...

...

AGROBLOGER

Дарахтларнинг мевали шохларини тезроқ ривожлантириш

Тик ва тез ўсувчи гилос ва нок дарахтлари, шохлари кенг ёйилиб ўсувчи шафтоли ва ўрик дарахтларига нисбатан мева беришни кеч бошлайди. Аммо бундай дарахтларнинг тик ўсувчи новдаларини қотиб кетишидан олдин ён томонга ёйиш орқали мева олишни эртароқ бошлашга ундаш мумкин. Каллаклаб кесишни, айниқса қиш мавсумида кам амалга ошириш лозим, чунки дарахтларнинг шохлари каллакланганда ёки тепа қисми кўп кесиб ташланганда, жуда кўплаб янги новдалар ўсишига сабаб бўлади ва мевали куртаклар кам ривожланади. Тик ўсаётган шохларни ёйиш орқали мевали шохчалар ва мева куртакларининг ривожланишига шароит яратилади. Бундан ташқари, ёш боғларда ўсув даврида (май охири ва июнда) ёғочланмаган новдаларни учинчи барг устидан чилпиб ташлаш шох-шаббанинг шаклланишини осонлаштиради ва дарахтнинг барвақт ҳосилга киришини таъминлайди.

Об-ҳаво

Кўплаб мевали дарахтлар тиним даврларини якунлашлари ва баҳорда новда чиқаришлари учун маълум даражада совуқ ҳарорат йиғиндисини талаб этади. Агар қиш илиқ келса, мевали дарахтлар кеч новда чиқаради ва гуллайди, гуллаш муддати узаяди ва ҳосил камаяди. Гуллаш муддатининг узайиши ва ноқулай об-ҳаво мева гуллари билан боғлиқ касалликларни келтириб чиқаради.

Мева дарахтлари тиним давридан чиқишлари учун зарур бўлган совуқ ҳарорат йиғиндиси турли меваларда ҳар хил бўлади. Мевачилик ривожланган давлатларда янги ниҳол сотилаётганда, одатда совуқ ҳарорат йиғиндисига бўлган талаби ёрлиқда кўрсатилади. Баъзан, гуллаш вақтида ёки гуллашдан кейин ҳарорат 0 даражадан тушиб кетиши натижасида мева гулларига қаттиқ зарар етади. Шу сабабли, бундай вақтларда дарахтларни плёнка билан ўраб, гулларга етказилиши мумкин бўладиган зарарнинг олди олиниши мумкин.

Чангланиш

Аксарият мева дарахтлари четдан чанглатилиши лозим. Чанглатилмаса, дарахтларда жуда кўп гул ҳосил бўлиши мумкин, лекин мева бўлмайди. Чанглантирувчи бу чангланаётган дарахт билан бир вақтда гуллайдиган бошқа навли шох ёки дарахт ҳисобланади. Чанглантирувчи дарахт гулчангини одатда асаларилар иккинчи навдаги дарахт гулига олиб ўтади.

Кўплаб мева дарахтлари “мукаммал” гулга эга бўладилар: битта гулда гулчангчи қайсики “чанг”га эга ва уруғкуртак (қайсики мевага айланади) жойлашади. Ўзини ўзи чанглатиб, ташқаридан чанглантирувчи талаб этмайдиган, мева ҳосил қилувчи дарахтлар “гулчанги билан чангланувчи” дейилади. Шунга қарамасдан мукаммал гулга эга бўлган кўплаб мевали дарахтлар ўзларининг гулчангидан мева ҳосил қила олмайдилар. Булар бошқа навдаги дарахтдан гулчанг талаб этади ва улар “гулчанги билан чангланмайдиган” дейилади.

Айрим турдаги мевалар ҳар икки гуруҳга ҳам мансуб эмас. Хандон писта ва киви дарахтларида гулчанг етиштирувчи “эркак” дарахтлар ва мева қилувчи “урғочи” дарахтлар мавжуд. Бу мевали дарахтларни етиштириш учун ҳар икки жинсдаги дарахтларни ёнма ён ўстириш зарур.

Гулчанги билан чангланувчи мева турлари. Цитрус мева дарахтларининг деярли барчаси гулчанги билан чангланувчи. Беҳи, олча ўрик (айрим турлари ташқаридан гулчанг талаб этади), анжир, шафтоли (айрим турларидан ташқари), олхўрининг ва нокнинг айрим Европа навлари гулчанги билан чангланувчи ҳисобланади. Гилоснинг айрим навлари ва олманинг кўплаб навлари гулчанги билан чангланувчидир.

Гулчанги билан чангланмайдиган мева турлари. Олманинг кўплаб навлари, нокнинг Осиё навлари, гилос ва олхўрининг Япония навлари четдан чанглантирувчи талаб этади.

Дарахтлар етарлича чангланиши учун икки хил навли дарахтларни бир биридан 10-15 метр узоқликда экинг. Қанча яқин бўлса шунча яхши. Чанглантирувчи навни асосий нав дарахтларига ҳам улаш мумкин. Бундай боғларда асалариларни ишлатиш чангланишни яхшилайди.

Гилоснинг айрим навлари махсус чангланишни талаб этади. Гилоснинг кўп навлари бир бирини чанглата олмайди. Фақатгина маълум бир гилос навлари бошқа гилос навларини чанглата олади. Шу сабабли чанглантирувчи навни танлаётганда эҳтиёткорлик талаб этилади.

Солкашлик (йил оралаб ҳосилнинг кам бўлиши)

Олма ва айрим мевали дарахтлар бир йил жуда кўп ҳосил қилади ва кейинги йили эса кам ҳосил қилади. Бу “солкашлик” дейилади. Аксар мева дарахтларининг гул куртаклари олдинги йили ёзда шаклланади. Шу сабабли, мева кўп бўладиган йили дарахтда фотосинтез натижасида ҳосил бўладиган шакар асосан мева учун сарфланиши натижасида келгуси йил ҳосил куртаклари яхши ривожланмайди.

Кўп ҳосил олган йили олма дарахтларида тоқалаш (кўп зич жойлашган меваларни сийраклатиш) орқали дарахтларни ҳар йили бир хилда ҳосил беришига қайтариш мумкин.


AGROBLOGER канали

Б.Ғуломов, Ш. Аброров, И. Нормуратов. "Мевали дарахтларга шакл бериш, кесиш ва пайвандлаш".

dehqon.uz

Report Page