...

...

AGROBLOGER

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан республикамизда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишида жорий этилган мораторий масаласига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, 2015-2020 йиллар давомида яшил ўрмонзорларнинг йўқолиб кетиш суръатлари йилига 10 миллион гектар, деб баҳоланмоқда. 100 миллион гектардан ортиқ ўрмонлар ёнғинларнинг салбий таъсирига, турли касалликлар, чўлланиш ҳамда иқлимнинг ноқулай шароитларига учрамоқда.

Анжуманда мамлакатимизда ўсимлик дунёси, хусусан дарахтларнинг ноқонуний кесилишига йўл қўймаслик, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилишича, республикамизда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

Шу билан бирга, ҳар бир кесилган дарахт ва буталар учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли кўчат экиш ҳамда уларни камида икки йил давомида парвариш қилиш, ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурияти киритилди.

Мораторий даврида 5 минг 609 жисмоний ва юридик шахслар 258 минг 29 туп давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва бутани кесишга рухсат сўраб мурожаат қилган бўлса, 182 минг 648 туп, шундан 91 минг 54 туп шарқ чинори, эман, қрим қарағайи, чинорсимон заранг, каштан, шумтол, туранғил ҳамда бошқа 20 турдан ортиқ қимматбаҳо дарахт ва бутанинг кесилиши рад этилди.

Жорий йилнинг 4 ойи давомида республикада дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2 минг 14 та қонун бузилиш ҳолати аниқланган бўлиб, 2 минг 795 туп, шундан 1 минг 313 туп қимматли дарахт ноқонуний равишда кесилганлиги, 619 туп дарахт шикастлантирилганлиги сабаб ҳуқуқбузарларга нисбатан 2 миллиард 514 миллион сўм маъмурий жарима белгиланган.


ЎзА, uza.uz

AGROBLOGER канали

Report Page