...
AGROBLOGERБухоро вилоятида 2021 йил ҳосили учун 2 минг 920 та фермер хўжалигининг 60 минг 600 гектар майдонида бошоқли дон экинлари экиб парвариш қилинмоқда.
– Бугунги кунда ғалланинг 27 минг 637 гектари бошоқлаш, 32 минг 963 гектари сут-мум пишиш фазасида ривожланмоқда, – дейди вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Самандар Эргашев. – Вегетация даврида ғалла майдонлари азотли минерал ўғитлар билан 2 маротаба кузги ва 2 маротаба баҳорги ҳисобда тўлиқ озиқлантирилди. Об-ҳавонинг ноқулайлиги вилоятдаги экин ерларига зарар бермади. Бу йилги ғалла ўтган йилгига нисбатан яхши ривожланяпти. Албатта, бухоролик ғаллакорлар режалаштирган маррани ортиғи билан бажаради.
Ғалла парваришининг вегетация даврида ҳар бир контурга жами 120 минг 200 дона шарбат хандақлари қазилди. Ҳар гектар майдонга 5 тоннадан жами 303 минг тонна маҳаллий ўғит чиқартириш режалаштирилган бўлсада, бободеҳқон ҳар гектар майдонга ўртача 8,5-9 тонна ҳисобидан 540 минг тонна маҳаллий ўғит чиқарди. Ғалла майдонларини тўлиқ шарбат билан суғориш ишлари ташкил қилинди. Бугунги кунда ғалла майдонларини баҳорги 4-суғориш ишлари якунланиб, 46 минг 464 гектар ғалла майдони 5 марта суғорилди. Шунингдек, парвариш қилинаётган ғалла майдонларига “Занг”га қарши фунгицид, бегона ўтларга қарши гербицид ва ғаллани ўсишини жадаллаштириш мақсадида биостимуляторларни тўртлик аралашма усулида суспензия сепиш ишлари тўлиқ майдонларда амалга оширилди.
2021 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини ўрим-йиғимга тайёрлаш мақсадида туман ҳокимлари бошчилигида ҳар бир туманда штаблар ташкил қилинган. Штабларда жами 192 та ғалла ўрим-йиғим отрядлари шакллантирилган. Уларга 154 та КЕЙС ва 37 та Класс Доминатор ғалла ўриш комбайнлари бириктирилди.
Ғалла ўримида қатнашувчи барча техника ва воситалар мавсумга тайёрланиб старт чизиғига келтириб қўйилган. Ишлар доимий назоратга олинган.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
AGROBLOGER канали