...

...

AGROBLOGER

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳридан бўлган Гўзал Зайниддинова яқинда ўзининг бир эмас, етти жойда «ишлаб келаётгани» ҳақида хабар топади.

Зайниддинова якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланиб келган. Унинг айтишича, эҳтиёж сезиб электрон имзо олган ва ўз кабинетига кирган. Буни қарангки, у икки йил давомида еттита фермер хўжалигида ишлаб келаётганини билиб қолган.

«Қизиқ томони шундаки, бу ҳақда менга ҳеч ким хабар бергани йўқ. Интернет орқали ўз кабинетимга қарасам, 2019 йилнинг октябрь ойида Каттақўрғон туманидаги бир неча фермер хўжаликларига ишчи сифатида қабул қилинган эканман. Бунинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида ўйлаб, қизиқиб кўрдим. Билдимки, мени ушбу фермер хўжаликларига Каттақўрғон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш маркази ҳисобчиси Мамадамин Ғайиров ишчи сифатида киритган экан», дейди Гўзал Зайниддинова.

Маълум бўлишича, Зайниддинова Каттақўрғон туманидаги «BEKQULOV DAVLATBEK DALASI», «SAYQAL ZAMIN VOHASI», «ABSHUKUR MALOXAT FAYZLI DALASI», «YASHNA NUR DALA», «RUZI MUXAMMAD OXUN-M.L.S», «CHANOQ-Q.SH.S» ҳамда «MURODOV TEMURBEK DALASI» фермер хўжаликларига ишчи сифатида рўйхатга қўйилган. Мазкур фермер хўжаликларига 2019-2020 йилларда ишга жойлаштирилган ва унга ойлик ёзилган.

Зайниддинова томонидан Kun.uz’га тақдим қилинган даромад маълумотномасига кўра, ҳисобчи унинг номига икки йилда 18 миллион сўмга яқин даромад ёзган.

Биз Каттақўрғон тумани давлат солиқ инспекцияси билан боғландик. Солиқ ходимлари айни вақтда Зайниддинованинг СТИРи (солиқ тўловчининг идентификацион рақами) Каттақўрғон туманидаги учта фермер хўжалигида ишчи сифатида рўйхатда тургани ҳақида маълумот беришди.

Англашиладики, Гўзал Зайниддинова ҳисобчи Мамадамин Ғайировдан изоҳ сўрагач, тўртта фермер хўжалигининг ишчилигидан озод қилинган.

Биз Мамадамин Ғайиров билан ҳам телефон орқали боғландик. У 2019 йил ноябрида ўз аризасига кўра ишдан бўшаганини билдирди. Айтишича, у Гўзал Зайниддиновани фақат битта – «MURODOV TEMURBEK DALASI» фермер хўжалигига ишга жойлаштирган. Қолган фермер хўжаликларида ҳам аёлнинг исм-фамилияси турганига алоқаси йўқлигини маълум қилди.

Ушбу ҳолат бўйича Каттақўрғон тумани Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш маркази директори Бобур Муртазоев ҳақиқатан ҳам Ғайиров 2019 йилнинг 18 ноябрида ишдан бўшаганини билдирди. Муртазоевнинг айтишича, ўша вақтларда марказ янги ташкил қилинган бўлиб, ходимлар ушбу электрон тизимни ўрганиш жараёнида бўлган экан.

«2019-2020 йилларда пахта йиғим-терим мавсумида кўзда тутилмаган хатолик сабабли (!) Гўзал Зайниддинова (Каттақўрғон шаҳридан бўлган) Каттақўрғон туманидаги юқорида тилга олинган фермер хўжаликларида теримчи сифатида «Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи» солиқ ҳисоботида кўрсатилган. Аммо ушбу даврда амалда бўлган Солиқ кодексининг 179-моддаси 33-бандига асосан (имтиёз асосида) даромад солиғи ҳисобланмаган», деди марказ раҳбари Бобур Муртазоев.

Шунингдек, Ғайировнинг ўрнига тайинланган ходим Рустам Шодмоновга ушбу хатолик учун хайфсан берилгани маълум қилинди.

Маълум бўлдики, Муртазоевни фақатгина Зайниддиновага моддий зарар етмагани, аёлга даромад солиғи ҳисобланмаганигина қизиқтиради. Ваҳоланки, биз Зайниддиновага ёзилган 18 миллионга яқин суммани ким олганига, агар пул амалда олинмаган ва расмиятчилик учун бўлса, нега бундай қилинганига изоҳ сўрагандик. Яна ҳам одамни ажаблантирадиган ҳолат, нега айнан Зайниддинова бир нечта фермер хўжлагида ишчи бўлиб турибди? Ғайиров кетгандан кейин ҳам аёлнинг бошқа хўжаликларда теримчи сифатида рўйхатга олиниши, ойлик ёзилиши шунчаки тасодифми? Қизиқ.

Айтиш мумкинки, фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш маркази ҳисобчиларининг фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги қарори билан тартибга солинади. Унга кўра, марказнинг бир нафар ҳисобчиси бир неча фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиши мумкин. Тан олиш керак, аксарият фермерларимиз бугун ҳисоб рақамида қанча маблағ бор, у қандай тасарруф этиляпти, қанча маблағ кириб-чиқяпти, тушунмайди. Ҳисобчига ишонади. Ўз навбатида ҳисобчи билганича иш тута олиши учун кўпгина табиий омиллар мавжуд.

Айтайлик, кимнингдир паспорт копияси билан ўнлаб фермер хўжаликларига уни ишга жойлаб қўйиш ва унинг номидан йиллаб ойлик олиб юриш ҳам мумкин. Бу ҳақда ўша фуқаронинг ўзи билмайди ҳам.

Дарвоқе, Каттақўрғон тумани Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш маркази директори Бобур Муртазоев ўзи айтганидек, фермер хўжаликларининг ҳисоб рақамидаги пул маблағлари ва банк операцияларига мутлақо аралашмас экан, нега юқоридаги ҳолат содир бўлди? Гўзал Зайниддинова ўзи билан боғлиқ бу жараённи ошкор қилмагунга қадар Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш маркази нега бу ҳақда хабар топмади?

Яна қанча юртдошларимиз қоғозда ишчи ва «ойлик олаётган» бўлиши мумкин, деган катта хавотир бор кўнгилда.


Исомиддин Пўлатов,

Kun.uz мухбири

AGROBLOGER канали

Report Page