экин ҳосиллилигига, балки сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бегона ўтларга қарши курашнинг яна бир замонавий усулларидан бири, кимёвий моддалар – гербицидлар ёрдамида йўқотишдир.

Бир йиллик бегона ўтларга қарши экиш билан бирга Которан (0,8 л/га), Гезагард (0,8 л/га), Стомп (1 л/га) гербицидларини қўллаш яхши самара беради. Экишдан кейин бегона ўтларга қарши ОВХ-28 агрегати билан Которан 1,5–2 л/га, Гезагард 1,5–2 л/га, Стомп 2–3 л/га ҳисобида сепилади.

Кунгабоқар ҳосилини йиғиб-териб олиш муддати навнинг хусусияти, пишиши, об-ҳаво шароитига қараб белгиланади. Ҳосил ғалла комбайнларида ўриб-йиғиб олинади.

Такрорий экин сифатида кунгабоқар экилган майдонларда илмий асосланган парваришлаш технологиясини қўллаб, гектаридан 25–30 центнергача ҳосил етиштириш, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари бир йилда иккита, яъни буғдой ва кунгабоқар экинидан ҳосил олиши эвазига мўмай даромадли бўлишлари мумкин.


AGROBLOGER канали

agro.uz


Report Page