...

...

AGROBLOGER

Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ва Элликқалъа тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Boʻston cluster” масъулияти чекланган жамияти пахтачилик кластерига оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун медиатур ташкил этилди.

Таъкидланганидек, мазкур кластер Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги “Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил қилинган. Умумий ер майдони 3975 гектар бўлиб, шундан экин майдони 2876 гектарни ташкил этади. 2020 йилда 232 та фермер хўжалиги ва жамият томонидан 26 712 тонна етиштирилиб, ҳосилдорлик ўртача 24,9 центнердан тўғри келди.

2018-2020 йиллар мобайнида туманнинг сув етиб бориши қийин, ҳосилдорлиги паст бўлган ҳудудларидаги жами 1850 гектар майдонда пахта етиштириш учун қулай шароит яратиш мақсадида янгидан 14 та насос агрегати ўрнатилди, 24 та насос агрегати таъмирланди. Ушбу ҳудудларга сув олиб борувчи Қирққиз ва Амиробод каналларида қазиш ишлари амалга оширилди.

Олдинги йилларда ушбу ҳудудларда ўртача гектарига 19-20 центнердан пахта хомашёси етиштириб келинган бўлса, сув йўлларини реконструкция қилиш, захирадаги ер майдонларини фойдаланишга киритиш, ҳосилдорликни 25-30 центнергача ошириш режалаштирилган.

Ҳозирги кунда ушбу ҳудудларда жами 500 гектардан ортиқ майдон лазер ёрдамида текисланди, умумий узунлиги 30 километр ички ва асосий ариқ таъмирланди. Жорий йилда туман бўйича 2435 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинадиган бўлса, шундан 1000 гектари жамият томонидан амалга оширилади. Бунинг учун “Аму гулшани” ҳамда “Эко дрип люкс” масъулияти чекланган жамиятлари билан ҳамкорликдаги шартнома асосида 18,5 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган “Boʻston mega tekstil” масъулияти чекланган жамиятида йилига 5 минг тонна пахта толаси қайта ишланиб, 4 минг тонна ип-калава ва ундан 10 миллион м2 жинси матоси ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. 










Мазкур лойиҳага Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Урганч филиалидан 7 миллион 227,8 минг АҚШ доллар миқдоридаги кредит маблағи ажратилиб, Германия, Хитой, Япония ва Бельгия давлатларидан замонавий тўқув ускуналари олиб келиб ўрнатилди.

Жамият томонидан жорий йил январь-май ойида 1300 тонна калава ипи ишлаб чиқарилиб, шундан қиймати 1496,0 минг АҚШ долларига 672,9 тонна калава ип Хитой, Туркия давлатларига экспорт қилинди. Ҳозирда жамиятда 350 нафар ишчи ходим доимий иш билан таъминланган.

Корхона қошида “Boʻston Optimal Tekstil” масъулияти чекланган жамияти ҳам фаолият олиб бормоқда. Мазкур корхонада ип-калава ва юмшоқ сочиқлар ишлаб чиқарилади. Аҳамиятлиси, бу ерда меҳнат қилаётган 350 нафар ходимнинг аксарияти ёшлардан иборат.

Эстониялик инвесторлар билан ҳамкорликда "Элмед" қўшма корхонаси ташкил қилиниб, умумий қиймати 2,5 миллион АҚШ доллари бўлган “тиббиёт бинти ва пахта момиғи ишлаб чиқариш” лойиҳаси ишга туширилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳа негизида 200 та янги ишчи ўрни яратилади.

Ўтган йилда умумий қиймати 12 миллиард сўм бўлган ёғ-мой корхонасини ишга тушириш лойиҳаси амалга оширилди ва янгидан 20 та иш ўрни ташкил қилинди.

Пахта хомашёси етиштириш, харид қилиш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш, ушбу йўналишда фермер хўжаликларининг манфаатдорлигини ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестицияларни кенг жалб қилиш мақсадида “Boʻston cluster” масъулияти чекланган жамияти томонидан бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

Жумладан, пахта-тўқимачилик кластери томонидан лойиҳа қиймати 25 миллиард сўм бўлган 1000 бошга мўлжалланган чорвачилик комплекси ташкил қилиниб, 2021 йилнинг охирида ишга туширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун туман ҳокими қарорига асосан, озуқа экинлари етиштиришга қўшимча ер майдони ажратиб берилди. 

Лойиҳа бўйича ташкил қилинадиган чорвачилик комплекси моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида, “Тахиатош нефть базаси” унитар корхонаси Элликқалъа филиалига қарашли, ҳозирги кунда бўш турган чорвачилик комплексининг тўғридан-тўғри ёки хорижий валютада инвестиция киритиш йўли билан сотиб олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига сўровнома киритилиб, ижобий ҳал қилиниши кутилмоқда. Ҳозирги кунда жамият мутахассислари томонидан иқлим-шароитимизга мос келадиган гўшт-сут йўналишидаги қорамол зотлари бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, “Вoʻston cluster” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2018-2019 йиллар мобайнида ишга туширилган лойиҳалар асосида жами қиймати 155 миллиард сўмдан ортиқ бўлган маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, уларнинг қарийб 60 фоизи экспорт қилинди. Бугунги кунга 1000 нафарга яқин киши иш билан таъминланган. Жорий йил охиригача амалга ошириладиган лойиҳалар ҳисобига иш ўринлари 1200 тага етказилади.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари пахта-тўқимачилик кластери томонидан амалга оширилаётган томчилатиб суғориш лойиҳаси ва масъулияти чекланган жамиятларининг фаолияти билан танишди.


Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page