...

...

FERMER

Ўзбек пахтасини сотиб олмаслик бўйича бойкотга қўшилган 331та халқаро бренд ва чакана савдо корхоналари Ўзбекистон бозорига қайтиши мумкин. Улар қаторида Adidas, Tesco, IKEA, Marks & Spencer, H&M, Zara вa Gap каби йирик брендлар бор.

2022 йилнинг март ойида Cotton Campaign халқаро коалицияси ўзбек пахтасини глобал бойкот қилиш чақириғи тугатилганини эълон қилди. The National Interst нашрининг ёзишича, бу Ўзбекистон учун бир қанча имкониятларни тақдим қилади.

«Ўзбек пахтасига нисбатан глобал бойкотнинг бекор қилиниши мамлакатнинг жаҳон тўқимачилик бозорига қайтиши учун муҳим аҳамият касб этади. Россия ҳамон Ўзбекистоннинг асосий савдо шериги ва ўзбек пахтасининг энг йирик импортчиси бўлиб, йилига 158 миллион куб метрдан ортиқ пахта толасини сотиб олади. Аммо молиявий санкциялар, инфляциянинг ўсиши ва истеъмол бозорининг қисқариши фонида Россиянинг Ўзбекистон билан савдоси ҳам ўзгаради. Ўзбекистоннинг GSP+ тизимига аъзо эканлиги эса пахтани Европа Иттифоқи ва АҚШга экспорт қилиш имкониятларини тақдим қилади», дейилади мақолада.

Қайд этилишича, ўзбек пахтасини сотиб олмаслик бўйича бойкотга қўшилган 331та халқаро бренд ва чакана савдо корхоналари Ўзбекистон бозорига қайтиши мумкин. Adidas, Tesco, IKEA, Marks & Spencer, H&M, Zara вa Gap каби йирик брендлар ўзбек пахтасини қайтадан сотиб олишни бошлаши кутилмоқда.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, пахта ишлаб чиқаришда мажбурий меҳнатдан воз кечилишига ташқи босим асосий сабаб бўлмаган. Бунда қўшимча иш ўринлари яратиш ва пахта хомашёси экспортчисидан тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчисига айланишга интилиш муҳим аҳамият касб этган. Шунингдек, пахта теримчиларининг иш ҳақи сезиларли даражада ошганлиги ҳам келтириб ўтилган.

«Муҳим қадам ташланиб, кластер тизимига ўтилганига қарамай, халқаро меҳнат ташкилотлари ҳукуматдан мустақил касаба уюшмалари ва касб-ҳунар бирлашмаларини ташкил этишга рухсат беришни талаб қилмоқда», дея қўшимча қилинади мақолада.

Таъкидланишича, АҚШ Ўзбекистонни пахта етказиб берувчи сифатида қўллаб-қувватлаши мумкин, чунки Шинжондаги мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазият сабаб Хитой маҳсулотларидан воз кечилиб, Ўзбекистон пахтасига эътибор қаратилади.


FERMER канали

kun.uz

Report Page