...

...

FERMER

Балиқчи туманида Андижон вилоятида ғалла ўрими мавсумини ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган амалий семинар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Шавкатжон Раҳимов, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов қатнашган семинарда туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар масъуллари иштирок этди.

– Кейинги йилларда Андижонда ғаллачилик соҳасида юқори натижаларига эришилмоқда, – дейди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. –Биргина 2021 йилда 76 минг гектардан зиёд майдонда деҳқончилик қилиниб, жами 516 минг тонна ҳосил етиштирилди. Ҳар гектар ердан олинган ялпи ҳосилдорлик вилоят бўйича ўртача 70 центнерни ташкил этди, ҳар гектардан олинган ҳосилдорлик 2016 йилга нисбатан қарийб 15 центнерга ортди.

Жорий йилда ғалла ҳосили учун 76 минг гектарда бошоқли дон экинлари парвариш қилиниб, бугун мўл ҳосил етиштирилди. Бу йил ғалладан 600 минг тоннадан зиёд ҳосил олиш, ҳосилдорликни ўртача 80 центерга етказиш кўзда тутилган.

Тадбирда Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган қишлоқ хўжалиги, хусусан ғаллачиликдаги ислоҳотлар, шунингдек, соҳадаги янгича тизим мазмун-моҳиятида аввало, инсон манфаати, унинг фаровон турмуши, фермер ва деҳқонларнинг манфаатдорлиги каби бозор иқтисодиётининг муҳим омиллари турганлиги таъкидланди.

Семинарда давлат захирасига олинган дон маҳсулоти биржа савдоси орқали сотилиши фермерларнинг ғалладан юқори даромад олишини таъминлаши алоҳида эътироф этилди. Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, етиштирилган мўл ғаллани нобуд қилмай, ўриб-йиғиб олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар, муҳим вазифалар белгилаб олинди, масъулларга зарур топшириқ ва тавсиялар берилди.


FERMER канали

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА

Report Page