...

...

AGROBLOGER

Ўзбекистонда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошишини чеклаш мақсадида бир қатор маҳсулотларни олиб кириш ва сотишда уларнинг солиқ имтиёзлари муддати узайтирилди. EastFruit мутахассисларининг хабарига кўра, картошка ҳам шундай маҳсулотлар қаторига киритилган.

Ушбу имтиёзлар – рўйхатга киритилган товарларни олиб кириш ва сотишда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)дан озод қилиш демакдир. Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, ўсимлик ёғини импорт қилиш, ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, шунингдек, кунгабоқар, зиғир ва соя уруғларини импорт қилишда қўшилган қиймат солиғини бекор қилиш тартиби 2022 йилнинг 31 декабрига қадар узайтирилди. Бундан ташқари, ушбу санага қадар картошка, йирик ва майда шохли қорамол, тирик ҳайвонлар ва улардан олинадиган маҳсулотларни импорт қилиш ва уларни реализация қилиш ҚҚСдан озод қилинади.

Эслатиб ўтамиз, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари қатори картошка импорти ва савдоси учун ҚҚСнинг ноль режими 2021 йилнинг октябрь ойидан жорий қилинган ва 2021 йил охиригача амал қилган эди. 2022 йилнинг январь ойида ушбу солиқ имтиёзлари 2022 йилнинг 30 апрелига қадар узайтирилган эди.

EastFruit таҳлилчилари қайд этганидек, сўнгги бир неча йил ичида картошка Ўзбекистон мева-сабзавот секторининг асосий импорт позициясига айланди. 2016 йилга қадар картошка импортининг йиллик ҳажми 50 минг тоннадан ошмаган бўлса, 2017 йилда ушбу маҳсулот импорти 194 минг тоннани ташкил этди. Кейинги йилларда – 2017 йилдан 2021 йилгача импорт ҳажми 194 минг тоннадан 560 минг тоннагача, яъни, деярли 3 баробар ўсди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистонга картошка импорти ҳажми 223,8 минг тоннани ташкил этди. Бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 46 фоиз ёки 70 минг тоннага кўпдир.

Аммо, жорий йилда Ўзбекистон истеъмол картошкаси импорти ҳажмини сезиларли даражада қисқартириши мумкин. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг барча тоифадаги фермер хўжаликлари 2022 йил ҳосили учун 243 минг гектар майдонга картошка эккан, бу ўтган йилга нисбатан 55 фоиз ёки 86 минг гектарга кўпдир. Табиийки, 2022 йилда прогноз қилинадиган ҳосил ҳажми 4,1 миллион тоннани ташкил этади, бу 2021 йилга нисбатан 26 фоиз ёки 850 минг тоннага кўпдир.

Янги ҳосил картошкасининг жорий нархлари ва ушбу нархларнинг сўнгги 2,5 ойдаги динамикаси 2022 йилда картошка етиштириш ҳажмининг ошганидан далолат беради. Ўзбекистон бозорларида янги ҳосил эртаги (ёш) картошкасининг биринчи улгуржи партиялари март ойи ўрталарида пайдо бўлди ва ўтган давр мобайнида ушбу маҳсулот нархи 3,2 баробар пасайди!

EastFruitнинг нархлар мониторингига кўра, 2022 йил 18 мартдан 6 майга қадар жорий йил ҳосили картошкасининг ўртача улгуржи нархлари 1 кг учун 16 000 сўмдан 5 000 сўмгача пасайган. Бундан ташқари, 2022 йилнинг 6 май ҳолатига кўра, жорий йил ҳосили картошкасининг ўртача улгуржи нархлари 2021 йилнинг шу санасига нисбатан 23 фоиз арзон ва 2020 йилнинг худди шу санасидаги даражададир.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда ўтган йилги (2021 йил ҳосили) картошканинг жорий улгуржи нархлари ҳам ўтган йилги даражадан паст. 2022 йилнинг 6 май ҳолатига кўра, ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 4000 сўмни ташкил этди. Бу 2021 йилнинг худди шу санасига нисбатан 15 фоизга паст кўрсаткичдир. Қолаверса, ўтган йилги картошканинг жорий улгуржи нархлари янги ҳосил картошкаси нархидан атиги 20 фоизга арзон.


EastFruit

AGROBLOGER канали

Report Page