...

...

AGROBLOGER

Минтақамиздаги иссиқхоналар, одатда, совуқ мавсумда маҳсулот етиштириш учун қўлланади. Аммо ёз фаслида иссиқхоналардаги шарт-шароит идеалдан анча йироқдир. Жазирама ва қуёшли об-ҳавода иссиқхонани совутиш (улар, айниқса, Тожикистон, Ўзбекистон ёки Марказий Осиёнинг бошқа иссиқ иқлимли ҳудудларида жойлашган бўлса), мумкинми?

EastFruit мутахассислари бунинг имкони бор деб ҳисоблашмоқда. Келинг, замонавий шароитлар ҳақида батафсилроқ гаплашамиз ва ҳатто қуйида ҳаммасини кўрсатиб ҳам берамиз.

Ҳозир кўпчиликда мантиқий савол туғилиши мумкин: «Нега ушбу мамлакатларда ёз жуда иссиқ бўлса, қулупнай ёки бошқа экинларни иссиқхонада етиштириш керак?». Бу саволга жавоб экин турига боғлиқ. Аммо қулупнайга келсак, масалан, қишда маҳсулот етиштириладиган иссиқхонангиз бўлса, ёзда уни ишлатмаслик мантиққа зиддир. Зеро, иссиқхона резавори ҳатто ёзда ҳам, харидор нуқтаи назаридан очиқ далада ўстирилганига қараганда юқори сифат параметрларига эга бўлади. Бундан ташқари, ушбу сифат узоқроқ муддат сақланиб туради, бу ҳам истеъмолчи, ҳам савдо-сотиқ учун хатарларни сезиларли даражада камайтиради. Шу маънода иссиқхона қулупнайи очиқ далада етиштирилган резаворлар билан солиштирганда юқори нархга эга бўлиши мумкиндир.

“Ҳариф” масъулияти чекланган жамияти асосчиси, EastFruit, ФАО ва ЕТТБ лойиҳалари бўйича кўп йиллик маслаҳатчи Бахтиёр Абдувоҳидов ўзининг итальян селекциясига оид энг яхши қулупнай навлари етиштирилаётган замонавий иссиқхоналаридаги совутиш технологиялари ҳақида сўзлаб берди. Бундан ташқари, у иссиқхона қуришда пул тежаш бўйича лайфхаклар билан ўртоқлашди. Мисол учун, у иссиқхонани шамоллатиш учун туйнуклар сотиб олмаган, балки уни ўзи ясаган.

“Мен йил бўйи узлуксиз қулупнай етиштириш ва истиқболли навларни жорий этиш билан шуғулланишга қарор қилдим. Шу боис, ўсимликларнинг ўсиши давомийлигини таъминлаш учун уларни сақлаб қолиш муҳим. Ёзда эса иссиқхонада ҳарорат 53-57 даражагача кўтарилади. Шунинг учун биз зичлиги 55-75%лик соя берувчи махсус тўр тутамиз. Шамоллатишни таъминлаш учун ён тарафдаги полиэтиленни олиб ташлаймиз. Қолаверса, иссиқхонанинг юқори қисмига махсус пуркагичлар ўрнатганмиз, улар автоматик равишда ёқилиб, 30-60 сония ишлайди ва ҳароратни 5-10 даражага тушириб, ўсимликлар учун қулай муҳит яратади. Бунинг учун биз музлаган сувдан фойдаланамиз. Албатта, ҳароратни бирданига 10 даражага тушириш ярамайди, чунки бу ўсимликлар учун стрессдир. Совутиш тез-тез, лекин 5 даражадан ошмаган ҳолда таъминланиши керак”, дейди Бахтиёр Абдувоҳидов.

“Ҳатто қишда ҳам соғлом микроиқлимни сақлаш учун иссиқхонани шамоллатиш зарур. Бу ўсимлик касалланишига сабаб бўлувчи ортиқча намликдан халос бўлишга ёрдам беради. Голландияликлар автоматик шамоллатиш туйнукларининг ҳар бирига 4000 евро сўрашди, бизда эса 10 та блок бор. Табиийки, бу 40 минг еврога тушар эди. Мазкур нарх биз учун жуда қиммат, деган фикрда туйнукларни қўлда ясадик. Ва роппа-роса 10 баробар арзонга тушдик. Қолаверса, шамоллатиш учун энергияга пул сарфламаймиз, чунки, у қўлда очилади ва ёпилади. Бу биз учун фойдали жисмоний юмуш ҳамдир”, дея ҳазил қилади Бахтиёр.

Қуйидаги видеода иссиқхоналарни совутиш учун спринклерлар, шунингдек, шамоллатиш туйнуклари қандай бўлишини кўришингиз мумкин.


EastFruit

AGROBLOGER канали

Report Page