Муҳаммад Солиҳ ким бўлибдики, халқ унга эргашади?

  Муҳаммад Солиҳ ким бўлибдики, халқ унга эргашади?

Ўтган ҳафта “13 май Иттифоқи” Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига айлантирилгани ва Каримов режимига қарши бўйсунмаслик ҳаракатини бошла…


Юсуф Расул: -Янги ташкил этилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фуқароларни ҳукуматга бўйсунмасликка чорлаб баёнотлар тарқата бошлади. ЎХҲ хорижда ”Эрк” партияси, ”Андижон – Адолат ва Тикланиш” ҳамда “Таянч” ташкилотлари бирлашувидан ташкил топган. Мени икки нарса қизиқтираяпти. Мамлакат ташқарисидан тарқатилаётган бу каби баёнотларнинг Ўзбекистон ичида бирор акс садоси бўлаяптими? Агар бу баёнотларни одамлар эшитса, улар араб мамлакатларидаги каби кўчаларга чиқа оладими?

Абулқосим Мамарасулов: -Мухолифатнинг энг катта фожиаси шундаки, улар Ватандан ташқарида. Ўзбекистон ичидаги бугунги аҳволдан бехабар. Улар ўз жонларини олиб қочиб чиққанлар. Улар энди Ўзбекистонда яшаётганларнинг жонларини хатарга қўйиб ўз мақсадларига эришишни истамоқдалар. Аммо, бу имконсиз бир ҳолат. Ўзбекистонда аксарият кишилар интернетни ўқишмайди. Ўқиганларнинг ҳам аксарияти мухолифат сайтларига киришмайди. Демак, бу мурожаатлар аҳолининг асосий қатламига чивин чаққанчалик таъсир қилмайди. Менимча, Муҳаммад Солиҳнинг ўзи ҳам буни яхши англайди. Аммо, четда яшаётган мухолифат фаоли учун вақти – вақти билан борлигини кўрсатиб туриш жуда муҳим. Шу мақсадда Муҳаммад Солиҳ бу Мурожаатни эълон қилганга ўхшайди. Қолаверса, Ғарб бу Мурожаат билан танишса, яна Муҳаммад Солиҳ билан мулоқотга киришиши, унга катта- катта грантлар ваъда қилиши мумкин. Ва Муҳаммад Солиҳ ана шу грантлар илинжида Мурожаат қабул қилган бўлса, эътимол. Қолаверса, яқинда Мисрлик фейсбукчи йигит “Тайм” газетасида “йилнинг энг машҳур 100 кишиси” танловида биринчи ўринни олди. Унинг ҳаракатлари боис Мисрда юз минглаб аҳоли кўчага чиқди. Аммо Мисрда қирқ йилдан бери комендантлик соати жорий этилиб келаётган эди. “Ўзбекистонда ҳам шундайми?” деган савол туғилади. “Ўзбекистон халқи ҳам шундай чақириққа маҳталми? Улар шундай чақириқ туфайли кўчаларга отилиб чиқишга маънан тайёрми?”, деган савол туғилади. Муҳаммад Солиҳ шу саволга жавоб беришга тайёрми? Ахир у ҳеч нарсани билмайди. Унинг Ўзбекистондаги ишонган одамлари ҳам халқ ичида юрмайди. Ишонганлари аксарият ҳуқуқ ҳимоячилари бўлса, улар аксарият ҳолларда халқ орасига аралаша олмайдилар.

Мен ўзим фермерман. Бундан ташқари биофабрикам бор. 2002 йилдан бери 50 фермер билан шартнома тузиб, уларга биомаҳсулот етказиб бераман. Худонинг берган куни турли туман мажлисларда қатнашаман. Қолаверса, фермерлар ва фермерларда ишловчи ишчилар ва механизаторлар аҳолининг энг фаол қатлами. Уларнинг ҳеч бири Муҳаммад Солиҳнинг Мурожаатлари ҳақида ҳеч нарса билмайди. Миср ва Араб мамлакатларидаги аҳвол ҳақида: “афсус, мусулмонлар хароб бўляпти”, дейишади. Фермерларнинг дарди пахта билан ғаллани экиш, томорқа етиштириш, бола чақасини боқиш, кўпроқ даромад орттириш. Уларнинг бошқа ташвиши йўқ. Улар “Бирлик”ниям, “Эрк”ниям, уларнинг лидерлариниям билишмайди.

Тўғри, фермерларнинг дардлари кўп. Норозиликлариям бор. Шуларни ёзиб беринг, эълон қилайлик, десангиз, дарров ўзини орқага ташлайди. Ўзинг ёзавер, фақат менинг номимни айтма, дейди. Раҳбарларга ёмон кўринишни истамайди.

Халқнинг асосий қатлами орасидаги аҳвол шундай.

Агар Муҳаммад Солиҳ студентларга ишонаётган бўлса, тағин билмадим. Менинг уч нафар фарзандим талаба. Биронтаси бу ҳақда менга бирон нарса дегани йўқ.

Муҳаммад Солиҳ Мурожаатни ҳавога совураётгани йўқ. У жудаям ақлли инсон. Ана шу фикрлардан келиб чиқадиган бўлсак, у фақат Ғарбдан келадиган катта- грантлар илинжида Мурожаат қабул қилди, деган фикримиз исботини топган бўлади. Қолаверса, бўлганича- да! Агар худо ўнглаб ишлар юришиб кетса, эртага Ўзбекистон халқи кўчага чиқса, фуқаролар уруши бошланса, у тоғ- тоғ қурбонлар устидан юриб ўтиб, Ленин Разлив кўлидан Петроградга келгандай, қаҳрамон сифатида Тошкентга қадам қўймоқчи. Нима ҳам дердик, орзуга айб йўқ!!!

Қиёмат

Бўрон қутуради, забтга олади,

Иблиснинг қутқуси даҳшат солади.

“Мендан қўрқинг!” деган Кун бўлди қоим,

Билмайман, ким ундан омон қолади.

Аниқ айта олмайманку, аммо Абдулла Ориповнинг мана шу тўртлиги Муҳаммад Солиҳнинг ҳаракатларига аталган дейишади. Агар шундай бўлса, Муҳаммад Солиҳ яна бир бор Ўзбекистон устида бўрон қўптирмоқчи бўляпти.

Ю.Р.: -Ўзбекистон Халқ Ҳаракати кўпроқ диндорлар ёки динга мойил кишилардан дастак қидираётгандек таассурот қолдиради. Бу ҳаракатга қўшилган кишилар, ЭРК партияси лидери ёки “Андижон АТ” ва “Таянч” ташкилотлари раҳбарлари динга берилган кишилар. Айниқса, “Таянч” раҳбари Муҳаммадсолиҳ Абутовни ашаддий исломпараст эканлиги у томонидан юритиладиган www.tayanch.com веб саҳифаси орқали кўпчиликка яхши маълум. Демоқчиманки, бу ҳаракат вакиллари динга қанчалик урғу беришмасин, Ўзбекистон ичида уларни қўллайдиган муҳит борми? Халқ қанчалик диндорлашган ёки динга рағбати кучли?

А.М.:- Мендан сўрашса, 2009 йил 20 декабр кунги интервьюмда айтганимни яна такрорлашга тайёрман: Муҳаммад Солиҳ ўзбек халқига, Ватанига, устозига хиёнат қилган одам. У ҳеч қандай қабиҳликдан қайтмайди. Ўз орзу ниятларини амалга ошириши учун Ўзбекистонни қонга ботиши мумкин бўлса, у албатта бу ишни ҳеч иккиланмай амалга оширади

“Таянч” ҳақида мен ҳеч нарса билмайман. Аммо дин масаласи жуда нозик масала. Салгина имкон берилса, христианлик яхшими, исломми, деган баҳс бошланади. Кейин “исломда сунъийлик яхшими, шиаликми?, дейишади. Кейин сунъийлик бўлинади. Бўлиниш давом этаверади ва охир оқибат энг охирида бўлинган гуруҳлар бир бирини даҳрийликда, кофирликда айблай бошлайдилар. Дин масаласида жудаям катта эҳтиёткорлик зарур. Айниқса, Ўзбекистондан муаммолар, ташвишлар тўлиб тошиб ётган юртда динга сал эркинлик берилса, халқ қўлига милтиқ тутқазувчилар жудаям кўп. Бизнинг халқ менталитети эса шунақа: “мушт турганда муомаланинг нима кераги бор”, дейди. Муҳаммад Солиҳга келсак, у умри ўтиб бораётганини, ҳаётнинг ўзи қўл урган барча жабҳаларида ютқизганини, кечикаётганини англаб, ўзини ўтга чўққа уряпти. Ҳеч ким у билан ҳисоблашмай қўйганини англагандан кейин диндорларга қўшилди.

Бир бадиий филмда айтилганидай, савол бериш осон, жавоб бериш қийин. Тузиш қийин, бузиш жудаям осон! Муҳаммад Солиҳ ким бўлибдики, халқ унга эргашади? Ўзбек халқи учун у нима қилди? қандай кароматлар кўрсатди? 1991 йили Тошкентда студентларни қўзғадими? 2005 йили Андижонда халқ қирғинига сабаб бўлдими? Яна нима қилиб берди Муҳаммад Солиҳ? Ахир у умри давомида бирон бир лавозимда ўтириб, тўртта одамга раҳбарлик қилган эмас. Уни Одил Ёқубов Ёзувчилар уюшмасига ишга олган эди. Ўринбосарликка. Эртаси куни биринчи ўринбосар Асқад Мухтор ишга келса. ўрнида Муҳаммад Солиҳ ўтирибди. Асқад Мухтор ҳайрон бўлади.

“Энди бўшсиз. Бу жойингиз меники”, дейди, Муҳаммад Солиҳ.

Шу тахлит Муҳаммад Солиҳ биринчи ўринбосарликни тортиб олган. Кейин худди шу тахлит ишга қабул қилган одами Одил Ёқубовдан уюшма раислигини ҳам тортиб олмоқчи бўлди. Бунга эриша олмагандан кейин Ёзувчилар уюшмасини иккига бўлиб юборди. “Бирлик”ка лидерлик қила олмагандан кейин “бирлик”ни ҳам бўлиб юборди. Кейин худди шу тахлит Олий Мажлисни ҳам иккига бўлишга уринди.

Ана шунақа ғирт бузғунчи бу Муҳаммад Солиҳ!

Ҳозир эълон қилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Мурожаати ҳам ана шу тахлит бузғунчиликларининг давоми, холос.

Ю.Р.:-Лекин Муҳаммад Солиҳ 90 йиллар бошида анча кўзга кўринган шоир эди ва ҳатто президентликка ўз номзодини қўйишга, сайловчилар орасида озми кўпми овоз олишга эришган сиёсатчи сифатида танилиб қолган эди. Балки сиёсатчи Муҳаммад Солиҳда шоирларга хос инжиқлик бордир. Мен Муҳаммад Солиҳни яқиндан таниган кишилар орадан кўп вақт ўтмай ундан узоқлашиб кетишганига кўп бора гувоҳ бўлганман. Балки шахс сифатида у яхши одам эмасдир. Лекин уни яхши билмаганлар учун Муҳаммад Солиҳ ҳамон таниқли инсон бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда, Муҳаммад Солиҳ ўтган 20 йил давомида ўзини Ўзбекистон мухолифати лидери, мамлакат тарихида жуда муҳим шахсдек кўрсатиб келди. Ўзини йўл қўйган тарихий хатоларини оқлаш мақсадида бир қанча китоблар чиқарди. Лекин Ўзбекистон ичидаги сиёсий муҳитга уни қандайдир таъсири бўлгани сезилмади. Оддий одамлар бугун ҳам ўзларини Ислом Каримов зулмидан қутқаришга қодир қандайдир сиёсий кучлар ёки мухолифат бор деб ўйлашадими? Уларнинг назарида мухолифат ёки мухолифат лидериман деб юрган кишилар ким?

А.М.: -Мухолифатчи дегани Муҳаммад Солиҳ, Абдурахим Пўлатов, Баҳодир Чориев, Толиб Ёқубов дегани бўлса, ва агар улар Ислом Каримовни диктаторликда айблаётган бўлса, тасаввур қилинг, эртага Муҳаммад Солиҳ Президент бўлса, ишни нимадан бошлайди. Катта кичик барча раҳбарни ишдан бўшатиб, ўрнига ўзининг одамларини қўядими? Нима, Муҳаммад Солиҳнинг одамлари фариштами? Улар яхши ишлайди, коррупцияга йўл қўймайди, деган гарантия борми? Ёки ишдан бўшаб қолган катта кичик раҳбарлар индамай, қўл қовуштириб кетаверадими? Муҳаммад Солиҳ тўрт кун ҳам Президент бўла олмайди. Ўзбекистон олов ичида қолади. Бу лидерларимизнинг бирортасининг танқидга тоқати йўқ. Ўзидан бошқа ҳаммани сотқинликда, хоинликда айблаб бўлишган. Агар уларга амал тегса, улар Ислом Каримовдан ўн баравар баттар диктаторга айланишади.

Тўртта одамга бош бўлиш осон эмас. Хизр назар солмаса, эшак бозорга даллол бўла олмайсан,деган ҳикматли гаплар бор. Танқид қилиш жудаям осон. Лекин лидерларимиздан қай бирининг Ўзбекистон келажажи тўғрисида программаси бор. Юсуф, сиз уларга шунақа саволлар бериб кўринг. Эртага Президент бўлсангиз, Ўзбекистон қай йўналишда кетади, деб сўранг. Уларнинг биронтасида аниқ йўл йўқ. “Фарғона.ру.” да эълон қилаётганлари бари хомхаёл.

90- 91 йиллари сиёсий вазият шунақа эди. Халқ орасида лидерларга эҳтиёж туғилган эди. Ана шундай вазиятда сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ вужудга келди. Литвада “саюдис”, Озарбайжонда, Гуржистонда ҳам шунақалар ҳатто ҳукуматни ҳам қўлга киритишди, аммо уларнинг биронтаси ҳукуматни ўз қўлида саклаб қола билмади. Озарбайжонда Элчибей жаноблари туфайли Озарбайжон бугунга қадар ўзига кела олмаяпти. Агар ўшанда Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон тепасига келганда, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ўт ичида қолган, Афғонистон ҳолатига тушган бўларди. Ўзбекистон ўзи ёниб тургандику ўшанда. Фарғона, Ўш, Паркент, Бўка… ҳамма ёқ олов эдику! Муҳаммад Солиҳ ана шу ўтни ўчира олармиди?

Муҳаммад Солиҳ тарафдорларига шунақа савол бериб кўринг.

Муҳаммад Солиҳ шоир сифатида ҳам машҳур эмас эди. Унинг шеърларини китобхонку китобхон, ҳатто танқидчилар, адабиётшунослар ҳам тушунмасди. “Шеъринингизни тушунтириб беринг”, деган танқидий мақолалар чиққанди ўшанда.

АБДУЛЛА ОРИПОВНИ ХАЛҚ ШОИРИ деса бўлади.

2011  йил 7  апрелда «Янгидунё» сайтида Абдулла Ориповнинг уч дона жами 20 қатордан иборат шеъри эълон қилинди ва ана шу йигирма қатор шеърга 30 та комментарий берилди. Мана, ўша шеърларнинг бири ва комментларнинг иккитаси:

(Номаълум сабабларга кўра улар кейинчалик сайтдан ўчириб юборилди):

Абдулла Орипов

Дайди ит

Бирор хонадонни қўриқламас у,

Ё чўпон сурувин қилмас ҳимоя.

Бир кунда минг касга келгай рўбарў,

Исканиб тентираш унга кифоя.

Одамларда инсоф қолмаган ҳеч бир,

Ахир, авлиёлар итни суюбди.

Унинг-чи, алҳазар, қорнига кимдир

“Демократ” сўзин ёзиб қўйибди.

1.Бошка холис says:

April 9, 2011 at 12:34 pm

Абдулла Орипов албатта ўқилмоқда ва ўқилади. Лекин келажакда

хозиргидек эъзозда бўлмайди. Фарзандлари Ғофур Ғуломнинг

фарзандларидек қудратли бўлишмаса, умуман жуда тез унутилади. Янги шоирлар чикаверади, янги шеърлар, янги қўшиклар ёзилаверади. Агар Шайбонихонни маддохи Мухаммад Солиҳни исмини сиёсатчи Салай Мадаминов ўзига тахаллус қилиб олмаганда, шоир Мухаммад Солихни адабиётшунослардан бошқа ҳеч ким билмасди. Хуллас келажакда Абдулла Ориповни адабиётшунослар ўрганишади, бу аник. Лекин ҳалқ эъзозлаши, бу даргумон.

2.Холис: says:

April 9, 2011 at 5:52 am

Поляк ляхларининг қизига ошиқ бўлиб, ўз отаси ва қавмига қўшин

тортган Андрей сотқинми ёки уни ўз қўли билан ўлдирган Тарас Бульба сотқинми?

Мени поляк ляхлари ҳақидаги коммент қизиқтириб қолди. Худди шунақа фикрни  Ғаффор Ҳотамовнинг илгари “Янгидунё” нашр этган  “Афсунгар” романида ўқиган эдим. Роман қаҳрамонларидан бири, ўзини салкам Худо деб билгувчи афсунгар Беҳзод қуйидагича алаҳсирайди:

“Мен – Тарас Бульбанинг ўғли Андрей! Унга хиёнат қилиб маликага ёр бўлдим ва у ҳадя этган рўмолчани ҳилпиратиб қавмимга қарши қўшин тортиб чиқдим!”. Ана шу афсунгар яна дейди: менинг имконим шунчаларки, истасам, оқни қора дейман, одамлар менинг гапимга ишонади ва менинг ортимдан эргашади. Қорани оқ дейман, одамлар тағин менга ишонишади ва ортимдан эргашадилар. Ана шу даражада ўзига бино қўйган бу одам ўзини салкам Худо деб билади, Худонинг ишини тескари ағдармоқчи бўлади,ўзича тақдирлар устидан ҳукм чиқаради. Аммо охир оқибат Аллоҳнинг ҳукми ўзгача бўлади.

Ана шундай,ўзгалар устидан ўйламай ҳукм чиқарганлар адашадилар. Охир оқибат афсунгар Беҳзод ҳолига тушадилар. Нонни катта тишласанг ҳам гапни катта гапирма, деганлар.

Ю.Р.: -Ҳозирги кунда халқаро жамоатчилик Каримов кетса уни ўрнига ким келар экан, деган хавотирда яшамоқда. Каримовнинг кетиши Ўзбекистон сиёсатини қайси томонга буриб юбориши мумкинлиги ҳақида турли баҳсу мунозаралар тингани йўқ. Каримовнинг 22 йиллик президентлик даврида Ўзбекистон ҳақиқатдан жуда катта сиёсий ва иқтисодий қийинчиликларга юзма юз келгани ва қандай бўлмасин давлат сифатида парчаланиб кетмай, Марказий Осиёдаги ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан қудратли давлат мақомини сақлаб келаётгани инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Тасаввур қилинг, Қирғизистон ёки Тожикистонда жуда куп сиёсий воқеалар юз берди, лекин уларни бутун Марказий Осиёга у қадар таъсири бўлмади. Ўзбекистонда сиёсий ўзгариш бўлса буни бутун минтақага таъсири бўлиши шубҳасиз. Сизнинг назарингизда, Ўзбекистонда яқин йилларда сиёсий ўзгаришлар бўлишини кутиш мумкинми? Агар бўлса, бу ўзгаришлар қандай кучлар томонидан амалга оширилади? Бу ўзгаришларда мухолифатман деб юрган гуруҳларнинг ҳам қандайдир ўрни бўлишини тахмин қилиш мумкинми?

А.М.: -Буни вақт кўрсатади. Буни вақт ҳал қилади. Нима бўлганда ҳам ўзбек халқи катта халқ. Абдулла Орипов айтмоқчи, “фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ!” Ўзбек халқи даҳо халқ. Неча ўт оловлардан, бало қазолардан, замонлар синовларидан эсон омон ўтиб келган халқ. Ризқи бутун, фариштали халқ. Бундай халқни дунё тургандан бери сақлаб келаётган Парвардигор албатта яна сақлайди. Ризқини бутун, обрўсини баланд қилади, аллоҳу акбар!

Мухолифатчилар эса… Мухолифатчилар эса фақат танқидга ярашади. Бир чўпни бир жойдан иккинчи жойга қўйишга ярашмайди. Дейлик, эртага ана шу лидерлардан биронтаси Президент бўлса, қолганлари яна мухолифатчига айланиб,уни танқид қилишга тушишади. Ғарбнинг грантига кўз тикиб ўтираверишади. Чунки шу йўл билан бола чақа боқишни ўзларига касб қилиб олишган. Чунки улар бирон жойда расман ишлаб, атрофига фойда келтириб, даромад қилишга, иш ҳақи олишга, шу тахлит бола чақа боқишга ўрганишмаган. Уларнинг ўргангани Ғарб гранти.

Тағин ким билади, дейсиз…

www.yangidunyo.com





Report Page