...

...

FERMER

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Коррупцияга қарши кураш ички бўлими бошлиғи Комил Қориев қўмита тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан «Дарё» нашрига маълумот берди.

Комил Қориевнинг айтишича, қўмита томонидан фермер хўжаликларига чет элдан қорамол сотиб олишлари учун ажратиладиган субсидиялар ажратилиш ҳолатларини ўрганмоқда.

«Сабаби баъзи ҳолларда субсидия учун фермерлар эмас, балки бошқа, аниқроғи, ўртакашлар уларнинг номидан ариза топширган ҳолатлари кузатилмоқда. Улар гўёки фермерларга ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам бергандек кўриниб, якунда эса муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Шундай ҳолатлардан бири Наманган вилоятида кузатилган. Бу бўйича вилоят прокуратураси томонидан 400 миллион сўмлик субсидия маблағларини ноқонуний ўзлаштирилганлик юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳолат юзасидан қўмита ўз ваколати доирасида хизмат текшируви ўтказиб, тегишли органларга тақдим этди. Ҳозирда тергов жараёнлари кетаётгани боис барча тафсилотларни айтолмайман. Тергов иши якунланганидан сўнг қўшимча маълумот тақдим этамиз», — деди қўмита вакили.

Суҳбатда таъкидланишича, субсидия ажратишга кўпроқ эътибор қаратишнинг сабаби — бу қайтармаслик шарти билан фермерларга берилаётган давлатнинг маблағлари.

«Уни қаерга ва қай мақсадда ишлатилаётганини ўрганиш ва ноқонуний ўзлаштирилганларини яна бюджетга қайтариш асосий вазифамиз ҳисобланади. Шунингдек, чет элдан субсидия эвазига олиб келинган қорамолларни аризада кўрсатилган бош сонига қай даражада мослигини ҳам ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Жойларга чиққан ҳолда фермер хўжаликлари учун қорамол боқиш учун ажратилаётган ерларни бериш тартибини ҳам кўриб чиқмоқдамиз. Бунда ердан қандай фойдаланаётгани, кўрсатилган қорамол ҳақиқатан ҳам бор ёки йўқлигини тизимли равишда кузатиб бормоқдамиз», — деди Комил Қориев.

Унинг қўшимча қилишича, 2022 йил бошидан буён қўмита тизимида бирорта коррупцион ҳолат аниқланмаган.

«Агар ўрганишларимиз натижасида бирор коррупцион ҳолат аниқлангудек бўлса, албатта, тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этамиз. Шу билан бирга, унинг натижалари ҳақида жамоатчиликни ҳам хабардор қилиб борамиз», — деди у.

Маълумот учун, президент қарорига мувофиқ 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида мавжуд штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилган.

Белгиланишича, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўриш учун масъул ҳисобланади.


FERMER канали

daryo.uz

Report Page