...

...

AGROBLOGER

EastFruit мутахассисларининг хабарига кўра, Марказий Осиё боғбонларининг мутлақ кўпчилиги, биринчи навбатда, кўчатлар нархига эътибор қаратади ва улар учун камроқ пул тўлашни афзал билади. Бу, албатта, ҳар бир кишининг табиий истаги. Бироқ, айни пайтда, ушбу кўчатларнинг нафақат ҳосилдорлиги, балки нарх жиҳатидан имкониятларини ҳам тушуниш муҳимдир.

Мисол учун, ҳозирги кунда Тожикистондек у қадар бой бўлмаган мамлакатда ҳам премиум сифатли қулупнайга талаб кўп ва улгуржи сотувчилар ушбу резавор учун оддий қулупнай (навлари номаълум)га нисбатан ўртача 2,5 баробар кўпроқ пул тўлашга тайёр. Айни пайтда истиқболли замонавий навларнинг сифатли кўчатларини харид қилган фермер нафақат юқори нарх, балки сезиларли даражада юқори ҳосил ҳам олади.

“Ҳосилдорлиги анъанавий навларга нисбатан 3-4 баробар, нархи эса ўртача 3 баробар юқори бўлгани ҳолда деҳқон бундай кўчатлардан бир хил меҳнат эвазига 9-12 баробар кўп (ҳар гектардан) даромад олишини ҳисоблаш қийин эмас. Шу билан бирга, кўчатлар учун юқори харажатлар жуда тез фурсатда ва бир неча баробар қопланади«, дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Сўнгги йилларда қулупнайнинг замонавий селекцияси борасида шубҳасиз, Италия етакчидир. Италиядаги селекцион компаниялар ҳар йили бозорга қулупнайнинг муваффақиятли рақобатлашувига имкон берувчи жуда қизиқарли янгиликларни таклиф қилишади (масалан, тобора оммавийлик касб этиб бораётган голубика билан). Бу навлар ўзининг чиройли кўриниши, йирик ўлчами, ўзига хос ёқимли ифори ва ширин таъми билан ажралиб туради, улар ҳатто иссиқлик ва қуёш нури етишмовчилиги каби ноидеал шароитларда ҳам ҳосил беради. Бундай навлар Ўзбекистон, Тожикистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари шароитида янада ажойиб натижаларни кўрсатмоқда.

Агар ўз кўзингиз билан кўрмоқчи бўлсангиз, Тожикистон шимолидаги Хўжанд шаҳри яқинида итальян қулупнайининг олтита энг яхши навини етиштирувчи “Ҳариф” МЧЖга ташриф буюринг. Ўтган йили тожикистонлик тадбиркорлар Италиядан олти хил замонавий қулупнай навини олиб келишган эди. Бундан ташқари, «фриго» кўчатлари, ҚЁК (қисқа ёруғлик куни) ва ремонтант навлар импорт қилинди. Ҳозир «Ҳариф» МЧЖнинг иссиқхона ва очиқ далаларида «Вивара»,» Мурано» ва «Кантус» ремонтант навлари ҳамда «Клери», «Лучия», «Квики» сингари ҚЁК навларини учратиш мумкин.

Дарвоқе, “Ҳариф” МЧЖ иссиқхоналари негизида фермерлар учун бепул семинарлар ўтказилиб, иссиқхонада ҳам, очиқ дала шароитида ҳам резавор етиштиришнинг тўрт хил технологияси намойиш этилмоқда. Компания, шунингдек, қулупнайнинг жаҳон селекциясидаги энг яхши навларига хос кўчатлар етиштириш дастурини ишга туширди.


EastFruit

AGROBLOGER канали

Report Page