...

...

AGROBLOGER

“Promit Gulistan” масъулияти чекланган жамияти аъзолари Сирдарё вилояти Боёвут тумани Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги ташландиқ, қаровсиз, қамишзор жойдан 14 гектар ер олиб, иссиқхона барпо этмоқда, тўқайзор бўлиб ётган бу жойларда лимончиликни ривожлантиришга астойдил бел боғлаган.

Шу ерлик кексаларнинг айтишича, бир вақтлар бу ерларда Усмон Юсупов раҳбарлигида улкан боғ ташкил этилиб, ундан олинган ҳосил Москва, Ленинград, Волгоград каби шаҳарларгача жўнатилган экан.

Йиллар ўтиши билан боғ ўрнида пахтазор пайдо бўлибди. Бу ерга оқова сув етиб келмаганлиги сабаб, пахта майдонлари йиллар давомида зовурдаги шўр сув билан суғориб келинган. Оқибатида ер ўлик, ҳосил бермайдиган майдонга айланиб қолган. Қамиш-қиёқ босиб, тўқайзорга айланган. Мушукдан сал каттароқ чўл чиябўри(маҳаллий халқ тилида чувуллоқ)лари тўқайзорга ин қуриб, ўзларининг дахлсиз макони, яъни ҳудудига айлантириб олган экан.

– Президентимизнинг 2020 йили Сирдарё вилоятига ташрифи давомидаги тақдимотда Ховос тумани ва Янгиер шаҳарлари ҳудудидаги гидропоник усулдаги 7 гектарлик иссиқхонамиз тақдимоти чоғида, Президент Шавкат Мирзиёев менга, бошқа ҳудуддан, бу сафар лимончиликка ихтисослашган иссиқхона барпо этиш таклифини билдирганди, – дейди “Promit Gulistan” МЧЖ таъсисчиларидан бири Собир Шокиров. – Давлатимиз раҳбари ўшанда, акциядорлик тижорат «Туронбанк» бошқаруви раҳбарига лимончилликка мўлжалланган иссиқхона қуриш учун зарур кредит маблағлари ажратишини айтган эди. Шу таклиф асосида бу ерда мана шу – лимончилик иссиқхоналари пайдо бўляпти.



Лойиҳа қиймати 14 миллиард сўмни ташкил этган ушбу иссиқхоналар ўз-ўзидан барпо бўлиб қолгани йўқ, албатта. Унинг заминида катта меҳнат, улкан машаққат ётибди.

Аввало ташландиқ, ўлик ер, деб баҳоланган, қамиш босиб, тўқайзорга айланган шу майдон катта техникалар ёрдамида ағдарилиб, шўри ювилди, 270 машина гўнг олиб келиниб, бир неча қават қилиб тўшаб чиқилди.

– Майдонни шлакоблок ғишт билан тўлиқ ўраб чиқдик, – дейди жамиятнинг таъсисчиларидан яна бири Юсуф Тошматов. – 2 километрдан ортиқроқ масофадан электр тортиб, янги трансформатор ўрнатдик. Бу ерга на оқар сув ва на водопровод суви келган экан. 400 метр чуқурликдан қудуқ қаздириб, истеъмол ва экинларни суғориш учун 100 фоиз яроқли тоза сув чиқартирдик. 14 гектарлик майдоннинг атрофини айлантириб зовур қаздирдик. Йўл тортиб, қум-шағал ётқиздик.

Эндиликда бу ерда меҳнат қилаётганлар учун барча шароитлар яратилган. 10 нафар доимий ишчилар учун ётоқ ва 3 маҳал иссиқ овқат, 50 нафардан 80 нафаргача мавсумий ишчилар учун эса 1 маҳал иссиқ овқат ва уйлардан қатнаши учун махсус транспорт воситаси ажратилган.

– Ҳозирча 3,5 гектар ерга лимончиликка ихтисослашган иссиқхоналарни Жанубий Корея технологияси асосида барпо этганмиз, – дейди “Promit Gulistan” МЧЖ раҳбари Рустам Худойбердиев. – Ҳар бир иссиқхонага 1 тонналик сиғимдаги суғориш ва ўғитлантириш идишлари ҳамда ҳар бир иссиқхона учун алоҳида-алоҳида индивидуал иситиш қозонхоналари ўрнатдик. Суғориш ва ўғитлантириш компьютерда амалга оширилиб, томиридан томчилатиб суғориш усулида ва баргидан пуркаш усулида суғориб озиқлантирилади.

Иссиқхонага 2 минг 400 туп «Мейер» навли лимон кўчатлари Наманган вилоятидан олиб келиб экилган, бўлиб, ҳар бир ниҳолнинг ораси 3 метрни ташкил этган. Ушбу навнинг меваси узунчоқроқ, серҳосил ҳисобланади. Кўчатлар лимон дарахтининг ҳосилдор новдасидан олиб ўтқазилган ва 3 ёшли бу ниҳоллар дастлабки йилиёқ гуллаб, нишона кўрсатди.

– Жорий йилнинг ноябрь охирлари, декабрь ойи бошларида меваси пишиб етилади, – дейди МЧЖ агрономи Мавлонбек Ортиқов. – Лекин бунинг учун барча зарур агротехник тадбирлар ўз вақтида ва маромида амалга оширилиши шарт. Ниҳолларга аввал калий, биогумс, сўнгра карбомид билан суспензия берилди. Ҳар бир ниҳолнинг таги вақтида юмшатилиши, томиридан ва баргидан суғориш ва озиқлантиришга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Акс ҳолда, ниҳолга шира қурти, оқпашша ва бошқа ҳашоратлар тушиб, ҳосилни бутунлай йўқотиш хавфи туғилади.

Иссиқхоналардаги ёш лимон ниҳоллари орасига булғор гармдориси экилган. Гармдорилар меваларини бугун-эрта теришга киришилса ажаб эмас. Пишиб етилган гармдорилар сараланиб, ҳосилнинг асосий қисми экспортга йўналтирилиши режалаштирилган. Уларнинг ҳосили тўлиқ териб олингач, ўрнига бир йилда икки марта ҳосил берадиган қулупнай навининг кўчатлари экилади. Қулупнай ҳосилининг асосий қисми ҳам экспортга мўлжалланган.

Албатта банк кредит маблағларини четдан ҳеч ким тўлаб бермайди. Лимон тўлиқ ҳосилга киргунга қадар, унинг орасига экилаётган экинлардан тушаётган даромад билан банк фоизлари ёпиб борилади.

– 1 туп вояга етган лимон дарахти ўртача 140-160 килограмм ҳосил беради, – дейди МЧЖ боғбони Баҳром Байзаев. – Лимон кўчатларини соғлом ўсиши учун белгиланган агротехник тадбирларни оби-тобида амалга оширган тақдирда, ниҳол 5-6 йил деганда вояга етади ва ўшанда лимончиликдан кутилган даромад олиниши шубҳасиз. Маҳсулотимизнинг асосий қисмини хорижга экспорт қилишни режалаштирганмиз.

“Promit Gulistan” МЧЖ жамоаси томонидан лимончиликка ихтисослашган 14 гектарли майдонда иссиқхоналар барпо этиш ишлари давом этмоқда. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилса, 50 нафар доимий, 300-350 нафар мавсумий иш ўринлари яратилади. Бу эса шунча кишининг оилавий даромад манбаси яратилишидан далолат беради.


А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page