...

...

AGROBLOGER

Картошка ўсиш даврида икки марта озиқлантирилади. Биринчи марта (кўкариб чиққанда) биринчи ишлов билан қўлда ёки культиватор-озиқлантиргичлар ёрдамида 200-250 кг аммоний селитраси ёки мочевина ҳамда 100-110 кг аммофос билан озиқлантирилади. Иккинчи озиқлантириш тўла шоналашда 220-350 кг аммоний селитраси ёки мочевина солиш билан ўтказилади. Эртапишар картошкани парвариш қилишда, қатор орасини ишлашда, уларни озиқлантиришда махсус минитехника ва қуроллардан – культиватор-озиқлантиргичлардан фойдаланилади.Суғориш. Эртапишар картошка экилгандан униб чиқишгача ёғингарчиликлар туфайли намлик етарли бўлгани учун суғоришни талаб этмайди. Униб чиққандан гуллашгача 1-2 марта суғорилади. Гуллашдан пишишгача эса 4-6 марта суғорилади. Суғориш орасидаги давр дастлабки суғориш вақтларида, кун салқин бўлгани учун ҳар 8-10, кейинчалик эса 6-7 кунда намиқтириб суғориб турилади. Эртапишар картошкани қўллаб келинаётган 1-1-5 суғориш схемасига нисбатан 1-2-6 схемада суғориш ҳосилдорликни 24-27 фоизга оширади.Картошка пайкалларидаги ўсимликларни сув билан бир хил (текис) таъминлаш кўп жиҳатдан суғориш эгатларининг узунлиги ва чуқурлигига ҳамда улардаги сув оқимининг тезлигига боғлиқ. Тажрибаларимизнинг кўрсатишича, даланинг нишаблигига қараб, суғориш эгатларининг узунлиги 90-120 м қилиб ўқариқлар олиниши лозим. Эгатлар чуқурлиги эса 15-18 сантиметр, улардаги сув оқими эса 0,10-0,15 литр секунддан ошмаслиги лозим. Охирги суғориш ҳосилни йиғиштиришга 5-7 кун қолганда тўхтатилади.

Томорқаларда эртапишар картошкани одатда катта жўяк- ли пушта (гура)ларда ҳам етиштирадилар. Бунинг учун томорқа ери кузда гектарига 30-40 тонна меъёрда гўнг, таъсир этувчи модда ҳисобида 150-180 кг фосфор, 90-100 кг калий солиниб, 28-30 см чуқурликда сифатли шудгор қилинади. Кеч кузда ёки эрта баҳорда ер етилиши билан чизель, бороналанади ёки қўлда экишга тайёрланади. Сўнгра қатор ораси 90-100 см қилиниб, 50-60 см баландликда, 6-8 м узунликдаги катта жўякли пушта (гура) олинади. Пушталарнинг икки томони (ёни)га орасини 50-60 см қилиб, нишлатилган уруғлик туганаклар ҳар 15-20 см оралиқда 6-7 см чуқурликда экилади. Уруғлик туганакларни экиш билан бирга ёғингарчиликлар туфайли қатқалоқ бўлмаслиги учун устига 100-120 грамм чириган гўнг ташланади. Бу қатқалоқдан ҳимоялашдан ташқари қуёшдан иссиқликни ўзига тортиб, тез ва қийғос кўчатлар олишни ҳам таъминлайди.

Кўчатлар кўкариб қатор бўлиши билан парваришлаш бошланади. Парваришлаш кўкариб чиққан ўсимликлар бўғзига йиллик фосфорли ўғитларнинг 25-30 фоизи (гектарига 40-50 кг соф фосфор ҳолида), азотли ўғитларнинг ярим меъёрини (гектарига 75-100 кг соф азот ҳолида) сепиб, озиқлантириб, теша чопиқ қилинади. Бунда қўш қатор орасидаги тупроқларнинг бир қисми олиниб, ўсимликнинг сув юрадиган бўғзига берилади. Об-ҳавога қараб 2-3 кундан сўнг суғорилади. 

Суғоришда ўсимликларнинг нам билан текис таъминланиши учун жўяклар зиг-заг қилиб бир-бири билан боғланади ҳамда кираётган ва чиқаётган сув оқими ростланиб турилади. Ер етилиши билан шоналай бошлаган ўсимликлар йиллик азотли ўғитларнинг қолган ярим меъёри билан (гектарига 75-100 кг соф ҳолда) 2-марта озиқлантирилиб, кетмон чопиқ қилинади ва қўш қатор орасидаги тупроқлардан олиниб, ўсимликнинг сув оқадиган томон бўғзи тўлдирилади. Шундай қилиб, ўсимлик бўғзи тупроқ билан қўш қатор ва сув юрадиган томонлари тенглаштирилади ҳамда туганак тугиши, шаклланиши учун қулай шароит яратилади. Картошка парваришидаги кейинги тадбирлар фақат суғориш, бегона ўтлардан тозалаш ва колорадо қўнғизидан ҳимоялашдан иборат бўлади. Катта жўякли пушта (гура) ларда эртапишар картошка етиштириш асосан қўлда теша ва кетмон ёрдамида парваришланса-да, гектаридан 40-50 тонна (ҳар 100 м2 ердан 400-500 кг) ва ундан зиёд ҳосил олишни кафолатлайди. Йиғиш. Пишиб етилган картошка палаклари сарғаяди ва туганакларида қаттиқ, сидирилмайдиган пўст ҳосил бўлади. Эртаги картошка асосан июнь-июль ойларида пишиб етилади. Ҳосилни эрта ёки кеч йиғиштириш унинг миқдори ва сифатига салбий таъсир этади. Кеч йиғиштириб олинганда, туганаклар сўлиб вазнини йўқотади, офтоб уриб чирийди, турли ҳашаротлар, айниқса, картошка куяси зарарлайди.

Шунинг учун эртапишар картошкани ўз вақтида йиғиштириб олишни ташкил қилиш керак. Бу билан суғориладиган ердан такроран самарали фойдаланишга имкон яратилади. Картошка ҳосилини йиғиштириб олиш учун турли элеватор типдаги икки қаторли картошка ковловчи мосламалар қўлланилади. Ковлаш олди картошканинг сарғайган палаклари ўриб ташланади. Ковлаб олинган картошка ҳосили сараланиб, тегишли жойларга жўнатилиши лозим.


AGROBLOGER канали

agrobank.uz

Report Page