...

...

AGROBLOGER

Бодринг барглари навига қараб юраксимон, учли юраксимон ва юраксимон-панжасимон бўлади. Барги бандли, яхлит, барг пластинкасининг шакли, катта-кичиклиги ва қирқилганлиги навига қараб ва битта ўсимликнинг ўзида ҳар хил бўлади. Дастлабки барглари кичикроқ ва нисбатан думалоқ шаклда бўлиши билан ажралиб туради. Бодринг барглари узунлиги иссиқхоналарда 25-30 см га етиши мумкин. Баргларнинг чети текис ёки тишли бўлади. Баргларнинг турли хил шакллари мавжуд бўлиб, улардан юраксимон шакллиси кўп учрайди. Баргнинг устки юзаси текис ва оч рангли, ости эса тўлқинли, хира ва туклидир. Барглари жуда нозик, осон синувчан яъни, мўрт бўлади. 

Бодринг поясидаги жингалаклар ҳам ботаник жиҳатдан сувсизликка учраган барглардир. Бу жингалаклар ўсимликнинг ўзини тутиши ва поядан узилиб кетмаслиги учун муҳим тиргак ҳисобланади. Учинчи-тўртинчи ва кейинги барг қўлтиқларида урғочи гуллар ҳосил бўлади. 

Бодринг гуллари айри жинсли бўлиб, эркак ва урғочи гуллардан иборат. Гулларнинг ранги сариқ, 5 та тожибаргдан иборат. Эркак гуллари барг қўлтиқларида жойлашган бўлиб, қалқонсимон тўпгул ҳосил қилади. Урғочи гуллари барг қўлтиғида, кўпроқ ён пояларда биттадан, камдан-кам икки-учтадан жойлашади. Урғочи гулларининг тугунчаси пастда бўлиб, усти қалин тук билан қопланган. Эркак гулда эса тугунча ўрнида гул бандидан ташкил топган бўлади. Аввал асосий пояда жойлашган эркак гуллар очилади. Урғочи гуллар эса кечроқ, орадан 3-4 кун ўтгач пайдо бўлади.

Иссиқхонада етиштириш учун бодрингнинг кўпроқ 100 фоиз урғочи гулли навлари экилади, аммо айрим пайтларда салбий муҳит шароити таъсирига учраса, эркак гуллар пайдо бўлиши мумкин. Бундай вазиятда эркак гулли ўсимликни олиб ташлаш лозим. Эркак гуллари олиб ташланмаса, чангланиш даврида пайдо бўлган ҳосилнинг шакли ва сифати ўзгариши мумкин.

Иссиқхоналарда бодрингнинг йирик, ўрта ва кичик мевали навлари етиштирилади. Бодринг меваси тўқ яшил, яшил, оч яшил ва оқишроқ рангли ҳамда усти силлиқ ёки чўтир бўлади. Мевасининг шакли цилиндрсимон, урчуқсимон, тухумсимон бўлади. У 7-10 кунлик янги узилган ҳолида истеъмол қилинади. 5 см гача бўлган 2-3 кунлик корнишон, 5-9 см узунликдаги 4-5 кунлик барра бодринглар тузлама ва консервалаш учун ишлатилади.

Бодринг уруғлари чўзиқ-эллипссимон, ранги оқ ёки оч сариқ, 1000 дона уруғининг вазни 16-40 г. Бир граммда 30 дан 60 донагача бодринг уруғи бўлади. Уруғлар 5-6 йилгача унувчанлик хусусиятини сақлайди. Иссиқхоналарда бодрингнинг уруғланмасдан, яъни партенокарпик йўл билан кўпаядиган уруғсиз дурагай навлари мавжуд. Бодринг ўсимлигининг уруғлик олиш учун меваси уруғ униб чиққанидан 90-120 кун ўтганидан сўнг етилади.


AGROBLOGER канали

Report Page