...

...

AGROBLOGER

Маккажўхори – кўп тармоқли фойдаланишда қимматли, серҳосил, донли экин ҳисобланади. Маккажўхоридан яхши концентрат, кўк масса ва силос олиш мумкин. 1 кг донида 1,34 озуқа бирлиги мавжуд. Маккажўхори сўталари сут-мум пишиш даврига кирганда тайёрланган силос чорва моллари учун энг яхши озуқадир. 100 кг силосда 24 озуқа бирлиги мавжуд.

Маккажўхори экиш учун ер тайёрлашда ҳайдов олдидан НРУ-0,5 русумли ўғит сочадиган техника ёрдамида фосфорли (150–200 кг/га аммофос ёки 300–350 кг/га суприфос) ўғит берилади. Агар фермер хўжалигида етарли миқдорда чириган гўнг мавжуд бўлса, гўнг сочадиган техника ёрдамида тупроққа солинади. Ерни ҳайдаш 25–28 см чуқурликда амалга оширилади.

Майдон юзаси текис бўлмаган ҳолларда, махсус техника билан текисланади. Кичик майдондаги нотекисликларни бартараф этиш ишларини тракторга осма текислагичлар осиб амалга ошириш мумкин. Шундан кейин дала мола-борона қилинади.

Маккажўхорини баҳорда донга экиш (120 кунлик бўладиган маккажў­хори учун, шу пайтда экилганда фермер хўжаликлари дон ҳосилидан 3–4 т/га юқори натижага эришадилар. Униб чиқиш вақти май ойига қолиб кетмаслиги керак, акс ҳолда ҳосилдорлик камайиб кетади. Экиш муддати марказий минтақада жойлашган вилоятлар (Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Фарғона водийси вилоятлари) учун 10–15 апрель, жанубий минтақаларда бундан 2 ҳафта олдин (25–30 март), шимолий минтақаларда эса 2 ҳафта кейин (25–30 апрель) амалга оширилади. Баҳорги муддатда маккажўхорини силос учун экиш ва парваришлашдаги агротехника тадбирлари, ҳаттоки уруғ сарфи ҳам донга экилгани каби ўтказилади. Пишиш даврига қараб кўчат сони турлича бўлади (кечпишарлар учун – 50–55 минг туп/га; ўрта-кечпишарлар учун – 60–70 минг туп/га; ўрта-эртаги ва эртагилар учун – 80 минг туп/га).

Маккажўхорини силос учун баҳорда оралиқ экинлардан ёки ёзда бошоқли экинлардан (маккажўхорининг тезпишар дурагайларини шу муддатда экиш самарали ҳисобланади ва энг юқори дон массаси олинади. Агар маккажўхорининг тезпишар дурагайлари баҳорги муддатда экилса ҳосилдорлик 2–3 т/га кескин камайиб кетади) кейин экиш мумкин. Бошоқли экинлардан бўшаган майдонларга маккажўхорини республикамизнинг шимолий минтақаларида фақат силос учун экиш тавсия этилади.

Баҳорда силос ва донга экишда маккажўхорининг кечпишар, ўрта-кечпишар, ўртапишар нав ва дурагайлари (“Ўзбекистон–601 ЕСВ”, “Ўзбекистон–420 ВЛ”), ёзда дон учун эрта-ўртапишар, эртапишар нав ва дурагайлар (“Қорасув–350 АМВ”, “Ўзбекистон–300 МВ”) тавсия этилади. Пневматик СПЧ-6 сеялкадан фойдаланилганда экиш чуқурлиги 5–6 см. ни ташкил этиб, гектарига 22–25 кг уруғ сарфланади.

Бунда ҳар бир қаторнинг эни 60 см, 70 см ва 90 см. ли бўлади. 60 см. ли эгатларда эртапишарлар 21 см, ўртапишарлар 24 см ва кечпишарлар 30 см оралиқда жойлаштирилади. 70 см. ли эгатларда эртапишарлар 18 см, ўртапишарлар 20 см ва кечпишарлар 26 см оралиқда жойлаштирилади. 90 см. ли эгатларда эртапишарлар 14 см, ўртапишарлар 16 см ва кечпишарлар 20 см оралиқда жойлаштирилади. Уруғлар экилгандан ке­йин униб чиқиши учун ерда намлик етишмаса, уруғ суви берилади.

Баҳорда уруғлар ерга экилгандан сўнг ёғингарчилик кўп бўлиб, қатқалоқ ҳосил бўлган майдонлар культиваторлар ёрдамида юзаки культивация қилинади ёки махсус мосламалар билан қатқалоқ юмшатилади. Агар уруғлар экилгандан кейин ерда намлик юқори бўлиб ҳаво ҳарорати пасайиб кетса, уруғлар чириб кетади. Бундай ҳолатда қайтадан экиш ишлари амалга оширилади.

Экилган уруғ униб чиққандан кейин 3–4 барг бўлганда биринчи культивация қилинади, қўлда чопиқ ишлари олиб борилади, агар кўчат сони кўп бўлса ягана ишлари ўтказилади. Бегона ўтлар жуда кўп бўлганда махсус гербицидлар билан ишлов берилади. Маккажўхорида 5–6 та барг ҳосил бўлганда эгат олиш билан биргаликда гектарига 150–180 кг карбамид ёки 250–300 кг аммиакли селитра солиниб биринчи суғориш ўтказилади. Пояда 8–10 та барг бўлганда иккинчи культивация қилинади. Далани бегона ўт босган бўлса чопиқ ишлари ўтказилади, 10–12 та барг ҳосил бўлганда иккинчи озиқлантириш билан бирга иккинчи марта суғорилади.

Маккажўхорининг рўваклари гуллашга келган давр­да намликни меъёрида сақлаб туриш учун учинчи марта суғорилади. Бу суғориш бошқа суғоришларга нисбатан узоқроқ давом этади. Агар мана шу даврда суғориш меъёрига эътибор қаратилмаса ҳосилдорлик (40–50%) кескин пасайиб кетади. Бу давр оралиғи 7–10 кунни ташкил этади. Шу вақтда маккажўхори экинида чангланиш амалга ошади.

Яхши чангланган ўсимликлар юқори даражада ҳосил бериши илмий тажрибалар асосида исботлаб берилган. Маккажўхорида тўртинчи суғориш донида сут-мум пишиш даври бўлганда амалга оширилади, бу вақтда донлар тўлишиб керакли озуқани ўзида жамлайди. Айни шу муддатда силосга ўрилса, энг юқори масса ва озуқага эришилади. Силосга ўришда сут-мум пишиш даврида Марал, КПИ-2,4, Е-280 русумли комбайнлардан фойдаланилади.

Маккажўхорини донга ўриш олдидан текшириб кўрилади, агар ўсимликда мумпишиш даврида бўлса, товарбоп донларни ўришга рухсат берилади. Катта далаларда етиштирилаётган уруғликлар (элита, ў1 дурагайлари) тўлиқ пишиш бошланганда амалга оширилади. Бунда Херсонец–7, Херсонец–9 русумли комбайнлардан фойдаланилади.

Маккажўхорини ёзда экиш олдидан амалга ошириладиган ишлар қуйидагилардан иборат: ҳайдовгача ерни фосфорли ўғит билан (150–200 кг/га аммофос ёки 300–350 кг/га суприфос) ўғитлаш, ерни ҳайдаш (25–28 см чуқурликда), текислаш, чизеллаш ва молалаш. Ёзги экишда баҳорда қўлланиладиган барча тадбирлар ва уруғ меъёри бир хил бўлиши тавсия этилади. Маккажўхорининг эртапишар (“Қорасув–350 АМВ” ва “Ўзбекис­тон–300 МВ”) дурагайларидан тўлиқ пишган дон олиш учун 20–25 июнгача ва силос олиш учун 15 июлгача экиш тавсия этилади.

Маккажўхорини ёзда анғизда етиштириш агротехник тадбирлари баҳорги экиш каби амалга оширилади. Бунда шуни инобатга олиш лозимки, ёзда экилган маккажўхори жадал ўсиб боради. Шу туфайли фермерлар тезкорлик билан ўсимлик қатор ораларига ишлов бериш, озиқлантириш ва суғоришни амалга ошириб боришлари тавсия этилади.

@AGROBLOGER канали

Report Page