...
Токзорларни суғориш, суғориш манбаалари (дарё, кўл, сув ва омборлар ва ҳ.к.), сувни тақсимловчи бош қурилмалар, магистраль ва суғориш каналлари, вақтинчалик суғориш шахобчалари орқали амалга оширилади Вегетацион суғоришни шартли равишда юза суғориш, ер устидан суғориш, ер остидан суғориш, томчилатиб суғориш каби турларга ажратиш мумкин. Юза суғоришда сув токзорга, асосан эгатлар, шунингдек, чуқур ариқлар, халқалар орқали берилади. Ер остидан суғоришда сув ерга 40-50 см чуқурликда кўмилган тешикли қувурлар орқали илдиз жойлашган қатламга берилади. Томчилатиб суғоришда сув махсус қурилмалар орқали бевосита ҳар бир ток тупига томчи усулида берилади.
Эгатлаб суғориш Ўрта Осиё, жумладан Ўзбекистонда кенг тарқалган. Эгатлар сони ток қатор орасининг кенглиги, тупнинг ёшига қараб 1-3 та бўлиши мумкин. Ёш токзорда эгатлар тупнинг икки томонидан, ҳосилга кирган токзорларда унга қўшимча қилиб қатор орасининг ўртасидан ток тупидан 0,5 м қочириб, 15-25 см чуқурликда олинади. Эгатларнинг узунлиги ва чуқурлиги ернинг қиялиги, тупроқ хилига боғлиқ.
Ёш токзорлар ўсиш даврида 9-10 мартагача (апрелда 1, май, июнда 2 мартадан, июлда 2-3 марта, августда 2 марта), ҳосилга кирган токзорлар эса, одатда апрелда, гуллашдан 5-10 кун олдин, гуллашдан кейин (июнь ойининг ўрталарида), ғўралар жадал ривожланаётган даврда (кечпишар навларда июлда) суғорилади. Ҳосил теришдан 15-20 кун олдин суғориш тўхталиши лозим, акс ҳолда ғужумлар лиқилдоқ бўлиб сифати бузилади. Охирги суғориш ток қисмларидаги намликни сақлаш ҳамда ток тупларини қишга кўмишни қулайлаштириш мақсадида токларни кўмишдан олдин (ноябрь) берилади.
Суғоришнинг бу усули оддий, камхарж бўлсада, аммо, бунда сув кўп сарфланади, кўп меҳнатни талаб қилади. Томчилатиб суғориш, токзорларни суғоришнинг замонавий, янги усулидир. Чет мамлакатларда кенг тарқалган. Ўзбекистонда ҳам қўлланилади. Бошқа суғориш усулларидан тубдан фарқ қилади. Айниқса, сув камчил, суғоришнинг бошқа усулларини қўллаш қийин бўлган ҳудудларда катта аҳамиятга эга.
Унинг бошқа суғориш усулларидан афзаллиги шундаки, бунда сув ҳар бир ўсимликка белгиланган миқдорда автоматлаштирилган тарзда берилади.
Томчилатиб суғориш тизимига махсус сув ҳавзаси, сув босимини ҳосил қиладиган минора, сув ўтказувчи қувурлар, улар орқали сувни босим билан ҳайдовчи насослар, сувни керакли миқдорда томчилаб оқишини тартибга солувчи учликлар ва ҳ.к. киради. Ҳавзадаги сув бир сутка давомида яхшилаб тиндирилиши лозим. Суғориладиган токзорнинг ҳар бир қатори бўйлаб темир-бетон устунлар ва пастки симбағазга полиэтилан қувурчалар осиб боғланади ва ҳар бир ток тупига бериладиган сув миқдорини сув белгиланган миқдорда тартибга солувчи сув томизгичлар ўрнатилади (уларнинг сони токнинг ёши, тупроқ механик таркибига қараб 1-2 та бўлиши мумкин).
Сув томизгичлар бевосита тупроқ юзасига, ток танасига яқин қилиб жойлаштирилиши ҳам мумкин. Суғориладиган токзорга тупроқ намини қайд этувчи ўлчов асбоби ўрнатилиб, у бутун тизимни ишга туширувчи ҳамда тўхтатувчи пультга уланган бўлади. Агар тупроқ нами керакли даражадан камайиб кетса, тизим автоматик тарзда ишга тушиб, сув томчилагичлар орқали ўсимликка кела бошлайди. Тупроқнинг намлиги белгиланган даражага етгач, тизим автоматик тарзда тўхтайди.
Сув сарфи, суғоришнинг давомийлиги ва вақти тупроқнинг механик таркиби, токнинг ёши, нав хусусиятларига қараб белгиланади. Механик таркиби ўртача ва оғир тупроқли ерларда сув сарфи 4-9 л/соатни ташкил этади. Тупроқ намлиги эса 70-80% атрофида ушланиб турилиши лозим.
Томчилатиб суғоришда сув сарфи эгатлаб суғоришга нисбатан 35-40% тежалади, ҳосилдорлик эса 25-80% гача ошади. Айниқса, тоғ ёнбағрларида тупроқ эрозияси хавфи туғилмайди, шўрланган ерларда асосий илдизлар жойлашган қатламда тузлар деярли тўпланмайди, автоматлаштирилиш ҳисобига меҳнат унумдорлиги ва иқтисодий самарадорлик юқори бўлади. Кетган харажатлар 1-2 йил давомида қопланиши мумкин. Бу усулнинг энг нозик томони суғориш учун ишлатиладиган сув ўта тоза ва тиниқ бўлиши керак. Акс ҳолда, тизим тез ифлосланиб, яхши ишламаслиги, ҳатто тўхтаб қолиши мумкин. Токнинг сувга бўлган эҳтиёжи турли даврда турлича бўлади. Шунинг учун вегетациянинг биринчи даврида тупроқ намлигини дала сув сиғимидан 70-80%, иккинчи даврида эса 60-65% даражадасида сақлаб туриш керак.
Ўсиш давомида ҳосилдор токзорларни оғир тупроқларда 2-4 маротаба, сувни тутиб қолиш қобилияти паст тупроқларда (қумли, тошлоқ) 7-9 маротаба суғориш керак. Сизот сувлари юзада жойлашган тупроқларда суғоришларни тупроқ намлигига кўра ўтказиш керак. Суғоришни миқдори ва уни бошлаш тупроқ намлигига кўра белгиланади. Биринчи ўсиш даврида суғориш муддати тупроқ, об-ҳаво, шунингдек қишки сув беришга боғлиқ бўлиб, май–июнь ойида ўтказилиши мумкин.
Оғир соз тупроқларда ўсиш даврида битта суғориш гектарига 700-800 м³, енгил қумоқ, шунингдек тошлоқ тупроқларда 400-500 м³ ташкил этади. Куз-қиш даврида гектарига 1200-1500 м³ ҳисобидан захира сув берилади, бунда тупроқ 1,5-2 м чуқурликкача намланиши керак. Бундай миқдорда 2-3 маротаба суғоришдан кейин тупроқда кўп миқдорда сув захираси тўпланади. Бу суғоришлар ўсимликни ўсиш даврининг биринчи ярмида нам билан таъминлайди. Ўсиш даврида суғоришлар сонини биттага қисқартириш мумкин.
Баҳорги ёмғирлардан, шунингдек ҳар бир ўсиш даврида суғоришдан кейин тупроқнинг етилишига қараб намни сақлаб қолиш мақсадида ток қатор ораларини ўз вақтида ва юқори агротехника даражада юмшатиш зарур.
Ток новдаларининг ўз вақтида етилиши, ўсимликларнинг қишга тайёрланиши ва ҳосилнинг пишиши учун суғоришни шимолий туманларда сентябрь бошида, жанубий туманларда сентябрь ўрталарида тўхтатиш керак.
Ёғингарчилик 600 мм дан кам бўлмайдиган тоғ-тоғолди минтақасида токни суғормасдан ўстирилади. Лалми ва шартли суғориладиган токзорларда ёмғир сувларини тўплаш учун ёмғирдан кейин кузда ер чуқур ҳайдалади ва юмшатилади. Тупроқни ўз вақтида ва сифатли юмшатиш намнинг сақланиб қолишига, суғорилмайдиган токнинг яхши ўсиши ва ҳосил қилишига ёрдам беради.
Нишаб ерларда томчилатиб суғориш самаралидир, бу бошқа экинлар етиштириш учун яроқсиз ерларни қишлоқхўжалик ҳисобига киритиш имконини беради, тупроқ эрозиясини пасайтиради, шунингдек эгатлаб суғоришга нисбатан сувни 40-50% га тежайди.