...

...

AGROBLOGER

Ноннинг инсон ҳаётидаги ўрни ва саломатлик учун фойдаси беқиёс. Агарки у барча зарурий технологиялардан фойдаланилган ҳолда, яхлит дондан тайёрланган асл нон бўлса, албатта.

Саноат даражасида нон тайёрлашда аксарият ишлаб чиқарувчилар трансёғлардан фойдаланади, бироқ инсон организми бундай моддаларни ҳазм қила олмайди. Ушбу бефойда унсурлар томир деворчаларида тошмалар ҳосил қилиб, зарарли холестерин кўринишида организмда тўпланиб боради. Бу эса юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет ва саратоннинг турли кўринишлари ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.

Трансёғларнинг инсон саломатлигига зарарли таъсирини камайтириш мақсадида, бир қатор ишлаб чиқарувчилар ёғларни модификациялашнинг замонавий, қайта этерификация қилиш усулидан фойдаланади. Бу усулда олинган ёғ таркибида зарарли трансизомерлар миқдори минимал даражада бўлади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қайта этерификация қилиш усули маҳсулот сифатини янада ошириш, қандолат, нон маҳсулотлари ҳамда турли консервалар ассортиментини сезиларли кўпайтиришга имкон беради.

Афсуски, аксарият озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналар масаланинг иқтисодий томонини ўйлаб (қайта этерификация усули нисбатан қимматга тушади ва бу ортиқча харажат кимга ҳам ёқарди дейсиз), трансёғлардан воз кечишга шошилмаяпти.

Шу ўринда бир муҳим масала бор: ўзи трансёғлардан тўлиқ воз кечиш мумкинми? Катта эҳтимол билан йўқ, дейди мутахассислар. Фақат унинг миқдорини камайтириш мумкин. Бунинг учун егулик таркибида трансёғлар кам бўлган табиий маҳсулотларни тановул қилиш, маргарин, гидрогенизацияланган ёғлардан тайёрланган, алоҳида турдаги қандолат маҳсулотлари, сифати паст пишириқлар, снеклар, фастфуд истеъмолини камайтириш лозим.

Лекин тушкунликка тушишга ҳожат йўқ! Фойдали, асл нонни барибир топиш мумкин. Масалан, нон турлари орасида энг машҳури ва энг фойдалиси — жавдари нон. У қора буғдой унидан, кўпинча хамиртуруш қўшиб тайёрланади. Бундай нон ранги ё қора (агар қизғиш — жавдар буғдойдан тайёрланган бўлса), ё жавдар унидек кул ранг бўлиши мумкин. Диетологлар, тиббиёт ходимлари ва соғлом турмуш тарзини олиб борувчилар бу турдаги нонни жуда қадрлайди. Бунинг асосли сабаблари бор.

Биринчидан, бундай нон таомнинг ҳазм бўлишини яхшилаб, ошқозон трактини барқарорлаштиришга хизмат қилувчи бириктирувчи тўқима (клетчатка)ларга бой. Иккинчидан, калорияси нисбатан кам — 100 грамм оқ нонда 250 килокалория бўлса, 100 грамм жавдар нонда килокалория миқдори 174 га тенг.

Учинчидан, унинг таркибида ўрни беқиёс бўлган аминокислоталар ва витаминлар бор. Жавдар нон жиддий касалликлар, хусусан, онкологик ва қандли диабет каби хасталиклар профилактикасида етарли даражада фойдали ҳисобланади.

«Ҳар тўкисда — бир айб» деганларидек, шундай фойдали маҳсулот ҳам айрим ўринларда киши билмас зиён етказиши мумкин. У таом ҳазмини яхшиласа ҳам ўзининг ҳазм бўлиши қийинроқ. Жавдар нондаги митти, бироқ фойдали унсурлар секин ҳазм бўлгани боис ошқозонга қўшимча юклама тушади. Шунинг учун ҳам нуқул жавдар нон еявермай, баъзида оқ нондан тановул қилиб туриш тавсия этилади. Боз устига, жавдар нон бироз нордонроқ. Бу моғор босишининг олдини олгани билан, ошқозон-ичак тизими касалликларидан азият чекаётган кишилар учун хавфли бўлиши мумкин.

Агар оқ нон биз истеъмол қиладиган ягона егулик бўлиб, соғлом овқатлари билан машҳур Италия ва Франция каби ривожланган ўлкаларда уни истеъмол қилиш даражаси семизликка қарши курашаётган (масалан, АҚШ каби) мамлакатларникидан пастроқ бўлганида эди, оқ нонга қарши танқидларни тўғри қабул қилса бўлар эди. Хўш, диетасини багет, чиабатта ва круассанларсиз тасаввур қилиб бўлмайдиган итальян ва французлар нега хушрўй ва соғлом, узоқ умр кўради? Кам углеводли егуликларга ошиқ америкалик ва инглизлар эса ортиқча вазндан азият чекмоқда?

Жавоб оддий: ҳар нарсада меъёр бўлмоғи лозим! Нон ҳам ушбу қоидадан истисно эмас. Истеъмол қилинаётган нон миқдори кишининг ёшига доир талабларга, шунингдек, унинг жисмоний фаоллиги, саломатлик кўрсаткичларига мувофиқ бўлиши керак. Бундан ташқари, мутахассислар доимо такрорлайдиган яна бир жиҳат бор — ҳар қандай егуликни, хусусан, нон ва нон маҳсулотларини харид қилиш вақтида унинг таркиби, яроқлилик муддатига эътибор қаратиш лозим.

Нон — Ўзбекистонда ҳамон энг оммабоп маҳсулот. Аммо у ҳамма муаммоларга ҳам сабабчи эмас. Биз ноннинг янада фойдали, йирик, тортилган ундан тайёрланадиган турларини ишлаб чиқаришни ривожлантиришимиз керак. Соғлом нон учун мос хомашё тайёрлашни кучайтиришимиз лозим.

Шунингдек, харидорларнинг хоҳиш-истаклари янада ўсишига рағбат кўрсатиш зарур, албатта. Токи улар нон ҳақида кўпроқ билсин. Харидорларнинг танлагани фақат фойдали маҳсулотлар бўлсин, улар меъёрида ҳам яхши овқатлансин!

Давоми бор...


AGROBLOGER канали

daryo.uz

Report Page