...

...


Милдью (сохта ун-шудринг) касаллигини қўзғатувчи замбуруғ Plasmopara viticola Berl. et de Toni бўлиб, Phycomycetes синфига киради.

Касаллик Украина, Молдовияда кенг тарқалган иллат ҳисобланади, Ўзбекистонда бу касаллик кейинги 6-7 йил мобайнида, об-ҳаво серёғин келган йиллари кенг тарқалиб, узумчилик билан шуғулланадиган фермер хўжаликларига катта иқтисодий зарар етказмоқда.

Бу касаллик билан токнинг ҳамма ер устки аъзолари шикастланади. Касаллик ривожланиши учун оптимал ҳарорат 18 - 24°С ва ҳаво намлиги 80 – 85% ҳисобланади. Ёш баргларда оч яшил, томирлари орасида бурчаксимон ёки ёйилган доғлар хосил бўлади. Баргнинг орқа томонидан доғ, оқ ғубор билан қопланади. Барглар қуриб тўкилади. Касалланган гул ва тугунлар ҳам оқ ғубор билан қопланиб, барглар тўкилиб кетади. Меваларда кўп тўқ зич доғлар ҳосил бўлади. Устки мевалар бужмаяди, тўкилиб кетади. Пояда қўнғир доғлар пайдо бўлиб, ҳавода намлик кўпайганда оқ ғубор билан қопланади. Замбуруғ споралар ҳолида ўсимлик қолдиқларида қишлаб чиқади. 

Милдью касаллиги 2003 йилда Тошкент вилоятининг тоғолди туманлари хўжаликлари токзорларида биринчи маротаба тарқалганлиги аниқланган. 

2009 йил Тойлоқ, Самарқанд, Пайариқ ва Ургут туманлари токзорларида, 2010 йил Зангиота, Бўстонлиқ ва Паркент туманларида кенг тарқалганлиги кузатилди (касалланиш 60–70% ва айрим хўжаликларда 80-90%, ҳаттоки тоғолди туманлардаги айрим хўжаликларда 100% гача зарар етказган). Токнинг милдью (сохта ун-шудринг) касаллиги оидиум (ун- шудринг) ва антракноз (қорасон) касалликларидан ҳам бир неча баробар хавфли бўлиб, бу касаллик билан кучли зарарланган токзорлардан умуман ҳосил олишнинг имконияти йўқ. Шунинг учун бу касалликка қарши ўз вақтида агротехник тадбирларни ва кимёвий кураш чораларини ўтказиш зарур.

Агротехник кураш чоралари:

1. Токни гуллашидан олдин ва кейин хомток қилиш (хомток қилинганда токнинг новда ва барглари сийраклашади, натижада шамол айланиши яхшиланади, намлик камаяди. Бу эса ўз навбатида касалликнинг ивожланишини олдини олади). 2. Кузда касалланган новдаларни кесиш ва дала ташқарисига чиқариб ёқиб юбориш (бундай тадбирда касаллик тарқалувчи манбаа зарарланган новда, барг ва мевалар ёқиб юборилади. Кейинги йилда токзорларда касаллик қўзғатувчи замбуруғларнинг қишлаб қолувчи захираси йўқотилади. Бу эса кейинги йил бу токзор бошқа токзорларга нисбатан камроқ касалланади).

Кимёвий кураш чоралари:

Ушбу касалликка қарши таркибида мис бор препаратларни жумладан 1% ли бордо суюқлиги (100 л сувга 1 кг мис купороси ва 1 кг сўндирилмаган оҳак) ёки кузда токзорлар уйқуга кетганда 3% ли бордо суюқлиги қўлланилади. Токзорларда милдью касаллигини дастлабки белгилари пайдо бўлганда ёки вегетация даврида гектарига “ВИНКОЗЕБ” 80% 2,0-3,0 кг, “CUFIT” 0,3-0,5 л, “Ридомилл Голд” - 2,5 кг, “Мед хлорок”– 0,6-2,0 кг, “Вистроби” 50% 0,2 кг, меъёрларда юқоридаги фунгицидлардан бирини бир неча маротаба қўллаш тавсия этилади.


Report Page