...

...

AGROBLOGER

Қува туманида жорий йилда 26 миллион доллардан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилган бўлиб, айни кунларда гилос хорижга жўнатилмоқда.

Серқуёш заминимизда етиштирилаётган сархил мева ва сабзавотларга ташқи бозорда талаб катта. Хусусан, Фарғона вилоятида бу борада йилдан-йилга экспорт ҳажми ортиб бормоқда. Қува туманида 2020 йилда экспортёр корхоналар томонидан 31миллион 375 минг АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб,унинг 18 миллиондан ортиғини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этди. Жорий йилда эса режалар янада улкан.

Бугунги кунда “Vodiy turfa gullari tomorqa xizmat” , "Uz-segang Quva", "Fergana exim agro" масъулияти чекланган жамияти, "Ortiqov Raxmatillo Raxmonovich" деҳқон хўжалиги , "Hilol tex servis" оилавий корхонаси томонидан Бирлашган Араб Амирлиги, Россия, Украина, Хитой, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди. Айниқса, Қува боғларидаги сара ва болга тўлган гилосларнинг харидори чаққон. Ташқи бозорда талаб юқори бўлган бу мевадан жорий йилда ҳам мўл ҳосил етиштирилди.

Хуштаъм, кўриниши эътиборни тортадиган, юқори сифатли меваларгина жаҳон бозорида харидорга манзур бўлади. Жумладан, гилосга ҳам талаб шундай. Таъми, донасининг йирик ва текислиги алоҳида аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб барча жиҳати билан хорижликлар дидига мос тушадиган маҳсулот етиштириш ва сотувга тайёрлаш учун мавжуд имкониятлар ишга солинмоқда. Қувалик экспортчилар бу борада яхши тажрибага эга.

Тумандаги кўп тармоқли “Роҳатой” фермер хўжалигининг 15 гектар боғида гилос ғарқ пишди. Айни кунларда териб олиш ишлари авжида. Фермер хўжалиги раҳбари Турсунали Тешабоевнинг айтишича, гилоснинг ўзидан 20 тонна ҳосил олиш ниятида. Маҳсулот асосан Россияга экспорт қилинмоқда.

Шу билан бирга, вилоятда вилоят божхона бошқармаси таркибидаги барча ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан 1 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган 9 миллион дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ҳамда гул ва бута кўчатлари экспорт божхона режимига расмийлаштирилди. Дарахт ва гул кўчатлари Озарбайжон, Қирғизистон, Россия, Украина, Туркманистон, Туркия ва Греция каби давлатларга экспорт қилинди.


М. Сулаймонов, ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page