...

...

AGROBLOGER

Яқинда ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Туркманистон билан чегарадош ҳудудларига кўп миқдордаги “Марокаш” номли чигирткалар учиб ўтаётгани ва уларга қарши курашиш чоралари кучайтирилгани ҳақидаги хабар тарқалди.

ЎзА мухбири чигирткаларга қарши кураш чоралари олиб борилаётган вилоятнинг Ғузор туманидаги Туркманистон билан чегарадош бўлган ҳудудларида бўлиб, мутасаддилар билан суҳбатлашди.

“Ўзагрокимёҳимоя” АЖ чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати Қашқадарё филиали бошлиғи Ғайрат Жўраевнинг маълум қилишича, чигирткаларнинг вилоят ҳудудига ёппасига учиб ўтиш ҳолати жорий йилнинг 21 май санасида Туркманистон давлати билан чегарадош ҳудудларида аниқланган.

“Марокаш” чигирткаларининг маҳаллий чигирткалардан фарқи шундаки, улар йўлида учраган, кўкариб чиққан ҳар қандай ўсимликни нобуд қилади. Шу боис қишлоқ хўжалигининг барча экинларига жиддий зарар етказади.

Ҳозирда чигирткаларга қарши курашиш учун барча куч воситалари сафарбар қилинган ва имкониятлар етарли. Масъулнинг маълум қилишича, вилоят ҳудудида апрель ойидан бошлаб, 94 минг гектар майдонда зараркунандаларга қарши кураш чоралари олиб борилган бўлса, шундан 7 минг гектари 21 майдан кейин бажарилган. Бундан ташқари вилоят ҳокими ташаббуси билан яна қўшимча 20 минг гектар майдонга ишлов бериш учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилган.

Ҳозирги кунда чигирткалар тўдаси аниқланган чегарадош ҳудудларда 4 та отряд ташкил этилиб, 13 та катта ва 5 та жиҳозланган енгил автомобиль, шунингдек, кўп миқдорда қўл аппаратлари орқали зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда.

Ғ.Жўраевнинг таъкидлашича, ушбу ҳолат бўйича вилоятда бирорта жой қизил ҳудудга ўтмаган. Ҳозирча ўрта миқдорда яшил ҳудуддан сариқ ҳудудга ўтказилиб, Ғузор туманининг Пачкамар, Мейли Раҳмонов, Мирзо Улуғбек, Майна Ҳасанова, қолаверса, чегарадош бўлган Таҳам, Кенгсой ҳудудларида чигирткалар учиб ўтиши аниқланган ва мана шу ҳудудларни яшил зонага ўтказиш устида мунтазам иш олиб борилмоқда.

Шунингдек, мутахассис чигирткалар аниқланган жойлар қишлоқ хўжалик экинлари экилган ҳудуддан анча олисда эканлигини ва хавотирланишга ҳожат йўқлигини таъкидлади. Аммо ҳозирдан бартараф этиш чоралари кўрилмаса, эртага катта талофат олиб келиши мумкин. Боиси битта “Марокаш” чигирткаси ўзидан 150-160 тагача насл қолдириш қобилиятига эга. Бу эса келаси йил учун катта хавф бўлиши тайин. Шунингдек, у шамолга қарши ҳаракатланиб, 300 километргача бўлган масофани босиб ўтиш имконига эга.

Зараркунандаларга қарши кураш чоралари жорий йилнинг 10 июнигача якунланиши мўлжалланмоқда.

Кузатувларга кўра, ҳозирда чегарадан чигирткалар жуда сийрак ҳолда ўтмоқда. Фақатгина 21 майда жуда йирик миқдорда ўтгани қайд этилган. Ҳозиргача бундай ҳолат бошқа такрорланмаган.

Кўчиб ўтиш ҳолатларини аниқлашда, чегара қўшинларидаги ҳарбийлар, маҳаллий аҳоли вакиллари ва чўпонлар масъулларга яқиндан ёрдам бермоқда. Улар ёрдамида аниқланган жойда бирданига бартараф этиш чораларини кўрилмоқда.


Ўлмас Баротов, ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page