...
AGROBLOGERЭкспорт кўрсаткичларини ошириш мақсадида жойларда раҳбарлар томонидан экспортёрлар олдига турли тўсиқлар қўйилаётгани билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан Адлия вазирлиги ўз муносабатини билдирди.
Унга кўра, ҳокимлар ва давлат органларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига экспорт қилувчининг ҳудудий мансублигига қараб тўсқинлик қилганлиги учун шахсан жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилмоқда.
«Экспорт қилувчилар учун маъмурий тўсиқларни қисқартириш ташқи иқтисодий фаолиятни ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, жойлардаги ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳудудларда экспорт кўрсаткичларини ошириш мақсадида ҳудуддаги раҳбарлар экспортерлар олдида сунъий тўсиқларни қўймоқда.
Хусусан, маҳсулотларни бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга олиб ўтаётганда мансабдор шахслар экспортерларни агар у экспортни ушбу ҳудуддан амалга оширмаса, ҳудуд чегарасидан ўтказмаётганлиги ёки тадбиркорлик субъектларини экспорт қилинаётган ҳудудда рўйхатдан ўтишини талаб қилиш ҳолатлари учрамоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ўзи яхлит бир бозор ҳисобланиб, товарлар ва хизматларнинг республика бўйича эркин ҳаракати бозор иқтисодининг энг асосий тамойилларидан биридир. Ҳудудларнинг экспорт кўрсаткичлари ўзгариши мамлакатнинг умумий кўрсаткичига таъсир этмайди.
Юқорида қайд этилган сунъий тўсиқлар амалдаги қонунчилик талабларига ҳам зид ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари бутун республика бўйича бир хил қўлланилиши шарт», — дейилади вазирлик муносабатида.
Муносабатда экспорт-импорт операциялари Божхона кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши ҳамда маҳсулотларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқиш фақатгина Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ тақиқланиши мумкинлиги таъкидланади.
«Тадбиркорлик фаолияти, хусусан экспортни амалга ошириш билан боғлиқ қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ортиқча чеклов ва талаблар ўрнатиш ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ёхуд ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш деб баҳоланиб, бунга йўл қўйган мансабдор шахслар қилмишлари учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Юқорида кўрсатилган ҳолатларга барҳам бериш мақсадида экспорт қилишга тўсқинлик қилишнинг ҳар қандай кўриниши ҳолатлари юзасидан ҳурматли тадбиркорлар Адлия вазирлигининг @tadbirkor_adliyabot телеграм ботига ёки «Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси»га (71-207-00-98) мурожаат қилишларини сўраймиз», — дея қўшимча қилинади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, айрим туманларда экспортчиларнинг ўз маҳсулотини эркин сотиши борасида ҳудудий масъулларнинг турли босимларига дуч келаётгани билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан Kun.uz Экспортчилар уюшмаси раҳбари Мухтор Умаров билан суҳбат ташкил қилган эди.
kun.uz
@AGROBLOGER канали