...

...

AGROBLOGER

Андижон вилояти Асака туманидаги «Ахтачи» маҳалласи ҳақида гап кетганда, аввало бу маскандаги иссиқхоналарида етиштирилаётган помидор, бодринг, булғор қалампири, саримсоқпиёз ва бошқа сабзавот ва кўкатлар тилга олинади. Чунки маҳалла каркас усулидаги иссиқхоналари билан ном таратган.

Маҳалладаги деярли барча хонадонда иссиқхона мавжуд. Одамлар узоқ йиллардан бери шу юмуш билан шуғилланишади. Даромадлари ҳам деҳқончиликнинг орқасидан.

Иссиқхоналардан йилига икки-уч маротабадан ҳосил олинади. Бу йил ҳаво совуқ келгани учун аксарият деҳқонлар униб чиққан кўчатларини олиб ташлаб, бошқатдан кўчат экишга мажбур бўлишган. Шу сабабли бозорларда ахтачиликлар етиштирган маҳсулотлар кечроқ кўриниш берди.

Қишда ҳам меҳнат қилишни истаган деҳқонлар иссиқхонадан уч маротаба ҳосил олишади. Улар етиштирган маҳсулотлар қишнинг совуқ кунларида ҳам халқимиз дастурхонига етказиб берилади.

"Темир дафтар»га киритилган аёлларнинг ҳам икки нафарига иссиқхона қуриб берилган бўлиб, улар бу йил дастлабки хосилини йиғиб олмоқда.

Оиладаги хотин-қизлар, фарзандлар билан қилинган доимий меҳнат орқали ушбу маҳаллада ишсизлар деярли учрамайди.

Хонадонларга кириб суҳбатлашар эканмиз, маҳалла аҳли ўз ишларини мароқ билан қилишларига, бор меҳрини ерга беришганига гувоҳи бўлдик.

«Узоқ йиллардан бери деҳқончилик қиламиз. Ҳозир ўзим ишлай олмайман, лекин фарзандаларим шу иш билан шуғилланишмоқда. Қилаётган тўйларимиз, қураётган уйларимиз, минаётган машиналаримиз ҳам шу иссиқхоналар орқали», – дейди биз билан суҳбатда Маъмиржон ота Мансуров.

Иссихонадаги ерларга 2-3 йил бир хил маҳсулот экилса, кейинги йилларда бошқа маҳсулотлар экилади. Алмашлаб экиш орқали ернинг ҳосилдорлиги сақлаб қолинади. Яъни 2-3 йил давомида помидор ёки бодринг кўчатлари экилган иссиқхоналарга кейинги йилларда саримсоқпиёз ёки бошқа маҳсулотлар экилади.

Мазкур маҳалла аҳлини ерга берган меҳрини кўриб, меҳнат қилган инсон қадр топишига, даромадга эга бўлишига яна бир бор амин бўлдик. Уларнинг ҳосилига барака тиладик.


AGROBLOGER канали

Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири

Монтажчи: Фахриддин Ҳотамов

kun.uz

Report Page