...

...

AGROBLOGER

Томорқа боғдорчилиги ва узумчилигига бўлган қизиқиш кундан-кунга ортиб бормоқда. Томорқа ерлари оилани мева-узум билан таъминлаш билан бирга бутун оила аъзолари меҳнат қилади ҳамда дам олади. Бунда болаларни ҳам меҳнатга жалб этиб, уларни меҳнатсеварлик ва кузатувчанлик, табиатга мухаббат рухида тарбиялаш имкони туғилади. Республикамизнинг об-ҳаво шароити томорқаларда ширин-шакар мева ва узум етиштириш учун жуда мосдир. 

Бизда апрель ойидан октябрь-ноябрь ойларигача аҳоли томорқасида хўл мева ва узум етиштириш имкониятига эга. Оила ўз томорқасида апрель-май ойида қулупнай, гилоснинг эртапишар, ёз ойларида меваларни ўртапишар навларининг ҳосили етилади. Сентябрь-октябрь ойларида эса кечпишар мева-узум навлари пишади. Уларнинг ҳосилини келгуси йил май хатто июнь ойининг бошларигача махсус бинолар ва совуқхоналарда сақлаб, истеъмол қилиш мумкин. 

Шакл бериш, буташ. Томорқа боғларида эрта баҳорда мевали дарахтларга шакл берилади. Олма, нок, ўрик, гилос ва олхўри навларига сийраклаштирилган, қаватли шакл берилади. Шафтолига косасимон шакл берилади. Дарахтнинг шох-шаббасига шакл беришда марказий мутаносибликни сақланишига эътибор бериш зарур. 

Ҳосилга кирган олма, нок, беҳи, тоғолча каби мевали дарахтларнинг шохлари улар уйғонмаган даврда (барг тўкиб бўлгач, ўсув даври бошлангунча) кесилади. Совуққа унча чидамли бўлмаган мевали дарахтларнинг тур ва навлари (гилос, ўрик, шафтоли) баҳорга яқин февралнинг иккинчи ярми ва март ойида кесилади. Олма дарахтлари тўлиқ ҳосилга кирганда дарахтларни ҳар 3-4 йилда бир марта буталади. Олма дарахтларининг бир-бирига халақит берадиган ва шох-шаббасини соялайдиган ҳамма новдалари олиб ташланади. Нок, беҳи ҳам олмага ўхшаб кесилади. 

Ўрик дарахти, айниқса, ёш пайтида кучли ўсиши билан ажралиб туради. Дарахтлар 6-7 ёшга киргунча бақувват новдалар ҳосил қилади. Чунки улар бу даврда жуда кам шохлайди. Ён новдаларида яхши ҳосил бўлиши учун бақувват новдалар узунлигининг учдан бир қисми ёки тенг ярмига қисқартирилиши лозим. Шу мақсадда бу ёшда новдаларни ёзда (май ва июнь ойида) чилпиган маъқул. Кейинчалик дарахтни кесиш навбатдаги тартиб ортиқча шохларини олиб ташлаш ва новдаларни меёърида қисқартиришдан иборат бўлади. 

Шафтоли шох-шахббасига косасимон шакл берилади. Бунда кўчат экилган йили 3-5 ён шох қолдирилиб, марказий новда қирқиб ташланади. Агар шафтоли кесиб турилмаса, шох-шаббаси жуда тез қалинлашади, шох-шаббанинг ички қисмидаги шохлар яланғочланади, мева асосан шох-шаббанинг четги новдаларида тугилади. 

Суғориш. Об-ҳаво ва тупроқ шароитига, ўсимликнинг сувга бўлган талабига қараб, ўсув даврида 4-6 мартагача суғорилади. Суғоришдан сўнг тупроқ етилиши билан ернинг тепа қисми юмшатилиб, бегона ўтдан тоза ҳолда сақланади. Шундай қилинганда тупроқда тўпланган намлик яхши сақланади, ўсимликнинг нормал ўсиши, яхши ҳосил қилиши таъминланади. Суғориш муддатлари ўртача қуйидагича : апрель ойида бир марта, ёғингарчилик кам бўлган йиллари май-июнь, июль ойларида икки мартадан, август ва сентябрда ўсиш кучига ҳосил чўғига қараб 1-2 мартадан суғорилади. Янги барпо этилган боғларда сув қуйиш сентябрь ойининг охирига қадар, тошлоқ ерларда октябрь ойининг бошларида тугатилади. Боғ қанчалик ёш бўлса, унга шунчалик кўп сув берилади дарахтлар катталашган сари суғориш сони камайтирилади, аммо суғориш миқдори оширилади. Торморқада яхши ўстириш ва улардан йил сайин мўл ҳосил олиш учун мевали дарахтлар тагига органик ва минерал ўғитлар солинади. Органик ўғитларга компост, кул, гўнг ва бошқалар киради. Бу ўғитлар тупроқда озиқ моддаларни кўпайтиради ва ундаги микроорганизмларнинг фаолиятини яхшилайди, тупроқ таркибини яхшилаб, унумдорлигини оширади. Мевали дарахтларни ўғитлашда органик ўғитлардан ташқари минерал ўғитлардан ҳам фойдаланилади. Булар азотли, фосфорли ва калийли ўғитлар ва бошқа хил маъдан ўғитларидир. 

Минерал ўғитлардан фосфор ва калий кузда ерни шудгорлашдан олдин (октябрь-ноябрь) берилса, азотни дарахт тагига март-апрель, май-июнь ойларида озиқа тариқасида суғоришдан олдин 12-14 см чуқурликка солинади. Кузда органик ва минерал ўғитлар 30-40 см чуқурга солингани маъқул. Ёш дарахтлар ҳосилга тўлиқ киргунча бир квадрат метрга 6-8 гдан соф азот, 3-4 г.дан соф фосфор, 2-3 гдан калий солинади. 

Шуни қайд қилиб ўтиш керакки, данакли мевалар кучли ўсганлиги учун уруғли мева дарахтларига нисбатан ўғитларни камроқ талаб қилади. Токзорларда эрта баҳорда токлар очилиб сўрига кўтарилгач, туп атрофи 20-25 см чуқурликда чопилади. Шунда токнинг илдиз системаси яхши ривожланади. Ёз давомида ерга ишлов бериб, ҳар бир суғоришдан кейин уни 15-20 см чуқурликда юмшатиб турилади. 

Ҳосилли токларга ўсимлик зангидан 50-60 см узоқликда чуқурлиги 60 см кенглиги 40 см бўлган чуқур ковланади. Ушбу чуқурга гўнг ва минерал ўғит солиниб, тупроқ билан кўмилади. Бундай чуқур биринчи йили тупнинг бир томонига қилинса, иккинчи йили унинг бошқа томонида қилинади. Қирқилган ток илдизлари эса кучли тикланиш хусусиятига эга бўлиб, битта қирқилган илдиз ўрнида бир туп янги илдизлар пайдо бўлади. 

Ерга чуқур ишлов бериш кузда октябрь ойининг бошларида бажарилади. Лекин кечроқ ноябрь ойи ёки эрта баҳорда ҳам бажарса бўлади. Баҳорда бу ишни ток новдаларидаги куртаклар уйғонмасдан олдин амалга ошириш керак. Бу усул апрель ойида бажарилса ҳосил камайиб кетади. Ток навлари ўзига хос хусусияти ва иқлим шароитини ҳисобга олиб суғорилади. 

Бўз тупроқли ерларда ҳосил берувчи чуқур илдиз отган токлар 4-5 марта, қумоқ ерлардаги токлар 5-7 марта, шағалли ерлардаги токлар 8-10 марта суғорилади. Сизот сувлари ерга яқин майдонларда токлар 1-2 марта суғорилади. Ток ўсимлиги ўғитга ўта таъсирчандир. Уни тўғри ўғитлаш ҳосилдорликни кўпайтиради ва сифатини яхшилайди. Токка органик ўғитлардан гўнг 2-3 йил оралатиб 1 м2 жойга камида 5 кг ҳисобида солинади. Азотли ўғит 1 м2 жойга 35-50 г миқдорда эрта баҳорда, 50-60 г суперфосфат, 15-30 г калий тузи кузда солинади. Агар минерал ўғитлар органик ўғитлар билан бирга солинса, уларнинг самарадорлиги яхши бўлади. Вегетация даврида ток тупларини икки марта қўшимча озиқлантириш тавсия этилади. Биринчи марта ўғит ток гуллашидан 15-20 кун олдин, иккинчи марта гуллаш тамом бўлгандан кейин 15-20 кун ўтгач берилади. 

Қўшимча озуқа асосий озуқа миқдорига нисбатан икки хисса кам миқдорда берилади. Токлар икки марта хомток қилинади. Биринчи шўра хомток бу ток новдалари ривожланиб, шўралари тўлиқ шакллангач ортиқча новдалар олиб таланади. Иккинчи хомток ток туплари гуллаб бўлгач, бачки новдалари олиб ташланади. Эрта баҳорда ток куртаклари бўртмасдан олдин антракноз, оидиум касаллиги ва узумхўрга қарши дори сепилади.


@AGROBLOGER канали

agro.uz

Report Page