...
AGROBLOGERЮртимиз шароитида ёнғоқзорлар барпо этишда ватани Шимолий Америка ҳисобланган Пекан ёнғоғини экиш муҳим аҳамиятга эга. Бўйи 20–35, диаметри 2,5–3 метргача етадиган, 300–400 йил яшайдиган бу ёнғоқ -25–30 оС совуққа ҳам чидамлидир. Пекан ёнғоғини интенсив боғларни қаттиқ совуқ, кучли шамол ва бошқа табиий иқлим ўзгаришларидан ҳимоя воситаси сифатида экиб фойдаланиш ҳам катта иқтисодий самара беради.
Меваси истеъмол ҳамда қандолатчиликда кенг фойдаланилади. Таъми ширин, хушхўр, ёнғоқнинг мағзи ажратилганда 70–75 фоизини ташкил этади. Ёғ чиқими 75–80 фоизга етади. Бундан ташқари ёнғоғи таркибида организм учун фойдали A, D, E, C, B1-B9, PР дармондорилари, темир, мис, марганец, ёд, калций, цинк, углеводлар, каратинлар, минерал тузлар, ҳид берувчи моддалар мавжуд.
Пекан ёнғоғи дарахти мустаҳкам бўлиб, илдизи 10–25 метр чуқурликкача кириб боради. Ёғочи ўз хоссалари жиҳатидан эман ёғочидан қолишмайди ҳамда мебель ва қурилиш саноатида юқори баҳоланади.
Пекан ёввойи ҳолда асосан Шимолий Америкада ўсади. Европага XVIII асрда келтирилган. Қора денгиз бўйлари, Кавказ, Украина, Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистонда ўтган асрнинг 20-йилларида экила бошлаган.
Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Сурхондарё илмий-тажриба станциясининг Денов туманидаги Дендрарий боғида Америка пекан ёнғоғининг 9 та тури экиб парваришланмоқда. Ҳозирда бу ерда Пекан ёнғоғининг серҳосил, сифатли, бугунги кун талабига тўлиқ жавоб бера оладиган, самарадорлиги юқори турлари ажратиб олиниб, уларнинг кўчатлари тайёрланмоқда.
Пекан кўчатларини ўтқазиш ва парвариш қилиш усуллари ёнғоқникига ўхшаш. 6–8 йилда ҳосилга киради. Апрель-май ойларида гуллайди. Чангланиши шамол ёрдамида амалга оширилади.
Меваси новдаларида 3–6 донагача ғужум бўлиб жойлашади. Бир дона меваси ўртача 15–40 г тош босади, мевасининг пишиш даври навларига қараб октябрь-ноябрь ойларига тўғри келади.
Бир туп дарахтдан 50–100, катта ёшдагиларидан 250–300 кг. гача ҳосил олиш мумкин.
Мевасининг ранги яшил қорамтир бўлиб, цилиндр шаклда. Қобиғи мустаҳкам, зич жойлашган. Меваси оддий қуруқ жойда 3–4 йил сақланганда ҳам истеъмол учун яроқлилигини йўқотмайди.
Кўчат тайёрлаш учун асосан мевасидан, яъни ёнғоғидан фойдаланилади, тезроқ ҳосилга киритиш учун пайванд усулидан фойдаланиш мумкин.
1 гектар майдонга 156–125 дона кўчат сарфланади. 8х8, 10х8 тошлоқ, тоғли ҳудудларга 8х6 метр схемада экилади, ҳосилдорлик ўртача 10–15 т/га. ни ташкил этади.
Пекан ёнғоғи совуқ тез тушадиган ҳудудларда пишмай қолиши мумкин. Вегетация даври узоқ – 8,5–9 ойни ташкил этади.
Бир сўз билан айтганда, юртдошларимиз ёнғоқзорлар барпо этишда пекан ёнғоғи кўчатларини экишга ҳам алоҳида эътибор қаратсалар, мўмай даромад манбаига эга бўладилар. Халқимиз бежиз “Бир туп ёнғоқ эксанг, ҳосилидан етти авлодинг баҳраманд бўлади”, деб айтмаган.
Н.Астанақулов, А.Мирзаев
agro.uz
@AGROBLOGER канали