...

...

AGROBLOGER

Бугунги кунга қадар Ўзбекистон тиббиётида 112 турдаги доривор ўсимликлардан фойдаланишга рухсат этилган. Уларнинг қарийб 80 фоизи табиий шароитда ўсадиган гиёҳлардир. Бироқ кейинги йилларда нафақат табиий шароитда ўсган доривор ўсимликларни йиғиш, балки уларни тижорат мақсадларида етиштириш ҳамда қайта ишлашни ташкил этиш билан шуғулланувчи фермер ва тадбиркорлар сезиларли даражада ортмоқда. Кейинги йилларда Ўзбекистонда ушбу соҳани жадал ривожлантириш бўйича қонунчилик базаси яратиляпти, бу, табиийки, доривор ўсимликлар етиштириш ва уларнинг экспорти ҳажмини оширишга хизмат қилади.

2022 йилнинг 1 сентябридан эътиборан, доривор ўсимликлар етиштирувчи ва қайта ишловчилар учун имтиёзлар тасдиқланади. 2022 йилнинг 20 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти бу борадаги ҳужжатни имзолади.

Ҳужжатга кўра, 2025 йилнинг 1 январига қадар ер солиғи, даромад солиғи ва мол-мулк солиғи ставкалари 50 фоизгача пасайтирилади.

Spot.uz хабарига кўра, маблағлар доривор ўсимликлар плантацияларини кенгайтиришга йўналтирилиши керак.

2022-2026 йилларда қизилмия, заъфарон, каврак, лаванда, стевия, мойчечак, наъматак, равоч, маврак, далачой, тоғрайҳон, бўймадарон, кийик ўти, ковул, қалампирялпиз ва бошқа доривор ўсимликларнинг янги плантациялари (36 гектар майдонда) яратилади.

Ҳар 10 гектар ер майдонидаги доривор ўсимликларнинг маданий плантацияларига сув чиқариш учун бурғиланган қудуқ қазиш, шунингдек, дарё, канал ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сув тортиш мақсадида насос станциясини қуришга сув тежовчи технологияларни қўллаш шарти билан ҳар бир метр учун 600 минг сўмдан, аммо 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда субсидиялар ажратилади.

1 июндан бошлаб, қуйидаги мақсадларга 100 миллиард сўм ажратилади:

фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга – доривор ўсимликлар етиштириш учун 12 ой муддатга, жумладан, олти ойлик имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада (банкнинг 2 фоизлик маржаси ҳисобга олинган ҳолда) кредитлар;

доривор ўсимликларни қайта ишловчилар, сақловчилар ва экспорт қилувчиларга – етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш учун зарур бўлган айланма маблағларни тўлдириш учун 12 ой муддатга йиллик 14% ставкада (жумладан, 2%лик банк маржаси) “револьвер” кредитлар.

Шунингдек, доривор ўсимликлар хомашёсидан биологик фаол қўшимчалар, эссенция ва экстракт ишлаб чиқарувчилар ўз эҳтиёжлари учун олиб келадиган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган технологик ва лаборатория ускуналари, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, сэндвич-панеллар ва вентиляция тизимлари ҳамда биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хомашё, қадоқлаш материаллари белгиланган тартибда божхона тўловидан озод қилинади;

Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш учун асбоб-ускуналар ва хомашё импорт қилинаётганда ҚҚС тўловини 180 кунга кечиктириш имконияти тақдим этилади.

Доривор ўсимлик материаллари ва ундан тайёрланган парҳез қўшимчалари, эссенциялар ва экстрактларни экспорт қилиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар томонидан экспортга сарфланган автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташув харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисми Экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги томонидан қопланади.


EastFruit

AGROBLOGER канали

Report Page