...

...

AGROBLOGER

Охирги йилларда шаҳарларни кўкаламзорлаштиришда доим яшил нинабаргли ва япроқбаргли дарахт-бута турларига эътибор ортмоқда. Улар орасида шамшод (самшит вечнозеленый – Buxus sempenvirens) ўсимлиги алоҳида ажралиб туради. Кўкаламзорлаштиришда қўлланилаётган композициялар ва услубларни шамшодсиз тасаввур этиш қийиндир. Шамшод ўсимлиги шамшоддошлар (Buxaceae) оиласига мансуб бўлиб, бу оилага 5 туркум ва 80 га яқин турлар киради. Бу оиланинг шамшод (Buxus) туркуми ҳалқ хўжалигида аҳамияти катта бўлиб, 50 га яқин турни ўз таркибига олади. Шамшодлар ўзларининг ташқи кўриниши билан бир-биридан ажралиб турадилар. Кўпчилик шамшодлар унча баланд бўлмаган доим яшил дарахтлар ва буталардан иборат. Барглари оддий, четлари текис ёки тишсимон, ялтироқ, тўқ яшил майда қарама-қарши ёки кетма-кет жойлашган. Меваси қутичасимон бўлиб, пишиб етилган мевалари ёрилади ва ичидан қора ялтироқ уруғлар отилиб чиқади. Шамшод туркумининг кўкаламзорлаштириш учун энг қимматли тури оддий ёки доим яшил шамшод (Buxus sempervirens) бўлиб, шаҳарларни кўкаламзорлаштиришда кенг фойдаланилади. Шамшод секин ўсиши билан ажралиб туради, 100 ёшида бор йўғи 10 м гача ўсиши мумкин. Шох-шаббаси зич бўлиб, 800 йилгача яшаши мумкин. Танасининг эни 50 см дан ошмайди. Оҳакли тупроқларда яхши ўсади, -20-22оС совуқларга бемалол чидайди. Шамшод турлари сояга чидамли бўлиши билан бир қаторда ёруғлик яхши тушадиган ерларда ҳам яхши ўсади. Тупроққа талабчан эмас, қоялар орасида, қуруқ тупроқларда ҳам ўсаверади. Шамшод ҳаво намлигига талабчан. Шамшод баргларида алкалоидлардан кумаринлар, флавоноидлар ва ошловчи моддалар борлиги аниқланган. Алкалоидлар биологик фаол моддалар бўлганлиги туфайли шамшод дарахти қобиқлари, барглари халқ табобатида ошқозон -ичак тизимининг ишини яхшиловчи, турли зарарли патоген микроорганизмларни ўсишини тўхтатувчи восита сифатида ишлатилади. Лекин шамшоднинг хўл новдалари заҳарли ҳисобланади.

Шамшод дарахтининг ёғочлари юқори баҳоланади, ҳар хил тўқимачилик асбоблари ва қутичалар тайёрланади. Ёғоч қипиқлари тошларни, шишаларни силлиқлашда ишлатилади. Шамшоднинг қимматли ёғочини олиш учун уни кўп жойларда шавқатсизлик билан кесилиши натижасида табиий ўрмонлар и кескин камайиб кетган. Бу ўсимликни Марказий Осиёга кириб келганига 100 йилдан ошди. Шамшод Тошкент шаҳрини кўкаламзорлаштиришда кенг қўлланилмоқда ва истиқболли тур ҳисобланади. Уни турли композицияларда – гуруҳ-гуруҳ, жонли девор шаклида, гуллар клумбаларида экилса, уларнинг манзарали хусусиятлари кескин ортади. Шамшоднинг асосий манзарали хусусияти – унинг доим яшил барглари ҳисобланади. МДҲ да бу турдан ташқари колхида шамшод дарахти (Buxus colchica) ва гиркан шамшод дарахти (Buxus hyrcana) турлари ҳам тарқалган. Шамшод турлари ушбу худудларда қарақайин аралаш ўрмонларда кўпроқ учрайди. Улар ҳам барча шамшод турлари каби соясевар бўлиб, ўрмон остида ўсишга мослашган. Манзарали боғдорчиликда фойдаланиш учун шамшоднинг турли туман шакллари (барглари турли рангдаги) танлаб олинган. Ўзбекистон шаҳарларини кўкаламзорлаштиришда шамшоднинг қуйидаги шакллари истиқболли ҳисо бланади: шамшоднинг дарахтсимон шакли Buxus sempervirens f. arborescens – барглари овалсимон, кичик дарахт; бутасимон шакли – Buxus sempervirens f. suffruticosa – паст бўйли, шох-шаббалари қалин бута, барглари майда, овал шаклли, айрим ҳолларда тескари тухумсимон, бошқа шаклларига нисбатан совуққа чидамли; ёйилиб ўсувчи шакли – Buxus sempervirens f. prostrata – новдалари ёйилиб ўсувчи бута. Шамшоднинг бу манзарали шакллари Республикамизнинг ҳамма худудларида кўкаламзорлаштириш учун тавсия этилади.

Доим яшил шамшодни кўпайтириш ўзига хос мураккабликка эга. Уни уруғидан ва қаламчаларидан кўпайтирса бўлади. Уруғлари жуда тез ўсиш хусусиятини йўқотади. Шунинг учун ҳам йиғилган уруғлар шу захоти қуритилади ва экилади. Уруғлар 30 -40 кундан кейин унади, лекин унган уруғидан ўсимта келаси баҳорда ер юзига чиқади. Асосан вегетатив йўл билан – ёзги ва кузги қаламчаларидан кўпайтирилади. Илдиз олиш даражаси 80-100% гача. Ёзги қаламчаларини тайёрлаш муддати новдаларнинг ҳолатига қараб аниқланади. Новдалар озроқ ёғочлашган бўлиши керак, одатда июннинг охирги декадасидан июлнинг ўрталарига тўғри келади. Кузги қаламчалар августнинг охири сентябрнинг бошларида тайёрланади. Қаламчаларнинг узунлиги 5-10 см қилиб ёки 2 -3 куртак қолдириб олинади. Қаламчада 2 та юқориги барглари қолдирилади, пасткилари эса кесиб ташланади. Тайёрланган қаламчалар тупроқ ва торф (чиринди) 1:1 нисбатда тайёрланган юмшоқ субстратга экилади ва пленка билан ёпиб қўйилади. Ҳар икки кунда бир марта мунтазам суғориб турилса 3 хафтада илдиз чиқаради ва ёш ўсимликлар 10х10 схемада парваришлаш майдончасига ўтказилади. Кейинги йил кузда кўчатлар тайёр бўлади ва уларни доимий ўсиш жойига экиш мумкин. Қаламчаларни ёш новдалардан олинганда ва ўсишини тезлаштирадиган стимуляторлардан фойдаланилганда яхши илдиз олади.


AGROBLOGER канали

Хусанов Х., Эшонкулов Б.И.

dehqon.uz

Report Page