...

...

AGROBLOGER

Шу кунларда барча пахтачилик билан шуғулланувчи фермерлар далаларда ундириб олинган ғўза ниҳолларига ишлов бериш ишларини бошлаб юборди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, пахта етиштиришдаги барча агротехник тадбирларни муддатида ва сифатли ўтказиш муҳим. Хусусан, чигит экиш ва униб чиққан ғўза ниҳолларига биринчи ишлов бериш алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу тадбир сифатли бажарилмаса, майдонларда бир текис кўчат олинмайди, далалардаги нимжон ниҳоллар касаллик ва зараркунандалар билан зарарланиб, туп сони камайиб кетади. 

 Навоий вилоятида жорий йил 32588 гектар майдонга чигит қадалган эди. Бугунги келиб 18999 гектар майдонда 1-2 чинбарг, 9190 гектарида 3-4 чинбарг, 333 гектар ғўза майдонида эса 5-6 чинбарг фазалари бўйича ривожланмоқда. 

 – Айни кунларда ғўза қатор ораларига биринчи ва иккинчи ишлов бериш, культивация ишлари қизғин давом этмоқда, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича бош инспектори Зулфия Бобоева. – Жорий йилда пахтачиликдан мўл ҳосил олиш мақсадида тизимда фаолият олиб бораётган инспекторлар томонидан жойлардаги ғўза майдонларида агротехник тадбирларни кечиктирмай, оби-тобида бажарилиши устидан назорат олиб борилмоқда.

Вилоят бўйича 740 та культиватор мазкур тадбирга жалб этилган бўлиб, ўртача бир кунда 3,1 гектар майдон ғўза қатор ораларига ишлов берилмоқда. Мавсум бошидан буён 30812 гектар майдонга биринчи, 7249 гектар майдонга эса иккинчи ишлов бериш агротехник тадбири амалга оширилди. 

 – Ғўза қатор ораларига ишлов беришдан асосий мақсад – бегона ўтларга қарши курашиш, тупроқнинг юза қисмини майин юмшатиб, намни сақлаш, тупроқнинг тезроқ қизишини ҳамда микроорганизмларнинг яхши ривожланишини таъминлаш ҳисобланади, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Беҳзод Бозоров. – Ғўза қатор ораларига биринчи ишлов беришда чопиқ агрегатларининг созлигини назоратга олганмиз. Масалан, биринчи ишлов беришда чопиқ агрегатига 60 см кенгликдаги ҳар бир қатор орасига икки жуфтдан ротацион юлдузчалар, иккитадан қирқувчи пичоқ ва биттадан ўқ-ёйсимон панжа ўрнатилади. Қатор ораси 90 см бўлганда ушбу тўпламга яна иккитадан қирқувчи пичоқ қўшилади. Далада бегона ўтлар кам бўлса, тупроқни майин юмшатиш учун қирқувчи пичоқлар ўрнига юмшатгич панжаларни қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан ташқари, ўғит солиш жараёни сифатли ва меъёрда амалга оширилиши учун ўғит солиш аппаратлари, ўғитўтказгичлари ҳам соз бўлиши керак. Инспекторларимиз бу борада фермерларга керакли тавсиялар бериб келмоқда. 

Қизилтепа туманида жорий йил 233 та фермер хўжалиги томонидан 8359 гектар майдонга чигит қадалган бўлиб, бугунги кунда ҳудудда ғўзалар 4845 гектар 1-2, 2383 гектар 3-4, 84 гектар 5-6 чинбарг ривожланиш фазаларида ўсмоқда.

 Туман бўйича 203 та культиватор қатор ораларига ишлов бериш учун жалб этилган. Мавсум бошидан буён 1900 гектар майдонда иккинчи ишлов бериш ишлари бажарилди. “Нарзулло Турсун нияти”, “Косагарон орзуси” ва “Усто пахтакор” фермер хўжаликларида иккинчи ишлов бериш ишлари якунланиш арафасида.

 – Пахта майдонимиз 45,8 гектар бўлиб, унга “Бухоро-6” чигит навидан экканмиз, – дейди “Нарзулло Турсун нияти” фермер хўжалиги раиси Тўлқин Турсунов. – Ниҳолларимиз тўлиқ униб чиққан. Далада 2-культивация ишлари 70 фоизга бажарилди. Шу билан бирга бир марта ҳар гектарга 3 килограммдан карбамид билан суспензия сепиш ишлари ҳам бажарилди. 40 та мавсумий ишчимиз бор. Ғўзалар ораси тўлиқ чопиқ қилинди. Ягоналаш тадбирини ҳам яқин кунларда якунлаймиз. 

 Мавсум бошидан буён вилоят бўйича 30 минг 689 гектар майдонда чопиқ ишлари бажарилган бўлса, 16 минг 815 гектар майдонда ғўзани ягоналаш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари мавсум бошидан буён вилоятда жами 347 та чуқур юмшатгич билан 14 минг 954 гектар майдонда чуқур юмшатиш агротехник тадбири бажарилди. 

Албатта, агротехник тадбирларининг сифатли ва ўз вақтида олиб борилиши эртанги ҳосилнинг чўғи баланд ва хирмоннинг баракали бўлиши гаровидир. 

 

Абдували Бўриев, ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page