...

...

AGROBLOGER

Европа Иттифоқи бозорида рапс нархи 2021 йилда ўзгаришсиз қолиши кутилмоқда. Ҳосилдорликнинг пасайиши ва дунёда мойли уруғлар нархининг ўсиши рапс уруғининг нархини оширди. Нарх юқори бўлса ҳам уни етиштириш ишлари оғир бўлганлиги боис рапс экилган майдонлар ҳажми камайиши прогноз қилинмоқда.

Хусусан, “Strategie Grains” консалтинг компанияси маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи мамлакатларининг 2021-2022 йилги рапс экин майдонлари 5,45 миллион гектарни ташкил қилиши кутилмоқда, бу 2020-2021 йилдаги кўрсаткич (5,47 миллион гектар)га нисбатан бирмунча паст. Ушбу ҳажм сўнгги беш йилликдаги ўртача кўрсаткичдан 13 фоизга кам.

2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида жаҳон бозорига етарли миқдорда ўсимлик мойлари етказиб берилмаслиги, палма ёғи ишлаб чиқарилишининг тикланиши ва ўсимлик мойига бўлган талабнинг ўсиши келгуси йилда ушбу маҳсулот бозорларида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шу даврда кунгабоқар мойи етказиб берилишининг чекланиши фермер хўжаликлари кам миқдорда кунгабоқардан ҳосил олганлиги туфайли юзага келди. 2020-2021 йилларда Россия, Украина, Руминия, Болгария ва Молдовада кунгабоқар етиштиришнинг вегетация даврида қурғоқчилик юз берди, натижада нафақат ҳосилдорлик камайди, балки олинган хомашё таркибидаги ёғ миқдорида ҳам пасайиш кузатилди.

Ўсимлик мойи таъминотидаги етишмовчилик динамикаси 2021 йилнинг биринчи ярмида давом этади, – дейди “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси матбуот котиби — Ахборот сиёсати масалалари бўйича раис маслаҳатчиси Фахриддин Калонов. – Нархлар эса ўзгаришсиз қолади. “COVID-19” инқирозидан кейин бутун дунё бўйлаб иқтисодий ўсиш тикланиши ҳамда ўсимлик мойига бўлган талабнинг ошиши кутилмоқда. Меҳмонхоналар, ресторанлар ва умумий овқатланиш шохобчаларининг очилиши кунгабоқар мойига бўлган талабнинг ошишини таъминламоқда. Бинобарин, бутун дунёда эмлаш дастурларининг муваффақиятли амалга оширилиши ҳам ўсимлик мойи истеъмолининг тикланишида ҳал қилувчи омил бўлади.

Хомашё ва ўсимлик мойи ҳажмининг чекланганлиги боис Россиянинг кунгабоқар дони экспорти божини 30 фоизгача ошириш тўғрисидаги қарори ушбу маҳсулотга бўлган талабнинг ошишини янада кучайтиради. Мазкур тақиқ Россиянинг қайта ишлаш саноатида хомашё таннархларини барқарорлаштириш ва маҳаллий қайта ишлаш корхоналари қувватларидан самарали фойдаланишни таъминлаш борасида босим кучайганидан сўнг вужудга келди. Кунгабоқар донига экспорт божининг жорий этилиши Россия Федерациясида ўсимлик мойи нархларини барқарорлаштирди, аммо экспорт қилинадиган маҳсулот нархининг ошишига олиб келди.

Россияда етиштирилган кунгабоқар донининг асосий экспортчи бўлган Туркия импорт қилинган кунгабоқар донининг юқори экспорт божларини қоплаш учун 2021 йилда кунгабоқар мойи импортини кўпайтирмоқчи. 2021 йилда кунгабоқар мойини етказиб беришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Туркия кунгабоқар мойи импорт божини 2020 йил 25 ноябрдан 2021 йил 30 июнгача 36 фоиздан 3 фоизга туширди.

Ҳозирги кунда Европа мамлакатларида кунгабоқар уруғини экиш ишлари бошланди. 2020 йилда нархлар юқори бўлганлиги боис кунгабоқар донини етиштирувчи фермерлар катта фойда олди, бу ҳолат, ўз навбатида, 2021-2022 йил мавсумида кунгабоқар уруғи экиладиган майдонлар ҳажмининг ошишига хизмат қилмоқда.

Экспертларнинг фикрига кўра, кунгабоқар мойи нархи 2021 йил охиригача соя мойи билан рақобатлашади. Бразилия ва Аргентина соя экинларининг янги хомашёсини қайта ишлаш учун етказиб беришни 2021 йилнинг иккинчи чорагидан бошлайди, бу соя мойи нархларига босим ўтказади, натижада соя мойи нархи арзонлаша бошлайди. Соя мойи билан рақобатбардошликни сақлаб қолиш учун кунгабоқар мойи нархи пасайишни бошлаши кутилмоқда.

Ла-Нина (Шарқий тинч океанининг тропикларида сирт сувлари ҳарорати ўзгариши) Жанубий Америкада қурғоқчиликни келтириб чиқармоқда, бу 2021 йилнинг биринчи чорагида соя экинларига зарар етказиши мумкинлигидан далолат бермоқда.

– Ушбу табиат ҳодисаси Малайзия ва Индонезияда ёмғирлар мавсумини бошлаб берди, бу палма мойи ишлаб чиқаришда фойдали ҳисобланади, ёмғир ёғиши ишлаб чиқаришни тиклашга ёрдам беради, чет эл ишчи кучини жалб қилишни тезлаштиради, — деди Сунвин Гроуп тадқиқот директори Анилкумар Багани. – Палма мойи ишлаб чиқарувчи мамлакатларда хорижий ишчи кучининг етишмаслиги 2020 йилда ишлаб чиқаришни секинлаштирди. 2021 йилда “COVID-19”га қарши муваффақиятли эмлаш кампанияси ўтказилаётганлиги ва хорижий ишчиларнинг қайтиши палма мойи ишлаб чиқаришни кескин ошириш имкониятини вужудга келтирмоқда. Меҳмонхона бизнеси, умумий овқатланиш шохобчалари ва ресторанларнинг фаолият кўрсатиши палма мойига бўлган талабни рағбатлантиради.

2020 йил тўртинчи чорагида Ҳиндистоннинг палма мойи импорти учун божни 37,5 фоиздан 27,5 фоизгача камайтириши ушбу мой импорти ҳажмини 2021 йилда кескин оширишга ёрдам беради. Шу йилда ҳиндистонлик харидорлар бошқа мойларга нисбатан палма мойи импорти кўпроқ бўлиши кутилмоқда


AGROBLOGER канали

uza.uz

Report Page