...

...

AGROBLOGER

Деярли ҳар куни озиқ-овқат дўконига кириб маҳсулот харид қиламиз, албатта улар, биринчи навбатда, сифатли ва хавфсиз бўлиши лозим. Бироқ, афсуски йирик ва кичик савдо дўконлари расталарида ишлаб чиқариш санаси ёки сақлаш муддати кўрсатилмаган озиқ-овқат маҳсулотларини тез-тез учратиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига ўтган 2020 йил давомида яроқлилик муддати ўтган товарларни сотилиши ҳолатлари бўйича 157 та мурожаат келиб тушган, ушбу мурожаатларда муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари истеъмолчилар томонидан харид қилинганлиги аниқланган. Ушбу ҳолатларнинг катта қисми Тошкент шаҳрига (94 та) тўғри келади. 2021 йилнинг 1-чораги давомида эса мазкур масала бўйича 54 та мурожаат истеъмолчилар томонидан йўлланган.

 Аксарият истеъмолчилар баъзи инсофсиз сотувчиларнинг муддати ўтган маҳсулотларга «иккинчи ҳаёт» бериб, ҳийла ишлатишига дуч келишмоқда.

Истеъмолга яроқсиз маҳсулотни «ўтказиш» йўллари кўп, энг осони – уларни ўз вақтида расталардан олмаслик. Кўп ҳолларда эътиборсиз истеъмолчи товар муддатига аҳамият бермайди, шошган ҳолда товарни харид қилади.

 Яна бир кенг тарқалган йўли, бу – товар маркировкасини, уни қайтадан (устидан) ёпиштириш, ўчириш, бошқатдан маркировкалаш орқали ўзгартириш ҳисобига товарларни сотувга чиқариш ҳисобланади.

 Нима учун инсофсиз тадбиркорлар муддати ўтган товарларнинг инсон саломатлигига таъсири тўғрисида ўйлаб кўришмайди? Мутахассислар бундай муддати ўтган маҳсулотлар инсон организмини заҳарлаши ва соғлигига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида бот-бот таъкидлашади.

ҚОНУНГА МУВОФИҚ

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасига кўра, сотувчиларга ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки яроқлилик муддати ўтган товарларни қабул қилиш ҳамда реализация қилиш манъ этилиши белгиланган.

 Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасида истеъмолчиларга била-туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, шу жумладан, истеъмолчиларни товарнинг истеъмолга оид хусусиятлари ёки сифати хусусида чалғитиш туфайли истеъмолчиларга зарар етказиш – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

 Яроқлилик муддати ўтган товарларни, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги қонун ҳужжатларида назарда тутилган товарларни ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда реализация қилиш ҳамда сотиш учун қабул қилганлик – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

 ИСТEЪМОЛЧИ ДИҚҚАТИГА!

 Озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати тўғрисидаги маълумот ўз ичига нималарни олиши керак? Маҳсулот қадоғида унинг ишлаб чиқарилган йили ва ойи, тез бузиладиган маҳсулотлар (хавфсизлиги таъминланиши учун махсус ҳарорат ва шароит талаб қиладиган ва уларсиз инсон ҳаёти учун зиён келтириши мумкин бўлган маҳсулотлар), болалар ва парҳезли озуқалари учун – кун ва соати, уларни сақлаш ва истеъмол қилиш (фойдаланиш) шартлари келтирилган бўлиши керак (Санитария қоидалари ва нормалари «Озиқ-овқат маҳсулотларининг сақлаш шароитлари ва яроқлилик муддатига қўйиладиган гигеник талаблар»нинг 3.1.4-банди).

МУАММО ДОЛЗАРБ, БИРОҚ…

 Қонунбузарларга нисбатан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сонли қарорига мувофиқ иш қўзғатилади ва натижалари бўйича кўрсатма берилади. Амалиётда мазкур жараён бир неча ойларга чўзилиши ҳамда инсофсиз тадбиркорлар билан курашишда ўз самарасини етарлича бермаётганлиги кузатилмоқда.

 «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунда ҳам бундай қонун бузилиши ҳолатларини амалга оширган тадбиркорлик субъектларига нисбатан маъмурий жавобгарлик (жарима) кўзда тутилган, молиявий санкциялар қўллаш амалиёти мавжуд эмас.

 Агентлик томонидан «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҚЛ-744-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда у Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.

 Қонун лойиҳасида норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган, яроқлилик муддати ўтган, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган, шунингдек, қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари (12 250 000 сўм) миқдорида молиявий санкция қўллаш кўзда тутилган.

Мазкур молиявий санкция маъмурий жарима қўлланилишидан қатъи назар, тадбиркорлик субъектига нисбатан қўлланилади.

ХОРИЖ АМАЛИЁТИ...

 Қозоғистонда муддати ўтган маҳсулотни реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб, жарима миқдори 600 минг – 4 млн. тенгени (14,5-98,6 млн. сўм) ташкил этади. Россияда жарима кўрсаткичлари 3 000-50 000 рубль (142,0 мингдан 7,1 млн. сўмгача) оралиғида бўлиб, бир кишидан ортиқ инсон ўлимига олиб келса, жиноий жавобгарлик қўлланилиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланиши мумкин.

Беларусда жарима миқдори аниқланган товарнинг 50 фоизини конфискация қилиш орқали ўрнатилган.

 ҲУРМАТЛИ ИСТEЪМОЛЧИЛАР!

Агар сиз муддати ўтган маҳсулот харид қилган бўлсангиз:

1. Маҳсулотни дўконга қайтариб бериш (қадоғи очилган тақдирда ҳам) ҳуқуқига эгасиз. «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 13-моддасига мувофиқ, агар истеъмолчига нуқсонли товар сотилган бўлса, у ўз хоҳишига қараб товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш, товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш усулларидан бирини танлаш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

 2. Сотувчи томонидан муддати ўтган товарни алмаштириб бериш рад этилган тақдирда 1159 қисқа рақамлари ёки @consumergovuz_bot телеграм боти орқали Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилишингиз зарур.

 Ҳурматли истеъмолчилар, маҳсулот қадоғига ва айниқса озиқ-овқатлар маркировкасига алоҳида эътибор қаратишингизни сўраймиз. Муддати ўтган маҳсулотларни истеъмол қилиш, инсон соғлигига жиддий зарар етказиши мумкин


AGROBLOGER канали

uza.uz

Report Page