...

...

AGROBLOGER

2021 йилнинг қолган даврида ҳам ҳозиргидай қулай об-ҳаво сақланиб турса, дунёда рекорд даражада кунгабоқар дони ишлаб чиқарилишига эришилади.

Бу ҳақда “Sunflower Seed&Oil: Trade. Barriers. Competition” онлайн конференциясида маълум қилинди.

– Айни пайтда барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи кескин даражада ошди, – дейди “Atria Brokers” компаниясининг таҳлил бўлими бошлиғи ва брокери Кристина Серебрякова. – Яъни, сўнгги 8-10 йил ичидаги энг юқори кўрсаткичга етди. Шу боис фермерлар баҳорги экин сифатида маккажўхори ёки кунгабоқар экиш борасида иккиланиб қолди. Шундай бўлса-да, тахминларимизга кўра бу йил кунгабоқар етиштириш рекорд даражага етади. Таққослайдиган бўлсак, 2020-21 йил мавсумида кунгабоқар ишлаб чиқариш 2019-20 йилга нисбатан 5 миллион тоннага камайган. Мойли экинлар хомашёсининг етишмаслиги барча турдаги ёғ-мой маҳсулотлари нархларининг деярли икки баробар ошишига сабаб бўлди.

Қайд этиш керакки, нархларнинг кўтарилиши Европадаги етакчи маҳсулот етказиб берувчи мамлакатлар – Россия, Украина ва Руминияда кунгабоқар уруғи экилган майдонларнинг кенгайишига сабаб бўлди. Агар ҳаммаси шундай давом этса, дунёда кунгабоқар донининг ялпи ҳосили 7 миллион тоннага кўпайиб, 57 миллион тоннага етади. Хусусан, Украинада об-ҳаво шароитининг қулай келиши натижасида кунгабоқар донини ишлаб чиқариш бўйича янги рекорд ўрнатилиши кутилмоқда.

USDAнинг прогнозига кўра, 2021-2022 йилда Украинада 16,7 миллион тонна кунгабоқар дони жамғарилиши кутилмоқда. Бу эса 2020-2021 йил мавсумида олинган ҳосилдан 2,6 миллион тоннага ёки 18 фоизга кўп демакдир.

Шу ўринда бу борада Ўзбекистонда аҳвол қандай экани кўпчиликни қизиқтирса керак. албатта. “Ўзёғмойсаноат” уюшмасидан олинган маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2021 йилда 389 минг гектар майдонга мойли экинлар экилиши белгиланган. Ана шунда бу майдонларда 663,7 минг тонна мойли экинлар ҳосили жамғарилади. Жумладан, асосий майдонларга 125,3 минг гектар, такрорий майдонларга 121 минг гектар, лалми майдонларга 21,4 минг гектар ва ғўза қатор ораларига 100 минг гектар мойли экинлар экилади. 

Майдонларнинг 139,6 минг гектарига соя, 177 минг гектарга кунгабоқар, 50 минг гектарга кунжут, 5,1 минг гектарга зиғир, 16,3 минг гектарга масхар ва 602 гектарга рапс экилиши мўлжалланмоқда. Ана шунда ўтган йилга нисбатан 6,6 баробар кўп ҳосил олишга эришилади.

– Мойли экинларни етиштириш учун талаб этиладиган уруғ миқдори импорт ва маҳаллий уруғчилик компаниялари ҳисобидан ҳал этилди, – дейди уюшма хомашё базасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Сардор Якубов. – Жорий йилда илк марта жойларда экиш штаблари ташкил этилмоқда. Унда Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, прокуратура органлари масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар экиш ишларини ташкил этиш ва мониторинг олиб боришда иштирок этмоқда. 

16 май ҳолатида олинган тезкор маълумотларга кўра, 194,5 минг гектар асосий майдонга мойли экинлар экиб бўлинди. Прогноз кўрсаткичи 82,3 фоизга бажарилди. Жумладан, 122,8 минг гектар майдонга соя, 40,5 минг гектар майдонга кунгабоқар, 31,5 минг гектар майдонга кунжут ва 69 минг гектар майдонга рапс уруғи қадалди. Демак, бу йил дунёда ва Ўзбекистонда мойли хомашё етиштириш ҳажмлари ошиши кутилмоқда. Бу ўсимлик мойининг етарли миқдорда ишлаб чиқарилиши ва нархлар барқарорлигига олиб келади.


AGROBLOGER канали

uza.uz

Report Page