...

...

AGROBLOGER

Қопда картошка етиштириш экин майдони ҳажмини қисқартиради ва яхшигина ҳосил олиш имконини беради. Усул жуда оддий. Бунда исталган қоп (полиэтиленидан тортиб, ун ёки шакар қопи) тўғри келади.

Дастлаб, қоп ичига солинадиган тупроқ олдиндан тайёрлаб олинади. Қопга тугунак экиш учун тенг миқдордаги чиринди ва тупроқ аралашмасидан озроқ солинади. Масалан, 10 челак тупроқ-чиринди аралашмаси сиғадиган қопга бошланишида 2 челак солинади. Кейин олдиндан ундирилган картошка тугунаги (битта ёки бир нечта) кўмилади. Бунда қоп оғзи ташқарига қайрилиб, баландлиги пасайтирилади. Картошка кўмилгач, дарҳол суғорилади. Лекин экилган тугунак устидаги тупроқ қалин бўлиб кетмаслиги керак. Шундан сўнг қоплар қуёш нури яхши тушадиган жойга қўйилади. Картошка палаги пайдо бўлиб, 7 сантиметрча ўсгач, озгина учи қолдирилиб, яна устидан чириндили тупроқ солинади ва қоп четлари кўтарилади. Яна мўл-кўл сув қуйилади. Бу иш қопнинг то 3 дан 2 қисми тўлгунга қадар давом эттирилади. Умуман олганда, қопни бўғзигача ҳам тўлдириш мумкин. Бироқ бунда томорқачидан жиддийроқ ёндашув ва малака талаб этилади. Кейин ҳосил йиғиб олинади.

Ушбу усулдан фойдаланиш натижасида сув, куч ва маблағ анча тежалади, ҳосил чўғи ҳамда даромад яхшироқ бўлади. Одатда битта тугунак экилган қопдан ўртача бир челак картошка ҳосили олиш мумкин. Бу усул, айниқса, кичикроқ томорқа шароитида жуда қўл келади.

2- усул:

Қопнинг таг қисмига 15 см тупроқ солиниб, устидан ораси 5-6 см ҳолатда картошка тугунакларини териб чиқилади, яна 15 см гумус аралаш тупроқ солиниб, суғорилади. Тугунаклар униб чиққанидан 3 кун ўтиб, тупроқ намига қараб суғориб борилади. Тугунаклар кўтарилган сари янги тупроқ вақти-вақти билан берилиб борилади. Экилгандан 38-40 кун ўтиб, фақат калий берилади (қоп ҳисобига 6-7 гр). Азотли ўғитлар бериш мумкин эмас. Қопда картошкалар пишиш даври 2 ой ҳисобланади. Ердаги тупроқда экилган картошкадан фарқи, қопдаги картошкалар йирик, серҳосил, зараркунанда ва касалликлардан ҳоли бўлади. Яна қулай томони, уларни ҳоҳлаган жойингизга ўрнатишингиз мумкин. Узум сўритоклари, мевали ва манзарали дарахтлар соясида, уй саҳнасида бемалол етиштиришингиз мумкин бўлади.


Усул, аввало, осон, қулай, кам жой олади, кичкина жойдан мўлгина ҳосил олиш имконини беради. Ерни юмшатиб, тайёрлашни талаб этмайди, иш кучи камроқ сарфланади. Тагини юмшатиб, чопиқ қилишга ҳожат йўқ. Тугунаклар ҳам катта-катта ва текис бўлиб етилади. Баъзи томорқачилар эса анъанавий картошка етиштириш билан бирга қопга экиш усулини баравар қўллайди. Айрим омилкор томорқачилар резина ичак, пластик шиша (баклажка) ёрдамида томчилатиб суғоришни ҳам ўзлаштириб олган.

Камчилиги

Қопдаги картошкани тез-тез суғориб туриш талаб этилади. Гап шундаки, қоп ичидаги тупроқ даланикига қараганда тезроқ қуриб қолади. Тупроқдан эса зинҳор нам қочмаслиги лозим. Бу борада пластик қоплар бирмунча тузук ҳисобланади, сабаби улар ўзида намликни яхши сақлаб тура олади.

Қизиқарли маълумотлар

 Картошка чуқур экилса, пояси бақувват бўлиб ўсади. Бироқ бунда тугунаклари кам ва майдароқ бўлади.

 Картошка экиш учун ундирилган тугунаклар катта-катта бўлиши лозим, деган фикр нотўғри. Яхшиси, ўртача катталикдаги тугунакларни экиш учун ундирган маъқул.

 Картошка учун энг яхши озиқ ўғит гўнг ҳисобланади, деган фикрга ҳам қўшилиб бўлмайди. Гўнг кўпайиб кетса, картошка тугунаклари мазасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

 Ўсимлик гуллаб бўлганидан бир-икка ҳафта ўтгач, поясини сал қайириб, синдириб қўйиш мумкин. Бу кўпроқ ва янада ширинроқ тугунаклар олишга ёрдам беради. Негаки, бор куч тугунаклар ҳосил қилишга сафарбар этилади.

 Олимларнинг аниқлашича, картошка об-ҳавога жуда сезгир экан. У об-ҳаво ўзгаришини икки кун илгари сезади. Атмосфера босими пасайганда ўсимликнинг кислород ютиши икки бараварга ортади, босим кўтарилганда эса — камаяди.


@AGROBLOGER канали

Тоштемир Қорабоев. 

od-press.uz

Report Page