...

...

AGROBLOGER

Фермерлар адлия органларига мурожаат қилиб, айрим мансабдор шахслар томонидан ҳуқуқлари бузилаётганини маълум қилган.

Яъни, улар шартномалар тузишга мажбурланган, рухсатисиз банкдаги пул маблағларини ўзбошимчалик билан олиб қўйилган. Бундан ташқари, ҳомийлик ишларига мажбурий тартибда жалб қилиш, мажлислар ҳамда бошқа оммавий тадбирларда фермернинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш каби ҳолатларга йўл қўйилган. Банклар томонидан субсидия, кредит вақтида ажратилмагани, шунингдек, етиштирилган маҳсулотларни сотиш бўйича тузилган шартномалар асосида пул маблағлари тўлаб берилмаётгани каби муаммолар фермерларни қийнаб келган. 

Адлия вазирлигида “Фермерга мадад” ҳуқуқий акциясининг мақсади ва уни амалга ошириш тартиблари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида юқоридаги муаммолар тилга олинди. 

Фермерлар айни пайтда қишлоқ хўжалигида муҳим ўрин тутишини ҳисобга олиб, уларнинг муаммоларини бартараф қилиш бўйича Адлия вазирлиги томонидан “Фермерга мадад” ҳуқуқий акцияси ташкил этилади. Адлия вазирининг буйруғига кўра, бу акция жорий йил июнь-декабрь ойларида ўтказилади. 

“Фермерга мадад” ҳуқуқий акциясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Мазкур режалар бешта ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда вилоятлар адлия бошқармалари мазкур ишчи гуруҳлардан келиб чиққан ҳолда ўзларининг ҳудудий ишчи гуруҳларини тузади.

Акция давомида фермерлар ҳуқуқларини тушунтириш тадбирлари ўтказилади, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда фермерларнинг мурожаатлари ўрганилади. Фермер хўжаликларининг муаммоларини аниқлаш бўйича сўров ўтказилади. 

Тарғибот тадбирлари ОАВ, ижтимоий тармоқлар, манзилли ва сайёр тадбирлар, интерактив усуллар, онлайн ва офлайн мулоқот платформалари орқали амалга оширилади.

Тушунтириш тадбирларида адлия органлари ва “Мадад” ННТ ходимлари, “Ёш ҳуқуқшунос” кўнгиллилар гуруҳлари аъзолари ҳамда тегишли соҳа вакиллари иштирок этади.

Шу билан бир пайтда, фермерлар мурожаатлари билан ишлашда мурожаатлар анъанавий шаклда 1008 – ишонч телефони, @fermermadadbot махсус телегирам-бот орқали ҳамда сайёр ва уйма-уй юриб қабул қилинади.

Фермер хўжаликларининг ташкилий-ҳуқуқий, ишлаб чиқариш ва хўжалик, шартномавий-ҳуқуқий ва меҳнат муносабатлари, ер соҳаси, маъмурий-бошқарув, банк, молия ва солиқ йўналишларида қонунчилик хатловдан ўтказилади. Хорижий тажриба ва миллий амалиёт ўрганилиб, соҳани ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тайёрланади.

Акция якуни бўйича ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида маълумотномалар тузилади. Улар асосида йиғма таҳлилий маълумот ҳамда ахборот хати, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланади.

Акция жараёни ва якуний материаллар оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилади.

 

AGROBLOGER канали

ЎзА


Report Page