...

...

AGROBLOGER

Барра саримсоқ кенг кўламда фойдаланиладиган шифобахш дармондори ва севимли кўкат сифатида қадим-қадимдан маълум. Саримсоқнинг ўзигагина хос бўлган ҳиди ва хусусиятлари бор.

Кўкат-сабзавот ўзида жуда кўп миқдорда биологик ва органик фаол моддалар, макро ва микроэлементларни сақлайди. Шунинг учун саримсоқдан таомлар тайёрлашда фойдаланиш буюрилади. Чунки саримсоқ қўшилган таомлар иштаҳаочарлиги, антисептик хусусиятга эгалиги, қувватбахшлиги ва тозаловчанлиги билан фойдалидир.

Саримсоқ таркибида озиқ моддаларнинг кўплиги жиҳатидан фақат оддий пиёздан эмас, балки барча сабзавотлардан устун туради. Саримсоқ таркибида С витамини, А провитамини ва В гуруҳидаги барча витаминлар бор.

Баҳорда униб чиққан барра саримсоқ барча халқларнинг миллий ошхонасида ўзига хос ўринга эга. Ўткир ҳидли бу кўкат-сабзавот соғлиқ учун жуда фойдали. Саримсоқдаги ўзгача бирикма бу аллицин бўлиб, у антибактериал, антивирус, замбуруғларга қарши ва антиоксидант хусусиятларга эга. Шунингдек, саримсоқ қон айланиши, овқат ҳазми ва иммун тизимига яхши таъсир кўрсатувчи, қон босимини туширувчи ҳамда тозалашга ёрдам берувчи селен ва бошқа фитонутриентлар манбаидир.

Саримсоқдан бактерия ва вирусларга қарши курашишда фойдаланилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, янги саримсоқ овқатдан заҳарланишнинг олдини олади ва меъдадаги микробларни ҳамда сальмонеллани ўлдиради. Шунингдек, терини инфекциялардан тозалайди. Саримсоқда аниқланган кимёвий бирикма — ажоен теридаги замбуруғли касалликларни даволайди. Бунинг учун майда туйилган барра саримсоқни оғриқли жойга қўйиш тавсия этилади.

Қонни суюлтиради

Ажоеннинг яна бир хусусияти антикоагулянтлик бўлиб, томирда қон ивиб қолмаслигига хизмат қилади. Шунинг учун саримсоқни йилнинг тўрт фаслида ҳам истеъмол қилиш буюрилади. Айниқса, баҳорнинг биринчи ярмида ундан кўпроқ фойдаланиш лозим, чунки бу вақтда инсон организмидаги қон айланиши бузилади.

Кайфиятни кўтаради!

Саримсоқнинг яшил барглари таркибида В гуруҳидаги барча витаминлар, жумладан, В6 дармондориси бўлиб, унинг ёрдамида иммун тизими соғломлигига ва янги ҳужайралар ўсишига, қон айланишининг яхшиланишига, тушкун кайфиятдан қутулиш ҳамда руҳан енгиллашишга эришиш мумкин. Барра саримсоқни майда тўғраб, қатиқ билан аралаштириб есангиз, янада фойдалироқ бўлади.

Юрак ва қон томирлар ҳимоячиси

Кўк саримсоқ миокард инфаркти ва атеросклероз каби юрак-қон томир касалликларидан ҳимоя қилади. Бунинг учун кўк саримсоқ қўшилган салат ва таомларни кундалик таомномангизга киритинг.

Саримсоқ қондаги триглицерид, шунингдек, холестерин миқдорини тушириш хусусиятига эга. Бунинг учун уни майда тўғраб, таомларингизга қўшинг.

Кўк саримсоқ полисульфидларни ҳам ўзида жамлаган бўлиб, у қон босимини назорат этишга кўмаклашади. Бунинг учун қон босимингиз кўтарилганда барра саримсоқни майда тўғраб, қатиққа солинг-да, айрон ҳолатига келгунча сув қўшиб, яна аралаштиринг ва кунига 2 маҳал 1 стакандан ичинг.

Ринит каби нафас йўлларидаги аллергик яллиғланишларни даволашда ҳам саримсоқ асқатади. Шунингдек, барра саримсоқ шарбати аллергик тошмалар ва ҳашаротлар чаққандаги қичишишни ҳам бартараф этади.

Саримсоқ дамламаси астма, нафас сиқиши ҳамда йўталга ёрдам беради ва бронхитни даволайди. Бунинг учун барра саримсоқнинг бир боғини тўғрамасдан сирли идишга солинг ва устидан сув қуйиб, паст оловда 25-30 дақиқа қайнатинг. Оловни ўчиргач, идишнинг қопқоғини ёпиб, 5-10 дақиқа димланг. Дамлама тайёр бўлгач, уни кунига 2-3 маҳал ярим стакандан ичинг.

Ҳар куни саримсоқ истеъмол қилиш саратонга чалиниш хавфини камайтиради. Бунинг сабаби унинг таркибида аллилова сульфидлари борлигидир. Шунинг учун айни вақтда пишириладиган кўк сомса ва кўк мантиларга барра саримсоқни кўпроқ қўшинг.

Саримсоқ таркибидаги яна бир бирикма диаллил сульфид метаболизмни тузатади, яъни организмда модда алмашинувини яхшилайди. Бунинг учун ҳам барра саримсоқни турли салат ва таомларга қўшиб истеъмол қилиш лозим.

Тиш оғриғини қолдиришда…

Янчилган саримсоқни оғриган тишга боссангиз, антибактериал ва анальгетик таъсир қилади, яъни оғриқ сезиш қобилиятини йўқотади. Бироқ милкларни ачиштириши мумкин. Аммо хавотирланманг, бунинг зарари йўқ. Бу муолажани барра саримсоқ ёрдамида ҳам қилиш мумкин, фақат уни майда чайнаб, сўнг оғриқли жойга босинг.

Саримсоқ таркибидаги фойдали бирикмалар инсулинни оширади ва қондаги қанд миқдорини тартибга солади. Бунинг учун парҳез таомларига барра саримсоқдан қўшиб ейишга одатланинг. Ҳеч бўлмаганда, кунига бир маҳал юқорида айтиб ўтганимиз каби дамлама тайёрлаб, ярим стакандан ичинг.

Саримсоқ ёғи оёқ-қўлдаги қадоқни тез даволайди ва сўгалларни йўқ қилади. Бунинг учун пахта ёки салфетка ёрдамида саримсоқли бирикмани зарур ўринга қўйиш керак. Шунингдек, кўк саримсоқни эзиб, қадоқ бўлган жойга ва сўгал устига қўйиб боғласангиз яхши натижа беради.

Артрит ва подагра оғриқларини камайтиради

Ревматоид артрит ва подаграни бартараф этишда саримсоқнинг ҳам улуши бор. Бунинг учун келида эзилган барра саримсоқни қайноқ алоэ гели билан аралаштириб мазь тайёрланг. Бундай мазь ревматизм сабабли бўғимларда келиб чиқаётган оғриқни камайтириб, тинчланишга ёрдам беради.

Олимларнинг таъкидлашича, саримсоқ она қорнидаги боланинг вазн орттиришига ёрдам берар экан. Бунинг учун ҳомиладор аёл саримсоқ солиб тайёрланган овқатдан тез-тез истеъмол қилиши лозим. Бироқ онанинг бундан олдинги фарзанди катта вазн билан туғилган бўлса, саримсоқ истеъмолини камайтиргани яхши.

Тадқиқотларда саримсоқнинг инсон организмидаги ёғ ҳужайралари ишини тартибга солиши исботланган. Бу саримсоқ таркибидаги яллиғланишга қарши хусусият туфайли юз беради. Шунингдек, кўк саримсоқ ҳам организмдаги ортиқча ёғнинг чиқиб кетиши ва ёғ ҳужайраларининг ишини меъёрлаштиради.

Қалқонсимон безга фойдаси

Барра саримсоқ таркибида жуда кўп миқдорда йод сақланади. Бу хусусияти билан у қалқонсимон без касалликларида самарали даво воситаси ҳисобланади. Хасталикнинг жиддийлашиб кетмаслигига саримсоқдан кўп еб туриш орқали эришиш мумкин.

Замбуруққа қарши восита

Оёқ-қўлнинг замбуруғли ва бактериал инфекциялари саримсоқ таркибида кўп миқдорда мавжуд бўлган аллицин туфайли муваффақиятли йўқ қилинади. Бундай ҳолларда саримсоқ мойи қўшилган капсула ёки кукунлардан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун капсула ёки кукунни кичикроқ идишга солиб, озроқ спирт билан аралаштиринг ва тайёр бўлган мазни кечаси ухлашдан олдин, жароҳатли жойга қўйиб, ухланг.


AGROBLOGER канали

betakrorbuxoro.uz

dehqon.uz

Report Page