...

...

AGROBLOGER

Жорий йил баҳор фаслининг мураккаб келиши, ёғингарчиликнинг кўпайиши оқибатида намлик ортиб, ғаллага ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Бу эса, турли зараркунанда ҳашаротлар ва сариқ занг, қўнғир занг, септариоз, ун шудринг каби касалликларнинг кучли тарқалишига шароит яратмоқда. Бу ғалла ривожи учун ўта хавфли ҳисобланади. Айниқса, сариқ занг касаллиги ғаллани зарарлаши оқибатида ҳосилнинг 50–60 фоизга камайиб кетишига олиб келади. Бу йилги об-ҳаво шароитида ғалладан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда май ойида бажариладиган агротехника тадбирларига ўта масъулият билан ёндашишни тақозо этади.

Ушбу ойда кузги ғалланинг асосий – бошоқлаш, гуллаш ва сут-мум пишиш даври кузатилади. Бунда кузги бошоқли дон экинларининг ривожланиш фазаларига қараб қуйидаги агротехника тадбирларини соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашган ҳолда, уларнинг тавсияларига асосан қатъий жадвал асосида олиб бориш зарур.

Ғалланинг бошоқлаш, гуллаш, дон шаклланиши ва дон тўлишини ҳисобга олган ҳолда азотли ўғитлар билан озиқлантириш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, кеч экилган, ривожи суст майдонлар қўшимча 100–150 кг. дан азотли ўғитлар билан озиқлантирилади. Эртапишар навлар экилган майдонларда ўрта ва кечпишар навларга нисбатан 7–10 кун эртароқ озиқлантириш ҳамда пешма-пеш шарбат усулида суғориш ташкил қилиш мақсадга мувофиқ.

Замбуруғли касалликлар билан кучли зарарланган майдонларда баргдаги физиологик ва биокимёвий жараёнлар пасайиши туфайли ўсимликларнинг ташқи муҳитда содир бўладиган ноқулай омилларга бардошлилиги йўқолади. Бу эса дон ҳосилдорлиги ва доннинг технологик сифатлари пасайиб кетишига олиб келади. Шунинг учун ғаллазорларда қатъий ишлов графиги тузилиши шарт.

Бундай майдонларда 20 майга қадар ҳар 300 гектар майдон ҳисобига биттадан махсус отряд ташкил этиб, уларга 1–2 нафар мутахассис кузатувчиларни бириктириб, ҳар 2 кунда мониторинг олиб бориш керак. Касаллик аниқланган майдонларга зудлик билан ишлов беришни ташкил этиш лозим.

Сариқ занг касаллигига қарши курашишдан аввал касалланиш даражасини аниқлаш лозим. Биринчи навбатда сариқ занг энг кўп тарқалиши аниқланган майдонлардан бошланиши ҳамда шу майдонларга фунгицидларни белгиланган меъёрдан 20–30 мл/га кўп қўшиш зарур.

Биринчи куни қайси контур ёки дала майдонида касалликка қарши ишлов берилган бўлса, кейинги ишловни ҳам касаллик тушиши даражасига қараб, худди шу майдонга 10–12 кундан кейин қайта ишлов ўтказилиши лозим. Агар ушбу графикка асосан иш ташкил этилмай, бошқа далаларга ўтиб кетилса, бунда ҳеч қандай самарага эришилмайди.

Ғалла касалликларига ишлов беришда, албатта, штангали пуркагичлардан фойдаланиш, агар бунинг имкони бўлмаса ОВХ мосламаларида сепиш қурилмаларини ўткир бурчакда пасайтириб ғалла баргларини тагигача тўлиқ ювилишини таъминлаши талаб этилади. Чунки, ишлатилаётган фунгицидлар ўсимлик баргидаги ёки танасидаги сариқ занг спораларига тегиб, уни ювгандагина унинг споралари ҳалок бўлади.

Ғалла касалликларига қарши Республикамизда рухсат этилган қуйидаги фунгицидларни қўллаш мақсадга мувофиқ: 28 фоизли “Аканто Плюс” сус.к. (0,3–0,5 л/га), “Кресть” эм.к. (0,5 л/га), 25 фоизли “Тилзол” эм.к. (0,5 л/га), “Титул Дуо” эм.к. (0,2 л/га), 33 фоизли “Альто Супер” эм.к. (0,3 л/га), 22,5 фоизли “Дуплет ТТ” эм.к. (0,3–0,5 л/га), “Энтоликур” (0,3–0,5 л/га) препаратларидан бири билан 200–300 литр ишчи эритма ҳисобида ишлов берилади.

Зараркунанда ҳашаротларга ҳам қатъий жадвал асосида уларнинг кўпайиш ҳолатига қараб ишлов ўтказилиши лозим. Ғаллазорларда асосан зарар етказадиган зарарли хасва, шиллиқ қурт, поя арракаши, ғалла трипси, ғалла гуллилар шираси каби ҳашаротларга қарши курашда қуйидаги инсектицидлар яхши самара беради: 10 фоизли “Альфацид” эм.к. (0,15 л/га), “Бестселлер” эм.к. (0,1–0,15 л/га), “Далате Плюс” эм.к. (0,07 л/га), 2,5 фоизли “Делцис” эм.к. (0,25 л/га), “Децибан” эм.к. (0,25 л/га), 20 фоизли “Багира” с.э.к., “Энталучо” эм.к. (0,07–0,1 л/га), 5 фоизли “Атилла” эм.к. (0,2 л/га) 200–300 литр ишчи эритма ҳисобида ишлов берилади.

Ғаллани ортиқча пайҳон қилмаслик учун ушбу препаратларни уйғунлашган ҳолда, яъни фунгицид ва инцектицидларни қўшиб ишлатиш мақсадга мувофиқ.

Юқоридаги ишларни ташкил этишда, албатта, ўсимликларни ҳимоя қилиш отрядлари, соҳа олимларини жалб этиш лозим.

Уруғлик учун экилган майдонларда соҳа мутахассислари ва селекционер олимлар билан биргаликда ғаллани бошоқлаш ҳамда сут-мум пишиш даврида икки марта бегона нав аралашмалардан тозалаш, сўнгра дала апробация кўригига тайёр ҳолатига келади. Апробация жараёнида нав тозалигини олиб бориш, уруғлик майдонларда навга хос бўлмаган бегона нав бошоқларидан ҳамда уруғлик сифатини бузадиган бегона ўтлардан тозалаш ишларини амалга ошириш лозим.

Буғдой бошоқлаб, пишиб етилиш даврига ўтгунга қадар бошоқ ранги, шакли ўзгармас ҳолда бўлади. Буғдой пишиб етилгандан кейин нав тозалаш ишлари олиб борилса, фақат тур хиллиги (қилтиғли, қилтиғсиз) бўйича ажратиш мумкин ва тозалашда бошоқларнинг синиши, дон тўкилиши натижасида ғалла ҳосилининг камайишига олиб келади.

Кузги бошоқли дон экинлари ривожи ва дон шаклланишида энг долзарб палла ҳисобланган май ойида юқоридаги агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда сифатли амалга ошириш мўл ҳосил олишга замин яратади.


Р.Сиддиқов, Н.Юсупов

AGROBLOGER канали

agro.uz

Report Page