...

...

FERMER

ИСО–фунгицид ва акарицид таъсирига эга, тўқ сариқ ёки олча рангидаги суюқлик. Мевали ўсимликлар ҳамда токда учрайдиган калмараз, мева чириш, ун шудринг, антракноз каби касалликлар ҳамда кана турларига қарши қўлланилади.

Аралашмани тайёрлашда қатъий меъёрга амал қилиш лозим.

Шундай қилиб, фермер ва томорқа хўжалиги шароитида 10 л олтингугурт оҳак қўшимчасини тайёрлаш учун 10 л сув олинади, алоҳида идишда 600 г сифатли оҳак тош оз миқдордаги сув билан сўндирилади.

Сўндирилаётган оҳак устига яна бир оз сув қўшиб, оҳакли сут ҳосил қилинади. Тайёрланган оҳакли сут фильтрланиб, чўян қозонга қуйилади ва қайнагунча қиздирилади.

Бир вақтнинг ўзида бошқа идишда 1,2 кг олтингугурт кукуни сув билан тўла қоришиб, сариқ тусли бўтқа ҳосил қилгунча яхшилаб аралаштирилади.

Тайёр бўлган эритма оҳакнинг устига қуйилади. Ажратилган 10 л сувнинг қолган қисми ҳам қозонга қуйилиб, қозондаги массанинг сатҳи белгилаб қўйилади.

Қайнаш бошлангандан сўнг ёғоч куракча билан тўхтовсиз қўзғатиб туриш билан яна 60 дақиқа қайнатилади. Қайнаш жараёнида буғланиш эвазига қозондаги суюқлик ҳажми камаяди.

Қайнатиш бошлангандан олдин белгилаб қўйилган 10 л ҳажм сақланиб қолиши учун қайнатиш жараёнида керакли миқдорда қайнаган иссиқ сув қўшиб турилади.

Сувнинг охирги қўшилиши, қайнатиш тўхтатилишидан 15 дақиқа аввал амалга оширилади. Қайнатиш тўхтатилгач, аралашма 6-8 соат давомида усти ёпиқ ҳолатда тиндирилади ва сўнгра оғзи зич бекилувчи, шиша ёки пластмасса идишларга эҳтиёткорлик билан қуйилади.

Суюқликнинг оғзи зич бекитилишидан аввал идишдаги қайнатма устига керосин ёки техника мойидан қуйилса, ҳаво оксидланишининг олдини олади.

Эритма металл билан реакцияга киришгани боис бу турдаги идишларда сақлаш мумкин эмас. Тайёр концентрацияланган аралашманинг ранги тўқ сариқ тусда бўлади.


FERMER канали

Report Page