...

...

AGROBLOGER

Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов Халқаро ҳамкорлик бўйича Герман Sparkassenstiftung ташкилотининг Ўзбекистондаги раҳбари ва узоқ муддатли эксперти Матҳиас Ванглер билан учрашди.

Самимий ва дўстона руҳда бўлиб ўтган суҳбат жараёнида ёшларни қишлоқ хўжалиги тармоқлари бўйича тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаш, кредитлаш, банк билан ҳамкорликда ишлаш ва бизнес юритишнинг истиқболли йўллари каби ўндан ортиқ масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда М.Ванглер Германия Федерациясининг 200 йиллик тажрибага эга Sparkassenstiftung банкининг фаолияти ҳақида маълумот берди. Хусусан, мазкур нуфузли банк Германиянинг кўп йиллик молиявий ташкилоти бўлиб, дунё бўйлаб 12 мингта филиали фаолият юритади.

Унинг узоқ муддатли экспертлари Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ёшлар ишлари агентлиги, “Агробанк”, Халқ банки, “Микрокредитбанк” АТБ билан ҳамкорлик қилиб, мамлакатимизда молиявий хизматлар кўрсатишни таклиф этиш орқали аграр секторни мустаҳкамлаш ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш бўйича янги лойиҳа доирасида фаолият олиб боради. Суҳбат давомида ёш тадбиркорлар фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган семинар-тренинглар ташкил этиш, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келгуси режалар белгилаб олинди.


Абдулазиз Мусаев, ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page