...

...

FERMER

Хоразм вилоятида ғалла ҳосилини уюшқоқлик билан ўриб-йиғиб олиш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда вилоят ва туманлардаги сектор раҳбарлари, ўрим-йиғим мавсумига алоқадор ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ш. Ғаниев, Хоразм вилояти ҳокими Ф. Эрманов, Бош прокурор ўринбосари Ш. Раҳимов жорий йилда фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган ғалла ҳосилини харид қилиш тизимидаги янгиликларнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритдилар. Таъкидландики, эндиликда ғалла ҳосилини давлат захирасига қабул қилиш ва биржа савдоларига чиқариш Президентнинг 2021 йил 15 ноябрдаги «Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилади.

— Вилоятда 1 минг 287 та фермер хўжалиги томонидан 33 минг 200 гектар майдонда ғалла парваришланмоқда, — дейди Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Комилжон Собиров. — Ушбу майдонлардан жами 245 минг 348 тонна буғдой ҳосили етиштириш режалаштирилган. Ҳосилни ўриб-йиғиб олиш ишлари ҳар йилгидек отрядлар усулида ташкил қилиниб, жами 136 та комбайн ҳамда 635 та дон ташувчи техникалар, бундан ташқари 136 та кўчма устахоналар ва 136 та ёқилғи ташиш воситалари мавсум юмушларига жалб этилади. Асосийси, эндиликда етиштирилган ғаллани сотиш эркин бозор нархларида амалга оширилади, фермерларга ўз ихтиёрида қолган ҳосилни биржа савдоларига қўйиш имконияти яратилади.

Семинарда давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 11 май куни ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг муҳим босқичига бағишлаб ўтказилган селектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш механизмлари хусусида ҳам фикр алмашилди.

Шунингдек, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш, томчилатиб суғоришни ташкил этиш масалалари бўйича мутахассислар тавсиялари берилди.


FERMER канали

Одилбек Одамбоев, xs.uz

Report Page