...

...

AGROBLOGER

Кўчатлар илгари кўпинча биологик усулда иситиладиган парниклар ва кўчатхоналарда етиштирилган. Ҳозирги кунда очиқ ер учун кўчатлар асосан иситиладиган плёнкали иссиқхоналарда, томорқа ва дала ҳовлиларида плёнкали иситиладиган кичик иссиқхоналарда, плёнкали парникларда етиштирилади. Ҳимояланган ер учун қишки-баҳорги айланишда кўчатлар иситиладиган қишки ойнаванд ёки плёнкали иссиқхоналарнинг кўчат бўлимида етиштирилади. Бошқа айланишлар учун кўчатлар махсус, мосланган иншоотларда етиштирилади.

Кўчат икки хил услубда: кўчириб ўтқазиб, кўчириб ўтқазилмай ўстирилади. Кўчириб ўтқазиш услуби билан ўстиришда уруғ қалин сепилади ва у униб чиққандан сўнг 1-2 чин барги ҳосил бўлганида озиқланиш майдони каттароқ бўлган иншоот тупроғига, туроқ тўлдирилган полиэтилен қопчаларга ёки озиқали кубикларга ва тувакчаларга экилади. Ёш майсани кўчириб ўтқазиш пикировка (сийраклаб кўчириб ўтқазиш), кўчириб ўтқазиладиган ёш ниҳол майса, уларни қалин экилган жойи эса майсазор дейилади. Майсалар ерга олдиндан тахтача ёки тишли маркер билан белгилаб қўйилган эгатча ёки чуқурчаларга пикировка қилинади (пикировка “пика” сўзидан олинган). Пикировка қилиб кўчат ўстиришда меҳнат сарфи 1,2-1,5 марта ошади (1-расм).

1-расм. Кўчатни пикировка қилиш жараёни

 Агар кўчат кўчириб ўтқазилмасдан (пикировкасиз) етиштирилса, уларга етарли озиқланиш майдони бериб ёки тувакча ва кубикларга уруғлар тўғридан тўғри экилади ва ниҳоллар униб чиққанидан сўнг очиқ майдонга ёки иссиқхонага экилгунича ўша ерда ўстирилади. Ўртаги ва кечки экинлар, шунингдек қовоқдошларнинг кўчати пикировкасиз етиштирилади.

Кўчат етиштиришнинг асосий 2 усули мавжуд: тувакчасиз ва тувакчали. Тувакчасиз ўстиришда уруғларни экиш ёки пикировка қилиш бевосита иншоот ерида амалга оширилади. Кўчатни тувакчасиз ўстириш осон ва арзон. Аммо кўчатни кўчириб олишда илдизнинг кўп қисми тупроқда қолиб кетади ва бошқа ерга кўчириб экилганда у тутиш ва ўсишда кечикади. Туваксиз кўчатларни етиштиришда уруғ плёнкали иссиқхона тупроғи эгатларига турли хилдаги парник сеялкалари билан экилади. Секциялари 6 метрли иссиқхоналарда эни 1,6 м ли учта кенг эгатлар олинади ва эни 0,4 м бўлган тўрт йўлка қилинади ёки эни 2,0 м дан иккита кенг эгатлар қилиниб, 3 йўлка қолдирилади.

Тувакчали кўчатлар озиқали кубикларда, 5, 6, 8, 10 см ҳажмли тувакчаларда ёки тупроқ тўлдирилган полиэтилен қопчаларда етиштирилади. Озиқали кубиклар мавжуд компонентларга турли таркибдаги озиқ аралашмаларидан тайёрланади. Тувакчалар уваланиб кетмаслиги учун аралашмага янги 5% мол гўнги ёки бошқа ёпишқоқ моддалар қўшилади. Улар ИГТ-10 дастгоҳида прессланиб, шунингдек, торфдан суюқ аралашма тайёрлаб қолипларга қуйиладиган ёки гидроторфли услублар бўйича тайёрланади. Чет эл заводларида торфоблоклар (плиталар), таблетка ва диск шаклидаги брикетлар ишлаб чиқарилмоқда. Уруғ ёки майса кубикларнинг чуқурчасига экилади. Кўчатлар доимий ўсадиган жойига озиқали кубикчалари билан экилади.

Хорижий мамлакатларнинг торф саноатида юқори торф ва целлулоза аралашмасидан тайёрланган, далага экилгандан кейин маълум муддатдан сўнг ўз хусусиятини йўқотадиган елимловчи моддалар қўшилган, ичи бўш тувакчалар ишлаб чиқарилмоқда. Улар бўш стаканча ёки уяли блоклар кўринишида тайёрланади. Бундай тувакчалар тупроқда тез парчланиб, илдизнинг ўсишига қаршилик кўрсатмайди (2-расм).

2-расм. Кўчат етиштириш учун кубик, тувакча, блок ва кассеталар.

а, б – тубли ва тубсизпластмассали ичи бўш тувакчалар; в- ичи бўш торф тувакчаси; г – полиэтелен қопча; д – ичи бўш торфли блок; е – пластмассали блок; ж, з – торфли кубик ва таблетка; и – торфоплита (торфли блок).

 

Қўлда экилганда кўчат ўстириш учун баъзан полиэтилен қопча ва енглар, сопол ва полимер материаллардан тайёрланган тувакчалардан фойдаланилади. Лоток ёки кассета кўринишидаги қаттиқ пластмассадан тайёрланган уяли блоклар ҳам (40-70 уя) қўлланилади. Экишда улардаги кўчатлар тупроғи билан олинади.

Тувакли кўчатлар кучли ривожланган илдиз тизимига эга бўлганлиги учун 12-14 кун олдин ҳосилга киради. Бунда ҳосилдорлик 20-30% ортади.

 

И. Зуев. "Сабзавотчилик ва полизчилик".

@AGROBLOGER канали

Report Page