...

...

AGROBLOGER

Фарғонанинг Риштон туманида фаолият юритувчи боғбон Ихтиёр Ниёзов билан гилоснинг бу йилги ҳосили, унинг навлари ва нарх-наво ҳақида суҳбатлашдик.

— Ихтиёр, бозорда гилоснинг турфа хилини кўришимиз мумкин. Нархлари ҳам жуда фарқланади. Ўзбекистонда оммалашган навлар ҳақида маълумот берсангиз.

— Чиндан ҳам юртимиз тупроғи турли неъматлар тақдим қилади. Биргина гилоснинг ўзидан кўпчилик биладиган 8 хилини санаб ўтишимиз мумкин. Баъзан “Нега бунча қиммат, 5 минг сўмга ҳам гилос бор-ку” деган эътирозларни эшитиб қоламиз. Чиндан ҳам бозорларимизда 5 минг сўмга ҳам гилос топиш мумкин. Шу билан бирга, харидорбоп ва экспортбоп шундай навлар борки, уларнинг баҳосидаги фарқ бир неча долларгача боради.

Мен ўзимнинг боғимдан ана шу 8 навни териб олдим ва битта сурат ҳамда унинг таърифи билан гилослар қай даражада фарқланишини тушунтириб бермоқчиман. Диққат қилинг, навлар суратда кетма-кет жойланган (қуйида Фарғонадаги нархлари):

1. Жайдари гилос. Олча. Компотбоп ва кўп миқдорда сотиб олинади. Ўртача баҳоси 5 минг сўм

2. Маданийлашган олча-гилос. Венгер ёки шпонка ҳам дейилади. Ўртача 15 минг сўм

3. Сариқ гилос. “Дрогана желтая” нави. 5 минг сўм

4. Сариқ гилоснинг маданийлаштирилган нави. “Лочин барг” деб ҳам аташади. 7 минг сўм

5. Маҳаллий тилда “Самин” деб аталаётган нав. 5 минг сўм

6. “Баҳор”, 20 минг сўм (экспортбоп)

7. “Калта сопли”. 7 минг сўм

8. “Валовая”. 30-35 минг сўм (экспортбоп)

Бу бизнинг бозорларда кўп сотилувчи маҳаллий навлар бўлиб, яна ўнлаб турдаги гилослар бор. Алоҳида таъкидлайман – нархлар бугунги кундаги ва энг арзон қийматда олинган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ичида ҳам ҳудудларга кўра баҳо ўзгараверади.

Нарх қимматлиги бўйича эътирозларга келсак, гилосни бундан арзон нархга сотиш боғбонга фойда келтирмайди.

Яна баъзан “Чет элга яхшиси-ю, ўзимизга ёмоними?” деган гап-сўзлар қулоққа чалинади. Бу асосли эмас. Суратдаги 7-рақамли гилосга эътибор беринг. “Калта сопли” дея номлайдиган бу навимиз таъми экспортбоп гилосдан ўтса ўтадики, қолишмайди. Фақат бу нав узоқ сақланмайди. Шу фарқ сабаб экспорт қилинмайди.

— Бу йилги ҳосил қандай бўлди, умуман, жорий йилда гилосдан кўзланган фойда олиндими?

— Ҳамма учун жавоб берсам тўғри бўлмас, аммо бизнинг ҳудудда ўтган йилги ҳосилнинг тахминан ярми олинди. Нарх-наво ҳам озгина ошганини айтмаса, олдинги йилги билан деярли бир хил. Бу боғбонлар даромади камайганини билдиради. Лекин биз бунга кўникканмиз, ҳар йил бошланганда Аллоҳга таваккал билан меҳнат қиламиз. Бирда ундай, бирда бундай...

— Нега бундай бўлди?

— Март охирида, апрел бошида, яъни гилос гуллаган пайтда ҳарорат меъёрий кўрсаткичдан паст бўлди. Апрел ойи эса ҳаддан ташқари иссиқ бўлди. Водийда “Қўқонгилос” деб аталадиган “Бичье сердце” навли энг экспортбоп гилосимиз чанглашиши учун иссиқ ҳаво ноқулай ҳисобланади. Бу ҳосилга жиддий таъсир қилди.

— Экспорт асосан қайси давлатларга бўляпти?

— Гилос – нисбатан кам ҳосил берадиган ва кўп харажат ҳамда меҳнат талаб қиладиган мева. Биз боғбонлар одатда ишимиздан ортмаймиз, ҳосилни кўнгилдагидек тайёрлаб берсак хурсандмиз ва ўзимиз экспорт билан бевосита шуғулланмаймиз. Биздан харид қиладиганлар ҳам ҳақиқий экспортчиларгача бўлган учинчи, тўртинчи одамлар. Экспортнинг асосий анъанавий йўналишлари – Россия, Хитой ва қўшни давлатлар.

Яқинда вилоятимизда етиштирилган гилослар Сингапурга экспорт қилингани ва ярим килолик қутиларда 8,8 доллар нархда сотилаётганини ўқиб ғурурландим. Ўрни келганда бир нарсани айтиб ўтишим шарт: ўзбек гилоси мазаси жиҳатдан дунёнинг манаман деган давлати гилосини ортда қолдира олишига ишонаман.


Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.


Мавзуга оид: Статқўм маълумотига кўра, Ўзбекистон 2021 йилда 18 та давлатга 84,8 млн долларлик 60,8 минг тонна гилос экспорт қилган. Бу 2020 йил билан солиштирганда 29,5 минг тоннага кўпроқ.

2021 йилда Ўзбекистон энг кўп гилос экспорт қилган давлатлар:

Қозоғистон – 27,5 минг тонна

Россия – 24,7 минг тонна

Қирғизистон – 6,8 минг тонна

Украина – 725 тонна

Беларусь – 593 тонна

Корея – 208 тонна

Польша – 98 тонна.

Шунингдек, Ўзбекистон 2018 йилдаёқ гилос экспорт қилувчи давлатлар топ бешлигига кира олган.


AGROBLOGER канали

kun.uz


Report Page